Алоқа | Обуна

Биз – 10 ёшдамиз!

Астана шаҳар ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси ўзининг 10 йиллик байрамини кенг нишонлади. Пойтахтимиздаги “Алаша” ресторани ҳовлисида эрта тонгдан карнай-сурнай садолари билан бошланган файзли кун теварак-атрофдагиларни ҳам ўзига жалб этди.
Астана ўзбекларининг айни улкан байрамига пойтахтимиз аҳлидан ташқари, узоқ-яқинлардан меҳмонлар ташриф буюришиб, ажойиб тантана юқори даражада ўтганлигининг гувоҳи бўлишди.
Астана шаҳар ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси жамоасини муборакбод этиш учун Қозоғистон Халқ ассамблеяси (ҚХА) раисининг ўринбосари Дархан Мингбай, бутундунё қозоқлари ҳамжамиятининг раиси ўринбосари Зауитбек Турисбеков, Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ўктам Назаров, ҚХАнинг бошқарув аъзоси Рўзақул Холмуродов, ҚР ўзбеклари «Дўстлик» ҳамжамиятининг раиси Икромжон Ҳошимжонов ва ҚР Парламенти Мажлисининг депутатлари каби ҳурматли меҳмонлар ўзларининг эзгу ниятларини билдиришди.

Совуқ ўтиб, бутун вужуд қақшаб турса ҳам,
Бироқ юрак кўкрак ичра урмоқда бардам.
Ҳеч қандайин совуқ унга кор қилмас зинҳор,
Чунки унда жўшиб турган Ватан ишқи бор!

                                                          Ҳусайн АББОСЗОДА.

Шодиёнага Алмати шаҳри, Жамбил ва Жанубий Қозоғистон вилоятларидан меҳмонлар ташриф буюришди. Байрам тантаналари бошланишидан аввал ташкиллаштирилган давра суҳбати давомида эл оғалари, зиёлилар қавми Астана шаҳри ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг 10 йиллик сарҳисобини тинглаб, унинг фаолиятига ижобий баҳоларини беришди.
Қозоғистонда яшовчи барча миллатлар орасидаги дўстлик алоқаларининг бундан ҳам мустаҳкам бўлишини тилаб, томири бир туркий эллар ичида қозоқ ва ўзбек халқларининг дўстлиги асрлар бўйи мустаҳкамлигига алоҳида тўхталиб ўтган Ҳукумат вакиллари марказга ўзларининг эсдалик совғаларини кўтаринки равишда топширдилар.
Астана шаҳри ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси томонидан 10 йил мобайнида бажарилган ишлар бўйича қисқача видеолавҳа кўрсатуви билан бошланган тантанали тадбир концерт дастури билан давом этди. Концертда, нафақат Астана шаҳри ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг фаоллари, балки Астана шаҳрининг барча маданий марказлари жамоалари ўзларининг мусиқий табриклари билан саҳна тўрига чиқиб, кўнгилларни хушнуд қилдилар.
Сўнгра Астана шаҳри ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасига асос солинганлиги 10 йиллик санасининг рамзий тимсоли акс эттирилган байрам торти кесилиб, меҳмонларга тақдим этилди.
Ўз навбатида Астана шаҳри ўзбек этномаданият марказининг раиси Шерзод Пўлатов жамоат ишларида фаол иштирок этган, марказга меҳнати сингган жонкуярларни марказнинг 10 йиллик байрами медали ва ҳурмат қоғозлари билан тантанали равишда тақдирлади.
Биз ҳам жамиятда йил сайин кўзга кўриниб, меҳнатлари элда қадрланиб бораётган Астана шаҳри ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси жамоасини барча ватандошларимиз номидан ушбу тантанали воқеа муносабати билан чин дилдан муборакбод этамиз!

Ўн йиллик сарҳисоб — баланд довоним,
Миллатим, деб куйламоқда забоним.

Ўзимга бекдурман — дўппим бошимда,
Пойтахтим, қўйнингда беғам ҳар оним.

Ялла айтинг, атроф шодликка тўлсин,
Марказим, 10 ёшинг муборак бўлсин!

И. МУҲАММАДЖОНОВА.

Изоҳнинг ҳожати йўқ