КЎЧА АХЛАТХОНАМИ?

z1ph5LzEVRIҲовлига кирган Юсуф отани кўрган Сарвинисо хола чолининг нимадандир асабийлашаётганини пайқаб:

– Адаси, уйга жой қилиб қўйганман. Кўк чойдан дамлаб кирайми? – деди уни ҳовуридан туширмоқчи бўлиб.

– Чой-пойингни қўя тур. Нафасимни ростлаб олай.

– Нима бўлди? Мунча асабийлашасиз? Ўзингизни асранг, қисилманг, адаси, бизга кераксиз. Ёшингиз ҳам анчага бориб қолди. Сизга тинчлик керак. Унча-мунчани юрак ҳам кўтармайди. Ё ўзим дам солиб қўяйми? – деди ҳазилга олганча кампири.

– Қаёқдаги нарсаларни айтасан-а. Мени таажжубга солаётган бошқа нарса. Илгари совет даврини айбладик, динга қарши, деб. Ҳозир ҳамма нарсага эшик очиқ-ку. Ишлайсанми, ўқийсанми, савдо-сотиқ қиласанми – ҳеч ким сени айбламайди.

Шаҳар-қишлоқларда масжидлар очиқ. Имомлар ҳар жумада одоб-ахлоқ, ҳалоллик, кишиларни ранжитмаслик, ҳалол билан ҳаромни ажрата олишлик тўғрисида муқаддас китоблардан ваъз айтадилар. Лекин одамларга тушунмайман. Ҳар доим ўрганган одатларини такрорлайверишади. Асабийлашмай бўладими? Ёш келинлар, қизлар бефарқ бўлиб боришаётир. Ҳурмат, одоб, расм-русум, удумларимизга бармоқ орасидан қарайдиган бўлиб кетишган, ота-онаси айтадими ё айтмайдими, билмайман.

– Илгаригидек насиҳат қиладиган қариялар кам. Ҳозиргиларга телевизор, бозор бўлса бўлди. Одоб нима, иззат-ҳурмат нима, дея бошларини оғритишмайди. Кайфиятингизни нима бузди?

– Жума намозидан чиқиб, кўчага бурилсам, “Ҳасан кайфий”нинг ўғлининг хотини тоғорадаги мағзавани йўл устига сепиб кетди. Мен эшигини тақиллатиб, уни чақиргач: “Келин, бу қилганинг нимаси? Кир, мағзава шайтон, жиннинг ўчоғи. Ҳовлининг бир четига чуқур қилиб, тўксанг бўлади-ку” – десам: “Сизнинг эшигингиз олди эмас-ку, ўтавермайсизми?” – деди.

– Эй, келин, кўча ҳаммамизники. Бу кўчадан ёш ҳам, қари ҳам ўтади. Кўрганлар одобсиз, дея ранжиб, сўкиб кетишади-ку! – десам:

– Ишингиз бўлмасин. Тезроқ боринг, кампирингиз кутиб қолди, – дейди.

– Бу кунларда ёшларга гапириб, обрў оласизми? Биз келин бўлиб тушганимизда, дарвоза олдини уй томонга қарата супурардик. Хас-чўпларни йиғиб, ҳовлидаги ўчоққа солиб ўртардик. Ҳозир ҳовлидан сиртга қараб супуриб, бир жойга уйиб қўйишади-да, сув сепишади. Сал эпкин турса, ҳалиги хас-чўп яна учиб, аввалги ҳолига қайтади.

Сиз мағзава ағдарганни айтиб, ранжиб келдингиз. Ўғил-қизининг тувагини кўчага тўкишганини айтмайсизми? Ойим айтардилар: ким-ки, мағзавани босиб ўтса, оёқ оғриққа йўлиқади, деб. Ўша мағзава тўкилган жойда ўғил-қизи ўйнайди-ку. Ҳар бир фарзанд ота-онасига раҳмат ўрнига лаънат келтирса, бу нимаси, ахир? – деди пешона терини артар экан кампир ва давом этди.

– Дадаси, ёдимга тушди. Эшик олдидан бир ариқ сув оқарди. Ўша сувдан ҳовучимизни тўлдириб-тўлдириб ичардик, чой-овқатга ишлатардик. Чунки сув доривор ўсимликларни ювиб, шифобахш бўлиб оқарди. Аслида сувга ифлос нарсани ташлаш ҳамда уни исроф қилиш гуноҳ ҳисобланарди. Оллоҳнинг берган неъматларини асраш қарз ҳам фарз эканини билиш керак.

– Тўғри айтасан, кампир. Ариқ четида таҳорат қилиш мумкин эмас. Чунки таҳорат суви ариқ сувига қўшилиши керакмас, макруҳ бўлади, дейишади. Ҳозир катта-ю кичик бунга эътибор бермайди. Ўша бефарқлик натижасида касаллик кўпайиб кетди. Қайси шифохонага борсанг, касаллар тирбанд. Бу бефарқлик қачон қоларкан-а?

– Айб ўзимизда, бобоси, – деди Сарвинисо хола. – Илгари бирор еримиз кесилиб, қон чиқса, тупроқ сепиб тўхтатардик. Ҳозир сепиб кўринг, қон заҳарланади. Турли касалликларни келтириб чиқаради. Бу экологияга боғлиқ бўлса керак?

Уйда тарбияни ота-она беради. Тарбияга ким амал этса, қоқилмай, йиқилмай, бировдан дакки емай яшайди.

 

Эрназар РЎЗИМАТОВ.

Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси,

Туркистон шаҳри.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ