Алоқа | Обуна

АНВАР САЙРАМИЙ – ЯГОНА!

Ёхуд Осиё-ю Оврупони мотоциклда кезган қозоғистонлик машҳур ўзбек сайёҳи

Сайрамнинг шуҳратли-ю шавкатли инсонлари бисёр. Айни қадим ҳамда азим заминдан етишиб чиққан кўплаб алломалар-у уламолар, шоирлар-у ёзувчилар, санъаткорлар-у бунёдкорлар, раҳбарлар-у арбоблар, ўзига хос истеъдод — салоҳият соҳиблари мазкур муқаддас юртнинг донғи-ю довруғини етти иқлимга ёйганлар ва эндиликдаям бутун рубъи маскунга таратиб келаётирлар.
Мундоқ ўйлаб қаралса, ўнлаб атоқли элдошлари қаторида ўзига “САЙРАМИЙ” тахаллусини олган сайёҳ, шоир, журналист ҳамда устоз Анвар ПАРДАБЕКОВ жаҳонгашталикка иштиёқмандлиги — ишқибозлиги билан уларнинг орасида ягона экан.
Мен мазкур ўринда сайрамлик бошқа улуғларнинг-у буюкларнинг шон-шуҳратларига, нуфуз-мартабаларига, асло кўланка ташламоқчи эмасман. У кишини танҳо деяётганимнинг сабаби ушмундоқ-ки: биз билган ўтмишдаям, яқин кечган замонлардаям, ҳозирам бу ердан Анвар акадан бошқа таниқли ҳамда атоқли сайёҳ чиқмаганлигидир…
* * *
— I —

Дарвоқе, бутун олам қамровида фикрлаб, йироқ кечмишни титкиласак ҳам-ки, сайёҳлар, яъни, муҳтарам Алишер Навоий бобомиз ҳазратлари тавсифлаганларидек, жаҳонпаймолар — сафаршайдолар – ниҳоятда камёб ҳамда ноёб зотлар сафида аталган эканлар. Дастлабки, жаҳонгашта, дея эътироф этиладиган қадимги юнон муаррихи ва саёҳатчиси – Геродотдан тортиб, Ибн Баттута, Марко Поло, Христофор Колумб, Америго Веспуччи, Васко да Гама, Арминий Вамбери, Миклухо-Маклай, Жеймс Кук, Николай Пржевальский, Афанасий Никитин, Чўқон Валихонов, Тур Хейердал, Жак ив Кусто… Хуллас, ҳозирги замонавий сайёҳларгача – барчаси бир бошидан санаб чиқилса-да, уларнинг бутун жаҳон қамровидаги жами сониям икки хонали рақамлардан ошмаскан.
Хўш, нечун шундай? Негаки, сайёҳлик оғир қийинчиликлар, мураккаб шароитлар, мислсиз машаққатлар, фавқулодда хавф-хатарлар, тасодифий вазиятлар билан кечадиган таҳликали-хатарли сафарлардир. Шунинг учун ҳам-ки, бундайин жаҳонкушойликка довюрак, таваккалчи, ҳар қандай ишкалликдан чиқиб кета биладиган, ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, саргузаштталаб, жасур ҳамда бақувват кишиларгина журъат этганлар. Маълумки, ушмундоқ жасоратлар-шижоатларнинг маълум бир шахсдаги мутаносиблиги-ю уйғунлиги эса, азал-азалдан, ниҳоятда озчилик одамлардагина мужассамлашган, холос.

* * *
Халқимизнинг “Юрган — дарё, ўтирган — бўрё” (бизда доимо “бўйра” деб ёзилади, аслида, тўғриси — “бўрё”), “Юрган — ўзар, ётган — тўзар”, “Юрган — юрт кезар, ўтирган — ер чизар” мазмунидаги кўҳна ҳамда ҳикматли нақллари мавжуддир. Ҳар гал Анвар Сайрамий билан учрашганимда, ўзбегимизнинг мана шу ибратли мақоллари ёдимга тушаверади…
…Анвар ака ёшлигидан сайёҳликка иштиёқмандлик ва ихлосмандликда ўсган. Албатта турмуш ташвишлари-ю тирикчилик тараддудлари у кишининг бу борадаги мафтункор орзулари амалга ошишига узоқ йиллар мобайнида монелик кўрсатиб, имкон бермасдан келган. Анвар Пардабеков илк йирик саёҳатини бундан чорак асрдан кўпроқ муқаддам, дастлаб, Ўзбекистондан бошлади. Мазкур азиз ҳамда азим юртнинг тарихий манзилларига уч марта кетма-кет азми сафар айлади.
Хива шаҳрининг 2500 йиллик юбилейи тантаналарига ташрифи чоғида эса, ўзининг “Урал” аравачали мотоциклида бир кеча-кундузда 1200 километр масофани босиб ўтиб, айни борада ўзига хос муҳим рекорд ўрнатди. Ўшанда ушбу қўшни мамлакат оммавий ахборот воситаларининг намояндалари қозоғистонлик ўзбек саёҳатчисининг таассуротларини кенг ёритган эдилар.
Борган сари, Анвар акани йироқ гўшалар, узоқ манзиллар, кўз илғамас кенгликлар йўлга чорларди, зеро, жаҳонгашталик қисмати ушбу инсоннинг ёзмишига битилган экан.
Анвар Пардабеков, асли олий маълумотли рус тили ва адабиёти ўқитувчиси сифатида анча йиллар ёш авлодга намунали таълим-тарбия беришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келди. Тажрибали устоз бўлиши билан биргаликда, болалик чоғлариданоқ ижодиётга қизиққани учун шеърлар, мақолалар ёзиб, матбуотда эълон эттирди. Ҳамқаламлари ва ўзининг ташаббуси ҳамда саъй-ҳаракатлари билан бир гуруҳ қалам соҳибларининг бошларини бириктириб, ҳамфикрлари ҳамкорлигида “Сайрам” ижодий уюшмасига асос солишди, ўзи эса, қатор йиллар унга муваффақиятли равишда раҳбарлик қилди.
* * *
У киши Ҳамза номидаги мактабнинг илмий мудири лавозимида ишлаётган пайтида – 1992 йилнинг ёз фаслида Россия Федерациясининг пойтахтлари бўлмиш Москва ҳамда Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳарлари сари отланди. Ушбу гал ҳам, ҳар доимгидек, “Урал” аравачали мотоцикли билан йўлга тушди. Ўрни келганда таъкидламоқ даркор-ки, Анвар аканинг барча беш саёҳатидаям мана шу садоқатли “темир тулпори” бу инсонга доимий йўлдош-қўлдош ҳамда сирдош бўлди.
Ўшанда Анвар Пардабеков Москва шаҳрида бўлганида, албатта, Кремлга — Қизил майдонга мотоцикли билан кириб, Ленин мақбараси яқинида ўзининг “Урал”и билан суратга тушишга астойдил аҳд айлаган эди. Бироқ кўзлаган ушбу муддаосининг нақадар мураккаб эканлигини хаёлигаям келтирмаган экан: уни мотоулови билан ўзи мўлжаллаган манзилнинг яқинигаям йўлатишмади. Шунда, яхши кишиларнинг маслаҳати билан, Анвар Пардабеков журналист сифатида, нуфузи жиҳатидан собиқ Советлар Иттифоқининг иккинчи рақамли газетаси ҳисобланган – “Известия” газетасининг таҳририятига кўмак сўраб, мурожаат этди.
Ҳамкасблари жаҳонгашта журналистга катта ҳиммат ҳамда хизмат кўрсатишиб, ҳеч қандай транспорт воситаси киритилмайдиган жойга, яъни Қизил майдонга ўз мотоциклида кириб, суратга тушиши учун рухсат олиб беришди. Кейинчалик, Ленинград шаҳридаги Қишги сарой майдонидаям, юқоридаги сингари анча-мунча муаммолар кўндаланг турса-да, у киши “Урал”и билан айни тарихий манзилда фототасвирда муҳрланишга муваффақ бўлди.
Ўшанда СССР парчаланиб, янгидан мустақилликка эришган собиқ иттифоқдош республикалар нима қилишини билмай, улкан парокандалик юз бериб, бизнингча айтганда: уларнинг “калласи айланиб” ётган замонларда Анвар Пардабековнинг ёлғиз ўзи мотоциклда 24 кун мобайнида шундай олис ўлкаларга таҳликали сафарга чиқиб келиши катта жасорат эди, албатта! Лекин, булар – ҳали бўлғуси улкан саёҳатнинг илк машқлари, дастлабки дебочаси эди…
— II —

1994 йилнинг 30 августида Анвар ака ўзининг ҳаётидаги асосий ҳамда муҳим сафарга бел боғлади. Ўша кундан эътиборан, Осиё-ю Оврупо ҳудудидаги йигирмага яқин мустақил давлатлар, улардаги ўнлаб катта-кичик шаҳарлар, юзлаб қишлоқлар ҳудудидан ўтувчи хавф-хатарларга, машаққатларга-ю қийинчиликларга, саргузаштларга-ю тасодифларга бой жаҳонгашталик даври бошланди. Йўлга чиқаётган пайтида унинг ёнида озгина маблағ ҳамда “Урал” мотоциклининг бакида, атиги, уч литр бензин бор эди, холос.
Анвар Пардабеков ўзининг ушбу қамровдор ҳамда улкан сафарига “Халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш!” шиори остида отланганди. Балки мана шундай эзгу ниятлар билан саёҳатга чиққани учун ҳам унинг сафарлари, асосан, муваффақият қозонгандир…
Тошкент, Бухоро, Хива, Самарқанд, Фрунзе (ҳозирги Бишкек), Ўш, Душанбе, Ашхобод, Боку, Тбилиси, Кишинёв, Киев, Минск, Вильнюс, Рига, Таллин, Волгоград, Ленинград, Москва, Уфа, Свердловск (ҳозирги Екатеринбург), Новосибирск, Красноярск, Иркутск, Чита, Хабаровск, Владивосток… Шунингдек, Тинч океани соҳиллари ҳамда Хитой чегарасидаги Сайрамнур кўли қирғоқлари, Хитойнинг қатор аҳоли манзиллари… Мана, Анвар Пардабеков ташриф буюрган, фақатгина, йирик шаҳарларнинг, улкан ошёнларнинг-у маконларнинг ҳамда гўшаларнинг тўла бўлмаган рўйхати.
Кейинчалик – махсус мутахассисларнинг аниқ ҳисоблаб чиқишларига мувофиқ, 33 минг километрликдан ортиқроқ масофани ташкил этган мазкур мотосаёҳат бир йилдан кўпроқ, янаям аниқроғи – 376 кунга чўзилди, яъни Анвар ака 1994 йил 30 августда Сайрамдан жўнаб кетган бўлса, 1995 йилнинг 11 сентябрь куни уйига қайтиб кириб келди..
“Википедия” энциклопедиясида келтирилиши-ча, Ер сайёрасининг ўртача диаметри 12742 километрни ташкил этаркан, экваторнинг узунлиги эса, деярли, 40076 километрга тўғри келар экан. Ана шу рақамларга қиёслайдиган эсак, Анвар Пардабековнинг ушбу саёҳати, айни мезонлар миқёсига мувофиқ равишда ўлчанса, Ер сайёраси диаметрининг, қарийб, уч ҳиссасига, ёхуд, экватор узунлигининг, тақрибан, саксон фоиздан ошиқроқ қисмига тўғри келади.
Ана, энди, йилнинг тўрт фасли мобайнидаям узлуксиз сафарда бўлиб, ҳар қандай иқлим шароитларида – оби-ҳавонинг инжиқликларида, чўл тўфонларида, қор бўронларида – йўлларда, нуқул, усти ва атрофлари очиқ “Урал” мотоциклида юришнинг, кунларни кечиришнинг, тунларни ўтказишнинг машаққатлари-ю азиятларини ўзингиз тасаввур этиб кўраверинг!
Анвар ака ўша даврларнинг таассуротлари ҳақида гапирар экан, уларни бошдан кечириш нариги ёқда турсин, ҳатто-ки, шунчаки, эшитганда ҳам унча-мунча одамнинг бадани жимирлашиб, вужуди сесканиб кетади. Кимсасиз Қорақум саҳросидаги машаққатлар, қашқирлар ҳужумидан жон сақлаш, қаҳратон рус қишининг аёвсиз изғиринлари билан юзма-юз ва ёлғиз қолиш, Кавказ тоғларидаги хатарли-таҳликали юришлар, ўша даврда алғов-далғовли бўлиб турган Осетия чегарасидаги ҳаётига солинган хатарлар, ўлим хавфи, Чин (Хитой) тарафлардаги саргузаштлар… Буларнинг ҳар қайсиси алоҳида мемуарлар битишга муносиб мавзулардир!
Лекин сайрамлик сайёҳимиз қайси шаҳар ёинки қишлоққа бормасин, ўзини аксарият манзилларда очиқкўнгиллик билан кутиб олганликларини, яқиндан ёрдам кўрсатганликларини, зарур пайтда озиқ-овқат, бошпана, ёнилғи билан таъминлаганликларини, ўзи билан учрашувлар ўтказганликларини, албатта мана шу юришлари ҳақида жойлардаги матбуот, телевидение, радио тегишли хабарлар бериб борганлигини алоҳида миннатдорчилик билан эслайди, мана шундай қўллаб-қувватлашлар, хайрихоҳликлар доимо ўзига далда бўлганлигини, маълум маънода, сафар мушкулотларини енгиллатганлигини эътироф айлайди.
— III —

Тақдир тақозосига кўра, унга 1995 йилнинг киришини Озарбайжон Республикаси пойтахти – Боку шаҳрида кутиб олишига тўғри келди. Ўшанда ўзига нисбатан мамлакат раҳбарияти доирасида-даражасида эъзоз-эҳтиром кўрсатилганлигини, бундан ташқари, шу пайтлари Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасининг раиси бўлган жаҳоний қамровдаги машҳур қаламкаш ва арбоб Анорнинг қўноғи бўлганлигини, умуман, қардош озарбайжон халқининг жуда меҳмондўст эканлигини алоҳида фахр ила таъкидлайди у киши.
Анвар ака мазкур саёҳати мобайнида ўзининг “темир тулпори” ишлаб чиқариладиган корхонага ҳам боришни кўнглига тугиб қўйганди. Айни истаги амалга ошиб, Россиянинг Свердловск вилоятидаги Ирбит шаҳрида бўлганида, “Уралмото” очиқ турдаги ҳиссадорлик жамияти раҳбарлари ҳамда намояндалари айни кутилмаган меҳмонни хурсанд ҳолда ҳамда тантанали равишда кутиб олдилар.
Ахир, ўзларининг заводларида тайёрланган “Урал” русумли мотоцикль билан турли минтақалардаги-ю турфа ҳудудлардаги ҳар хил шароитларда ўн минглаб чақирим текис-нотекис, паст-баланд, ўйдим-чуқур йўлларнинг танобини тортиб, унинг нақадар мустаҳкам, ҳарқандай вазиятларда ишончли ҳамда чидамли транспорт воситаси эканлигини исботлаб бераётган бундай “жамоатчи-синовчи”нинг ҳузурига ким ҳам қувонч-ла пешвоз чиқмайди, дейсиз… Ўзларининг маҳсулотлари учун бундан ортиқ реклама, тарғибот-у ташвиқот бўлиши мумкинми?!
Ирбитликлар ўшанда Анвар Пардабековнинг шарафига “Уралмото” корхонасининг очиқ эшиклар кунини уюштирдилар, у кишига ўзларининг қимматбаҳо совға-саломларини топширдилар, жамоа аъзоларининг катта миннатдорчиликларини билдирдилар. Саёҳатчи “темир тулпор” ҳам кўздан бир қур кечирилиб, ушбу мотоуловга атрофлича техник хизмат кўрсатилди…
* * *
…Мазкур сафарлар-саёҳатларнинг дастлабкиларига 30 йил бўлаётган, кейингиларига эса, деярли 25 йил кечаётган эса-да, Анвар ака барча воқеаларни, худди кечагидек эслайди ҳамда ҳар қайсисининг таъриф-тавсифларини аниқ тафсилотларига қадар бирма-бир сўзлаб беради.
(Охири келгуси сонда).

Изоҳнинг ҳожати йўқ