Ўқувчиларда қизиқиш сусаймасин…

IMG-20160819-WA0000Қорабулоқ қишлоғидаги “NiK” ўқув марказининг фаолияти, ушбу масканнинг устозлари ва ўқувчилари тўғрисида илгари ҳам ёзилган. Бугун эса, мазкур даргоҳнинг олий тоифали математика фани ўқитувчиси Комилжон НИШОНТОЕВни суҳбатга чорлаб, ҳозирги ёшларнинг аниқ фанларга бўлган муносабати, бу борадаги муаммолар ҳақида бир неча саволларга жавоб беришини сўрадик.

– Комилжон ака, нима учун, айнан математика соҳасини танлагансиз? Бугунги ўқитувчи қандай бўлиши керак?

– Шу фанга қизиқишим кучли бўлган. Бу ўринда ушбу фанга ҳавас уйғотган мактабдаги устозларим Худойберган Ҳайитметов, Турсунмат Йўлдошевнинг номларини ҳурмат билан тилга оламан.

Аввал қишлоқдаги Пушкин номли мактабда, сўнгра касб-ҳунар билим юртида ўқидим, сўнгра эса, Тошкент шаҳридаги Низомий номидаги институтнинг физика-математика факультетини 1980 йилда тугаллаганман.

Қишлоқдаги Ҳамза номли мактабда, қарийб 17 йил директорнинг ўқув-тарбиявий ишлари бўйича ўринбосари лавозимида меҳнат қилдим. 2010 йилдан “NiK” ўқув марказида фаолият кўрсатиб келмоқдаман.

– Ҳозир айрим ота-оналарнинг эътироф этишларига кўра, математика фанига қизиқиш сусайгандек. Бунинг қандай сабаблари бор? Ўзингизнинг шу соҳани танлаган шогирдларингиз борми?

– Ўқувчиларда математикага қизиқиш яхши. Фақат уларнинг бундай қизиқишини эътиборга оладиган, етарли савияда билим берадиган устозлар етишмайди, назаримда. Аччиқ бўлса ҳам бир гапни айтай, айрим таълим масканларидаги устозлар ўз фанларини мукаммал билишмайди; улар ё сиртдан ўқишган, ё мактабга вақтинчалик ишлаш учун келганлар.

Айрим ҳолларда ўқувчилар юқори синфга ўтганларида улардаги фанга бўлган қизиқиш бирдан йўқолади. Мана шуниси жуда ачинарли ҳол. Бунинг турли сабаблари бор. Масалан, ўша ўқувчи тенгдошининг қўлидаги замонавий русумдаги уяли телефонни кўриб қолади-ю шуни армон қила бошлайди. Бор мақсадини шундай телефонга етишишга йўналтиради…

Ёки яна бир масала: таълим муассасаларида бошланғичдан кейинги босқичда фанларни ўрта даражадаги ўқитувчиларга беришади. Юқори синфларга эса, кучли ўқитувчилар киришади. Аммо, худди ана шу босқичда болада фанга бўлган қизиқиш йўқолади-да! Ўқувчи ўрта бўғинда фанга қизиқмадими, кейинги босқичда уни қизиқтириш қийин.

Шогирдларимнинг кўпчилиги ўзимиздаги нуфузли олий ўқув юртларида, шунингдек, Россия, Хитой, Сингапур каби чет давлатларда таҳсил олишмоқда. Масалан, Аббос Абубакиров – Евро-Осиё университетида, Шоҳсанам Адаҳамова – ЖҚПУда, Беҳруза Равшанова – Алматида, Паризода Ниёзова – Пекин шаҳрида, Бобуржон Икромов – Сингапурда таҳсил олишмоқда. Улар билан таътилга келганларида кўришиб турамиз. Ҳаётда шундай катта натижаларга эришган шогирдларим билан, албатта чексиз фахрланаман.

– Яқин йилларда таълим муассасаларида уч тилли таълим тизими жорий қилинади. Бу ҳақида нима дейсиз!

– Пенсия ёшига яқинлашиб қолдим. Биз ўқиган пайтларда ҳозиргидек шароитлар бўлмаган. Камина қозоқ тилида гаплашишни билганим билан, саводли ёзишга қийналаман. Ёшлар тилни пухта ўрганишлари лозим. Ҳозирдан ўқитувчилар махсус курсларда чет тилини ўрганишяпти. Давлатимиз ушбу муҳим масалага жиддий эътибор беряпти. Самараси бўлади, деб ўйлайман…

– “Жануб жарчилари” газетаси ҳақида нима дейсиз?

– Иш куним “Жануб жарчилари” газетаси билан танишишдан бошланади. Айрим танқидий фикрларим бўлса, буни таҳририятга қўнғироқ қилиб, очиқ айтаман. Умуман газета қизиқарли чиқади, излаб ўқийдиган мақолалар ҳам кўп.

– Самимий фикрларингиз учун раҳмат! Сизга омад ва зафарлар тилаймиз.

З. АҲМАДЖОНОВ суҳбатлашди.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ