
Ўзбекистон Республикасининг божхона (таможня) чегарасини кесиб ўтувчи жисмоний шахслар учун
Қозоғистон Республикаси Молия вазирлигининг давлат даромадлари қўмитаси Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган жисмоний шахслар учун божхона (таможня) қонунчилиги талаблари асосидаги ахборот маълумотларини тайёрлади. Мазкур ҳужжатда 2017 йил 11 май куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган консуллик маслаҳатлашувларининг ўзаро келишув шартномалари ўз аксини топган. Ушбу хусусда “Zakon.kz” ахборот сайти хабар тарқатди.
Расмий манбалардан маълумки, Ўзбекистон Республикаси президентининг 1997 йил 10 октябрдаги 1871-сонли фармони билан мазкур мамлакатнинг ҳудудига олиб кирилиши (импорт қилиниши) тақиқланган нарсаларнинг рўйхати тасдиқлангандир.
Юқоридагиларга мувофиқ равишда, Ўзбекистон Республикасига четдан келувчи жисмоний шахслар мамлакатнинг божхона (таможня) чегарасини кесиб ўтиш вақтида барча халқаро аэропортларда намунаси мавжуд бўлган йўловчилик декларациясини тўлдирадилар.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига хориждан учиб келувчи меҳмонларга, Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига, шунингдек, чет эллик фуқароларга ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида доимий истиқомат қилиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролиги йўқ шахсларга мамлакат сарҳадлари орқали қуйидаги нарсаларни олиб киришга изн ва имкон берилади:
1. Йўловчиларнинг тегишли божхона (таможня) декларациясида ёзма равишда, албатта мажбурий тарзда қайд этилгани ҳолда чекланмаган миқдордаги нақд хорижий валюталарни.
2. Нотижорат мақсадларидаги товарларни, жумладан:
а) чегарадош давлатларнинг (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон, Туркманистон) ҳудудларидан божхона (таможня) тўловлари (бож ҳамда қўшимча қиймат солиғи – ҚҚС-НДС)сиз қиймати 10 АҚШ доллари миқдоридагигача бўлган ҳамда бошқа давлатларнинг ҳудудларидан олиб кириладиган 1000 (бир минг) АҚШ доллари миқдоридагигача бўлган товарларни;
б) акциз солиғи тўланмайдиган товарлар (чегарадош давлатларнинг (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон, Туркманистон) ҳудудларидан олиб кириладиган товарлар ушбу ҳисобга кирмайди) қуйидагича миқдорда белгиланди.
акциз солиғи тўланмасдан олиб кириладиган товарларнинг умумий меъёри, яъни нормаси (битта шахс учун):
1. Кофе – қовурилган ёки қовурилмаган, кофеинли ёхуд кофеинсиз — 2 килограмм;
2. Осетр икраси — 0,5 килограмм;
3. Икра ўрнини босувчи маҳсулотлар — 1 килограмм;
4. Қандолат (кондитер) маҳсулотлари — 5 килограмм;
5. Шоколадлар — плиткали ва брикетли — 5 килограмм;
6. Дон ҳамда бошқа бошоқли ўсимликларнинг маҳсулотлари, крахмал, ун ва ундан тайёрланган қандолат (кондитер) маҳсулотлари — 10 килограмм;
7. Сабзавотлар, мевалар, ҳар хил ёнғоқлар ёинки бошқа ўсимликларнинг қайта ишланган маҳсулотлари — 5 килограмм.
8. Аралаш озиқ-овқат маҳсулотлари — 2 килограмм;
9. Пиво — 2 литр;
10. Алкоголсиз ичимликлар ҳамда шарбатлар (цитрус меваларидан тайёрланганларидан ташқари) — 2 литр;
11. Алкоголь маҳсулотларининг барча турлари (пиводан ташқари) — 2 литр;
12. Тамаки маҳсулотларининг барча турлари — сигареталар, сигаралар ҳамда папирослар 10 қути миқдорида;
13. Атир-упа (парфюмерия) — ҳар қайсидан икки донадан;
14. Автокосметика — ҳар қайсидан икки донадан;
15. Ювиш ҳамда тозалаш воситалари — 5 килограмм;
16. Табиий ва сунъий чарм буюмлар (ўқувчиларнинг портфеллари ва сумкаларидан ташқари) — ҳар қайси туридан бир донадан, аммо учтадан кўп эмас;
17. Табиий чармдан тайёрланган кийимлар ҳамда кийимларга дахлдор нарсалар — ҳар қайси туридан бир донадан, аммо учтадан кўп эмас;
18. Табиий чармдан тайёрланган устки кийимлар ва бош кийимлар — ҳар қайси туридан бир донадан, аммо учтадан кўп эмас;
19. Гиламлар ҳамда гилам маҳсулотлари — 15 квадрат метр;
20. Трикотаж маҳсулотлари (машинада ва қўлда тўқилганлари) — ҳар қайси туридан бир донадан;
21. Ўрин-тўшак жилдлари (постельное белье) — 5 комплект;
22. Кулолчилик маҳсулотлари — 1 комплект, аммо 24 донадан кўп эмас;
23. Биллур (хрусталь) буюмлар — 1 комплект, аммо 12 донадан кўп эмас;
24. Қимматбаҳо металлардан ҳамда қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик (ювелир) буюмлари — 5 та (умумий оғирлиги 30 граммгача);
25. Сунъий тақинчоқлар (бижутерия) — 0,5 килограммгача;
26. Оддий металлардан тайёрланган, шунингдек, қимматбаҳо металлар билан қопланган ошхона асбоблари, пичоқлар, қошиқлар, санчқилар ва бошқа нарсалар — 1 комплект, аммо 24 донадан кўп эмас;
27. Видео ҳамда аудиоаппаратура — ҳар қайси туридан бир донадан, аммо учтадан кўп эмас;
28. Барча турдаги соатлар — 2 та;
29. Қандиллар ҳамда ёритиш жиҳозлари — 2 та.
Нархлари ҳамда сонлари божсиз олиб кириш миқдорлари ва меъёр (норма)ларидан ортиқча бўлган ва акциз солиғи солинмайдиган нотижорат мақсадларида қўлланиладиган товарлар йўловчиларнинг тегишли божхона (таможня) декларацияларида ёзма равишда, албатта мажбурий тарзда қайд этилади.
Нархлари ҳамда сонлари божсиз олиб кириш миқдорлари ва меъёр (норма)ларидан ортиқча бўлган ва акциз солиғи солинмайдиган нотижорат мақсадларида қўлланиладиган товарлар жисмоний шахсларнинг қўл юкларида ҳамда бошқа юкларида аралаш ҳолатда олиб ўтилаётган бўлса, уларнинг тегишли қисмидан божхона тўловлари ундириб олинади.
3. Ҳар хил хасталиклар учун қўлланиладиган 10 та, аммо уларнинг ҳар қайсидан 5 қутидан кўп эмас дори-дармон воситалари; тиббиётда ишлатиладиган асбоб-ускуналар 5 донадан ортиқ эмас. Дори-дармон воситалари ҳамда тиббиётдар ишлатиладиган асбоб-ускуналар уларни ишлаб чиқарган корхонанинг махсус қутиларида жойлаштирилган бўлиши талаб этилади.
Ўзбекистон Республикасининг ҳудудига олиб кириш тақиқланадиган нарсалар:
а) гиёҳвандлик (наркотик) воситалари, психотроп моддалар ҳамда прекурсор воситалар (рухсат этилиши қонунчиликда кўзда тутилган моддалар ва воситалардан ташқари);
б) давлат ҳамда жамият қурилиши асосларини қўпоришга йўналтирилган, ҳудудий бир бутунлик ва яхлитлик, сиёсий мустақиллик ҳамда давлат мустақиллигига дахл қиладиган, уруш тарғиботини кўзлайдиган, террорчиликни, зўравонликни, миллатчиликни, диний айирмачиликни, ирқчиликни ва унинг кўринишларини (антисемитизм, фашизм), шунингдек, порнографик мазмундаги материалларни ташвиқ этадиган босма нашр маҳсулотларини; картиналарни, фотосуратларни, фотоплёнкаларни, негативларни, кино-, видео- ва аудио маҳсулотларни, грамёзув ҳамда товушли ёзув воситаларини;
в) портатив лазер нур тарқатгичларини;
г) портловчи моддалар ва портлатиш воситаларини;
д) учувчисиз учиш аппаратларини.
Ўзбекистон Республикасининг ҳудудига қурол-яроғлар; ҳайвонот ҳамда наботот (ўсимлик) оламларининг намуналарини; радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни; маданий қийматликларни (картиналар, ҳайкалтарошлик асарлари, анъанавий халқ амалий-бадиий санъати ҳамда бошқа қимматбаҳо нарсаларни) олиб кириш тегишли ваколатли органларнинг рухсатлари билан ҳамда йўловчиларнинг тегишли божхона (таможня) декларацияларида ёзма равишда, албатта мажбурий тарзда қайд этилган тақдирда изн берилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудларидан ташқарига қуйидагича миқдорда нақд чет эл валютасини олиб чиқишга рухсат берилади:
а). Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек, хорижлик фуқароларга ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида доимий истиқомат қилиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролиги йўқ шахсларга мамлакат сарҳадлари орқали:
– Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ёки ваколатли бошқа банкларнинг расмий рухсати билан 2000 (икки минг) АҚШ долларига тенг қийматдаги нақд пул.
– 5000 (беш минг) АҚШ долларига тенг қийматдагидан ортиқ нақд пул Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг махсус рухсати билан олиб чиқилади;
б) чет давлатларнинг фуқароларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ҳудудларида доимий яшаш жойи бўлмаган Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига мамлакатнинг ҳудудига кирилаётганда тўлдирилган йўловчиларнинг тегишли божхона (таможня) декларацияларида ёзма равишда кўрсатилган миқдордаги нақд валютани олиб чиқишларига изн берилади. Мабодо, бундан ортиқ нақд пул олиб чиқиладиган бўлса, бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ёки ваколатли бошқа банкларнинг расмий рухсати керак бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг ҳудудига олиб кириш тақиқланадиган нарсалар:
а) гиёҳвандлик (наркотик) воситалари, психотроп моддалар ҳамда прекурсор воситалар (рухсат этилиши қонунчиликда кўзда тутилган моддалар ва воситалардан ташқари);
б) ғаллачилик маҳсулотлари (буғдой, сули, арпа, маккажўхори, гречиха); ун ва нон маҳсулотлари (ундан тайёрланган қандолатчилик маҳсулотлари, уй пишириқларидан ташқари); ун, ёрма; уй ҳайвонлари, паррандалар, гўшт ҳамда гўшт ва озиқ-овқат маҳсулотлари; қанд-шакар; ўсимлик ёғлари; тери хомашёси (шунингдек, ностандарт терилар); пўстин-мўйна хомашёси, шу жумладан, қоракўл тери хомашёси (шунингдек, ностандарт терилар); металл парчалари, рангли металларнинг чиқитлари; пилла-ипак маҳсулотлари, ипакчилик қолдиқлари, шунингдек, полиэтилентерефталат (ПЭТ) парчалари ва қолдиқлари; биологик объектлар ҳамда мамлакат ҳудудидан ташқарига олиб чиқиб кетилиши қонунчилик билан тақиқланган бошқа нарсалар, буюмлар ва воситалар.
Ўзбекистон Республикасининг ҳудудидан қурол-яроғларни, ўқ-дори воситаларини; ҳайвонот ҳамда наботот (ўсимлик) оламларининг намуналарини; радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни; маданий қийматликларни (картиналар, ҳайкалтарошлик асарлари, анъанавий халқ амалий-бадиий санъати ҳамда бошқа қимматбаҳо нарсаларни) олиб чиқиш тегишли ваколатли органларнинг рухсатлари билан ҳамда йўловчиларнинг тегишли божхона (таможня) декларацияларида ёзма равишда, албатта мажбурий тарзда қайд этилган тақдирда изн берилади.
Ҳар хил хасталиклар учун қўлланиладиган 10 та, аммо уларнинг ҳар қайсидан 5 қутидан кўп эмас миқдордаги дори-дармон воситаларини; 5 донадан ортиқ эмас миқдордаги тиббиётда ишлатиладиган асбоб-ускуналарни олиб чиқишга рухсат этилади.

