маънавиятга муштоқ инсонлар оз эмас!

Журналистнинг касби – қизиқ! Бугун қаердасан-у эртага ким билан суҳбатлашишингни билмайсан! Унинг иши кунига бирдек учрашув, бир хил меъёрдаги фаолият эмас! Ҳар куни янги инсонлар, янги тақдирлар, янги воқеалар…
Туркистон шаҳрига уюштирилган навбатдаги хизмат сафарим чоғида унинг марказий бозорига боришимга тўғри келди. Бозорнинг раҳбари Инара Намазбаева билан танишувимиздан сўнг, у киши: “Савдо расталарида меҳнат қилаётган сотувчиларнинг аксари ўзбек тилида газета ўқий олишади, уларга ҳам нашрларингизни таништиринг” – дея таклиф қилди.
Суҳбатдошимнинг гапини ерда қолдирмай, ишни бошладим. Мана, энди тарғибот вақтидаги учрашувларимиз ва сотувчиларнинг фикрларини сиз – азиз муштарийларимиз билан баҳам кўряпмиз.

Ойхон ҚОСИМОВА, сотувчи:
– Китоблар, газеталар ва журналларни ўқимаган инсон ўзини ҳартарафлама ривожланган, замонавий шахс, дея айтолмайди. Заргар ҳам олтин узукни қолипга қуйиб, ясаб олганидан кейингина унга махсус ишлов беради. Шундагина у ҳақиқий санъат асарига айланади.
Илло, инсон ҳам-ки, дунёга келиб, нафақат моддий, балки маънавий озуқаям олиши лозим. Яъни ўзига ишлов бериши керак. Хўш, бу ишлов қандай бўлади? Маънавий дунёмизни қандай бойитамиз? Албатта китоблар, газеталар ва журналларни ўқиб, театрларда спектакллар томоша қилиб!
Менда шундай таклиф бор: агар ҳар қайси инсон яқинларининг таваллуд кунларига китоб ёки бирор газета ё журналга обуна қилинганлик варақасини тақдим қилса, у ҳар қандай қимматбаҳо совғадан минг бора ортиқроқ тортиқ бўларди! Шахсан мен фарзандларимнинг ҳар бир туғилган кунига китоб ҳадя этаман!
Маънавиятимиз оқсамасин, дунёқарашимиз кенг бўлсин, азизлар!

Меруерт АБДУКАРИМОВА, сотувчи:
– “Жануб жарчилари” газетасини ўқиб, қувондим. Оилавий қадриятлар, ўзбекона тарбия, намунали билим олиш, келажакда яхши касб эгаси бўлиш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш каби рукнлар менда катта таассурот қолдирди. Айни нашрнинг ҳар бир саҳифаси – маънога ва маънавиятга бой, десам муболаға эмас.
Яхшиям-ки, мана шундай газеталар Қозоғистонимизда чоп этиляпти! Айниқса “Жануб жарчилари”даги аксар мақолалар ёшларимиз учун жуда керакли ва фойдаси мўл. Ахир, улар – бизнинг келажагимиз! Демак, эртанги кунимиз фаровон бўлиши учун, билимли, тарбияли инсонларни бугун етиштира боришимиз зарур!
Нафиса АРИНОВА, сотувчи:
– Аёллар ҳақида жуда яхши мақолалар ёзилаяпти. Жамиятда аёллар зиммасига катта масъулият юклатилган. Оиладаги рўзғор ишлари, фарзандлар тарбияси, касбий фаолият – буларнинг барчасини аёлларимиз бажариб келишяпти.
Эндиги орзуим: биз томонларда кўпроқ ишлаб чиқариш корхоналари очилса, ёшларимиз ана ўша жойларда меҳнат қилишса. Олий ўқув юртларини тамомлаган билан, тегишли корхоналар йўқлиги боис, кўпчилик бозорда…
Яна айтадиганим: газетада одоб ва ахлоқ масалаларига катта эътибор қаратилган. Бугунги кунда ёшларимиз қийинчиликларга унча дош беришолмайди, негаки, сабрли-тоқатли эмаслар. Ҳаётда ёруғ кунлар билан биргаликда, нохуш кунлар ҳам бўлиши ва улар, албатта ўткинчи эканлиги ҳақида ёшларимизга уқтиришимиз керак.
Таҳририят ходимларига омад тилаймиз!


