
Қадим Сайрам даҳасида ташкил топган “Курсор” ўқув марказимизнинг иш бошлаганига, гарчи кўп вақт бўлмаса-да, эришган ютуқларимиз анчагина. Яқинда пойтахтимиз Астана шаҳрига бўлган саёҳатимиз ҳам бунга мисол бўла олади.
Гўзал, навқирон ва эртаклар оламини эслатувчи бетакрор пойтахтимизга саёҳат қилиш бизнинг энг катта орзуларимиздан бири эди. “Курсор” ўқув марказимиз бизга шундай имкониятларни яратиб берди-ки, бизнинг орзуларимиз рўёбга чиқди. Бир-биридан баланд, осмонўпар бинолар, ажойиб иншоотлар, хаёлан эртаклар оламига етаклаб кирувчи ёрқин кўчалар, томоша қилсангиз, ҳаётга бўлган муҳаббатингизни янада орттирувчи кўчалардаги чироқлар — ҳамма-ҳаммаси бизларни лол қолдирди.
Айниқса замонавий техника билан жиҳозланган музейлар, олий ўқув юртлари, халққа хизмат кўрсатиш масканлари бизларда катта таассуротлар қолдирди ва ўзимизда Қозоғистон фуқароси бўлганимиз учун фахр туйғуларини уйғотди. “ЕХРО-2017” халқаро кўргазмаси учун махсус қурилаётган иншоотларни кўрганимизда эса, гўзал пойтахтимизнинг таърифига сўз ожизлик қилишига амин бўлдик.
Саёҳатимиз жуда мароқли ва ажойиб бўлди. Саёҳатимизнинг биринчи кунида Қорабулоқ қишлоғидаги “NiK” ўқув марказининг тингловчилари билан биргаликда саёҳат қилдик ҳамда кўпгина янги дўстлар орттирдик.
Биз Астанадай бетакрор пойтахтимизга саёҳат қилиш давомида, нафақат янгиликлардан бохабар бўлдик, балки шаҳардаги энг таниқли олий ўқув юртларида таҳсил олаётган Қорабулоқ қишлоғи ва Сайрам даҳасининг ўғил-қизларидан билим борасидаги тажрибалар билан танишдик ва фойдали маслаҳатлар олдик, ҳаётимизни режалашни ўргандик.
Бу саёҳат ҳар биримизнинг ёдимизда ёрқин хотиралар билан муҳрланиб қолди. Бунинг учун “Курсор” ўқув марказининг директори Умид Ибрагимшиқовга, менежер Бекмурод Ирисметовга ва мудирамиз, инглиз тили фани устозимиз Динора Икромшиқовага ва Астана шаҳридаги ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг раиси Шерзод Аббос ўғли Пўлатов, талабалар Фаррух Қодиржон ўғли Тожибоев, Темур Собиржон ўғли Ашурметов ва Ирисбек Абдуллаевларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз!
Муниса ШАЙЛОВОВА,
жамоатчи мухбир.

