Алоқа | Обуна

Форишнинг мўъжизали маскани

Форишнинг мўъжизали маскани

“Жануб жарчилари” газетаси хат қутисига турли манзиллардан мактублар келади. Айниқса, ўзбекистонлик ижодкорларнинг нашримизга қизиқиши тобора ортиб бораётганлиги қувонтирмоқда. Бунинг далили –  журналист Меҳмонқул Исломқулов таҳририятга яқиндагина тақдим этган лавҳа. Унинг муаллифи – жиззахлик қаламкаш, туман газетаси бош муҳаррри Рашид Каримовдир. Қуйида лавҳани мамнуният билан эътиборингизга ҳавола этамиз.

Фориш тумани Жиззах вилоятининг энг сўлим масканларидан бири. Туман ҳудудининг кўп қисмини Нурота тизма тоғлари эгаллаган. Фориш тумани соф ҳавоси, зилол сувли булоқлари, жаҳонда тенги йўқ табиий тоза узумлари, қора майизи, тилими тилни ёрадиган, ширин табиий тоза лалми қовун- тарвузлари, олтиндек товланувчи қоракўл терилари билан ном  қозонган.
Туман ҳудудининг кўп қисмини эгаллаган Нурота тизма тоғларининг табиати, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ўзига хослиги билан ажралиб туради. Фориш ўзининг яна ноёб ҳайвонот олами билан машҳур. Фан оламида «қизилқум қўйи» деб аталадиган алқарлар фақат ушбу манзилдагина учрайди. Тумандаги «Нурота» давлат қўриқхонаси шу каби ноёб  ҳайвонлар, парранда-ю даррандалар, ўсимлик ду-нёсининг кам учрайдиган турларини сақлаб қолиш, уларни келажак авлодларга безавол етказишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Қўриқхонанинг умумий майдони қарийб 18 минг гектарга тенг бўлиб, табиати ниҳоятда ранг-баранг. Ўсим-ликларнинг 78 оилага мансуб, 800 дан ортиқ тури ўсса, шундан 24 таси фақат Нурота тизма тоғларида учрайди. Анзур пиёзи ва ши-рачининг 3, лола ва астарагалнинг 5 тури шулар жумласидандир. Қўриқхонанинг ҳайвонот олами ҳам хилма-хил. Бу ерда уя соладиган қушларнинг 10 тури, учиб ўтувчи қушларнинг 8, сут эмизувчиларнинг эса 4 тури Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоби»га киритилган. Улар ичида, айниқса, алқарлар ўта ноёб ҳисобланади.
Охирги маълумотларга қараганда, қўриқхона ҳудудида бу жониворларнинг 1600 боши ҳисобга олинган. Бу ерда уларни кўпайтириш учун махсус парваришхона ташкил этилган. Дастлаб унинг майдони 4 гектар бўлган бўлса, бугунги кунда 14 гектарни ташкил этмоқда. Атрофи сим тўр билан ўраб олинган ушбу ҳудудда 11 бош алқар назорат остида боқиляпти. Ўртача тирик вазни 70 килограммгача етадиган бу ноёб қўйларни кўриш, ҳаёт тарзи билан яқиндан танишиш учун қўриқхонанинг «Ҳаёт» участкасига қарийб ҳар куни Германия, Англия, Америка Қўшма Штатлари, Покистон, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Франция ва бошқа хорижий давлатлардан экотуризм ихлосмандлари ташриф буюришади.
Дарвоқе, «Нурота» давлат қўриқхонаси ҳудуди она-табиатимизнинг энг жозибали гўшаларидан бири сифатида экотуризмни ривожлантириш учун жуда қулайдир. Сайёҳлик мазкур турининг мақсади табиатга зарар келтирмаган ҳолда, унинг гўзаллигидан баҳраманд бўлиш эканлигини ҳисобга олсак, бу ерда бунинг учун барча имкониятлар мавжуд. Қўриқхона ҳудудида жойлашган Асраф, Ўхум, Ҳаёт, Синтоб, Мажрум каби қишлоқларда бир қатор тадбиркорлар аллақачон экотуризм ишқибозлари учун «Меҳмонхона уй»лар фаолиятини йўлга қўйишган. Шунинг учун ҳам,  сўнгги йилларда, ана шу қишлоқлардан сай-ёҳларнинг қадами узилмай қолди.
Бир томонда Бешпанжа (қушнинг бир қаноти), бир то-монда Қоровул, бир томонда Душоҳ каби тоғ қоялари қомат кериб турибди. Бу азим қоялар не-не воқеаларга, сир-си-ноатларга гувоҳ бўлмаган, дейсиз. Па-рандоз чўққиси— қушлар маскани.
«Нурота» қўриқхонасидаги Мажрум қишлоғидаги 2 минг йиллик ноёб арча, танасининг айланаси 8 метр, илдиз кавакларида бемалол 4-5 одам дам олиб ўтирадиган улкан сарв дарахти ҳар қандай одамни лол қолдиради. Сентобсой, Пеккасой ва Ўхумдаги қояларга қадим аждодларимиз томонидан ўйиб ишланган петроглифлар, «Ҳаёт боши» чўққисидаги «Фозилмон кўли» сойларидан шарқираб оқаётган зилол сув, тоза ҳавоси-ю сайроқи қушларнинг наволари – буларнинг барчаси «Нурота» давлат қўриқхонасига ташриф буюрган ҳар қандай сайёҳни лол қолдириши турган гап.
Бир сўз билан айтганда, бу ерга бир бора келган киши унга мафтун бўлиб қолади. Она табиатнинг ажиб латофатидан баҳра олиш ниятида қайта-қайта ташриф буюраверади.

Рашид КАРИМОВ,
Жиззах вилояти Фориш тумани «Фориш тонги» газетаси
бош муҳаррири.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ