
Ўзбекистонлик таниқли режиссёр Сайфиддин Мелиевнинг вилоят ўзбек драма театридаги навбатдаги ижодий иши – Л. Соловьевнинг машҳур “Хўжа Насриддин Бухорода” кинофильми сценарийси асосида тайёрлаган “Хўжа Насриддин Сайрамда” мусиқали комедияси ҚР Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланди.
Айни нуқтаи назардан қараганда, томошабинларга яқин ва тушунарли қилиш мақсадида режиссёрнинг асар воқеаларини Сайрам шаҳрига кўчиргани ҳам табиий ҳол. Қўлланилган табдил ўз самарасини бериб, Хўжа Насриддиннинг Сайрамдаги саргузаштлари қизиқарли ва эътиборли чиққанлигини алоҳида таъкидлаш мумкин.
Театр жамоасининг, айниқса сўнгги икки йил мобайнидаги изчил изланишлари мусиқий театр мақомини олиш борасидаги истакнинг нечоғлик натижали бўлаётганини кўрсатади. Шимкент, Сайрам, Қорамурт, Қорабулоқ каби шаҳар ва қишлоқлардаги таниқли созандаларнинг боши қўшилиб, театрда репетициялар ўтказгани, саҳналаштирилаётган барча спектаклларда мусиқий ўринларга кенгроқ эътибор берилаётгани буни далиллайди.
Мазкур комедияда ҳам мусиқа, лапар, ялла каби фольклар намуналаридан ўринли фойдаланилган. Бироқ ушбу ўринда шуни ҳам айтиш жоиз-ки, гуруҳ бўлиб рақс тушиш, жўровоз куйлаш актёрлардан катта маҳорат талаб этади.

Яна бир гап: мазкур спектакль мусиқий комедиядан кўра, кўпроқ мюзикл жанрига хосдир. Мусиқий комедияга мусиқа партитураларини асар руҳидан келиб чиққан ҳолда бастакор махсус ёзиб бериши керак, шунингдек, унда ариялар, дуэтлар, хорлар бўлиши тақозо этилади.
Ушбу саҳна асарини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, машҳур режиссёр Олимжон Салимов томонидан 2010 йилда шу театрда саҳналаштирилган “Зўрдан зўр чиқса” спектакли билан қиёслаш мумкин. Ўша спектаклда ҳам “томошада томоша” воситасидан, халқ масхарабозлари қиёфасидан самарали фойдаланилганди.
Саҳналаштирувчи режиссёр С. Мелиев ҳам миллий руҳ берувчи шу усулни унумли қўллайди. “Ёр-ёр”, “Жононга бордим бу кеча” каби шўх ва лирик қўшиқлар спектакль руҳиятига жозиба бахш этади. Бунинг устига, театрнинг, деярли барча актёрлари аллақачон эл орасида хонанда сифатида таниқли бўлишган. Сайдикарим Маҳмудов , Одилжон Тўғонбоев, Миркамол Заббархонов, Аҳмаджон Эргешев, Шерзод Ходиметовларнинг мусиқий чиқишлари барчага манзур бўлди. Миркамол Заббархонов ва Фаррух Ҳакимжонов спектакль персонажлари ижросига жўровоз бўлиб туришди.
Тўғри, айрим пайтларда бундай ҳолат томошабинлар учун концертда ўтиргандек тасаввур ҳам уйғотди. Шу каби, роль ижро қилаётган актёрга ҳар сафар микрофон тутиш ҳам бироз ноқулайлик туғдирди.

Хуллас, мусиқий спектакль яратиш нақадар машаққатли жараён эканлигини актёрларнинг ўзлари ҳам ҳис қилишгани сезилди.
Воқеалар Насриддининг Сайрамга кириб келиши билан бошланади. Подшоҳнинг фармони билан ҳар одамдан маълум миқдорда солиқ олиниши эълон қилинади. Подшо вазири эса, ўз нафси йўлида қўшимча даромад топиш пайига тушади. Лекин у Насриддиннинг ҳийласига лаққа тушиб қолганини сезмай қолади…
Подшо – Сайдикарим Маҳмудов, вазир – Одилжон Тўғонбоев, ҳарам қушбегиси – Рустамхўжа Саидхўжаев, Гулжон – Дилдора Холметова, ота – Жавлон Сайитов, мунажжим – Аҳмаджон Эргешев, подшонинг аёллари – Венера Нишонбоева, Савринисо Рўзметова, Клара Шодибекова, Зулкарам Тўғонбоевалар ижросида томошабинларга манзур бўлишди.
Саҳна безакларини ва костюмларни тайёрлаш, грим қилиш, мусиқа билан таъминлаш ҳамда ёритиш ишларида Отажон Айметов, Дилфуза Мирқурбонова, Нигора Баратова, Василя Абдураҳмонова, Аҳмаджон Мансуров, Сайидсултон Жаҳонгиров, Сардор Ҳасановларнинг хизматлари катта.
Премьера аншлаг билан ўтди, залда бўш ўрин қолмади, ҳисоб. Зеро, томошабинлар комедия жанридаги асарларни соғинишади. Шунинг учун ҳам, улар Қариялар куни арафасида мароқли спектакль ҳадя этган театр ходимларини узоқ олқишладилар.
Премьерадан сўнг, вилоят маданият бошқармаси раҳбари Нурбўлат Ахметжанов, фахрий педагог Турсунхўжа Хонхўжаев, таниқли сухандон Ҳамроқул Давронбеков, “Жанубий Қозоғистон” газетаси директор-бош муҳаррири Алишер Сотволдиев, меҳнат фахрийси Сейдахмет Байдавлетовлар спектакль ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини айтишиб, ижодкорларга миннатдорчилик изҳор қилишди.
Жумладан, Ҳ. Давронбеков спектакль якунидаги чиқишида Гулжон — Д. Холметованинг эгнига миллий атлас кийдиришни таклиф этди. Шунингдек, қўшимча қилиб, спектакль финалида янграган европача мусиқани ҳам миллий мусиқа билан алмаштиришни тавсия этардик. Шундай қилинса, костюм ҳам, мусиқа ҳам асар руҳига мос тушарди.
Хулоса қилиб айтганда, спектаклнинг театр репертуаридан мустаҳкам ўрин олишига ва узоқ вақт томошабинлар назарида бўлишига шубҳа йўқ.
Зокиржон МЎМИНЖОНОВ,
театршунос.

