Мусофир бўлмай…

Закиржан МуминжановҲозир икки олийгоҳнинг дипломини олиш русумга кириб, одатий ҳолга айланган. Бунга ҳеч бир ажабланмаса ҳам бўлади. Гуманитар йўналишдаги олий маълумот соҳиблари қўшимча равишда иқтисод соҳасидан диплом олишса, иқтисодчилар ҳам ўз навбатида гуманитар йўналишдаги ихтисосликнинг эгалари бўлиб чиқишмоқда.

Буям давр талаби – тўғри тушуниш керак. Бир жойда муқим иш топиш амримаҳол бўлган алғов-далғов замонда униси бўйича юмуш топилмаса, буниси бўйича ишга кириш имконияти бор. Мана шу ўринда, касбга садоқат, деган тушунчанинг бозор иқтисоди шароитида ўз аҳамиятини йўқотганига, фақатгина ачиниш мумкин, холос…

Ушбу масалага жиддий эътибор берилса, унинг бошқа томони ҳам кўринади. Сир эмас-ки, “Талабалик – олтин давр” йилларимизни тез-тез хотирлаймиз. Камина ҳам бундан мустасно эмасман. Бинобарин, бунга сўнгги пайтларда қайси олийгоҳни битирганим ҳақида сўрайдиганларнинг кўпайганликлари ҳам сабаб бўлаётгандир, балки?

Айни савол билан мурожаат қилганларга: “Икки олийгоҳни битирганман. Қайси бирини айтай?” – дея жавоб берардим. Аввалига ҳазил тариқасида бошланган ушбу гапларимнинг нечоғлик тўғрилигига эса, кейинчалик амин бўлдим.

Дастлаб тамомлаган олийгоҳим – Тошкент шаҳридаги театр ва рассомлик санъати институти. Иккинчиси – худди шу шаҳардаги… мусофирлик институти. Халқимизда: “Мусофир бўлмай, мусулмон бўлмассан” – деган гап бор. Ҳа, Тошкент шаҳрида олий таълим олибгина қўймай, шахс сифатида шаклландик, шунингдек, инсоний фазилатларни, қолаверса, жамоада яшаш ва ишлаш, пешона тери билан топилган пулнинг қадрига етиш каби ҳеч қаерда ўқитилмайдиган илмларни ўзлаштирдик.

Хўш, шундай “ихтисослик” бўйича ҳозирги пайтда ҳам диплом олаётганлар борми? Назаримда, мазкур саволга аниқ мисоллар билан ижобий жавоб бериш мушкул. Чунки мусофирлик бобида ўрганадиганларимиз ҳали кўп.

Сиз бунга нима дейсиз?

 

Зокиржон

МЎМИНЖОНОВ,

“Жануб жарчилари” газетаси бош муҳаррири.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ