Баҳорнинг фусункор байрами таомлари орасида сумалакнинг ўрни бўлакча. Уни тайёрлаш учун кишидан иштиёқ, маҳорат ва сабр талаб этилади. Бу жараённинг ўзи бир мўъжиза. Бежиз момоларимиз “Сумалакни яхши ният билан бошланглар!” – дейишмайди.

Сумалакни, асосан аёллар тайёрлашади. Уни тайёрлашнинг ўзига хос маросим тадбири мавжуд. Яъни қозон атрофида суҳбат қуриб, ҳикоялар, эртаклар, ривоятлар ва латифалар айтиш одати бисёр.
Мана, 30 йилдир-ки, Аҳмадвой ота ва Шапоҳат она хонадонида шу удум ҳануз сақланиб келмоқда.
умладан, жорий йилда ҳам Сайрамнинг “Пахтакор” даҳасида истиқомат қилувчи Бегметовлар оиласи, одатдагидек, сумалак пиширишга киришиб кетишган. Наврўзнинг шоҳ, хушхўр ва тансиқ таоми ҳисобланган сумалак пишириш тадбирига биз — мухбирлар ҳам чақирилдик. Бундай ажойиб, чиройли тантананинг гашти бўлак эмасми?! Қўлимизга диктофон, қоғоз-қалам ушлаганимизча, айтилган манзилга шошилдик.
Айтилган жойдан қолма, деганларидек анча йўл юриб, мазкур хонадонга ташриф буюрдик. Ҳовли тўла одамлар, ёшгина болакайлар сумалак қозонининг атрофида гирдикапалак. Кимдир ўчоқ тагига ўтин солиш билан овора, кимдир сумалак қўзғаш, яна кимдир болаларни рақсга тушириш билан даврани қиздираяпти. 38 йил давомида ҳайдовчилик касбида фаолият юритган Аҳмадвой ота сумалакни баҳоловчи ҳайъат аъзоси.
Сумалакни пишириш, шунчаки, йиғилиб бир таом пишириш эмас – ёш-у қари йиғилиб, бир кеча-ю бир кундуз давомида катта гулхан ёқиб, ўйин-кулги қилиш, турли қўшиқларни айтиш, халқ ўйинларини ўйнаш, демакдир!
Қобилжон, Фозилжон, Дилнавоз, Тўлқинжон ушбу хонадоннинг бахтли фарзандлари. Тўлқинжон акадан ташқари фарзандлар ҳам ота-оналарининг қувончларига шерик ҳолда бош қўшишди. Оиланинг кенжатойи бўлган Тўлқинжон ака бугунги кунда Швейцарияда ишламоқда. Фарзандлари бирла ташриф буюришган ўғил-қизлари қайнатилаётган сумалакка янада файз беришгандек… 17 нафар невара ҳамда 5 нафар эвара чуғурлашиб, қувнашиб, “Болали уй бозор!” нақлини исботлаб туришибди.
Сумалак – Наврўз байрамининг узвий бир қисми, миллий ва умуминсоний қадриятларга эш бўлган тадбирдир. Аҳмадвой ота ва Шапоҳат она хонадонига тўпланган қариндош-уруғ, маҳалла-кўй, дўст-ёрон, қуда-андалар бу гапимизнинг далили, десак адашмаган бўламиз.
– Шапоҳат она ҳар йили кўклам фаслида сумалак қайнатишни одатга айлантирган. Бу ҳунар у кишига онасидан мерос. Яна пиширган сумалагининг ранги чиройли, мазаси ўта тотли чиқади. Айрим кишилар пиширган сумалакни есангиз, қандайдир, жиғилдонинг қайнайди. Аммо Шапоҳат опа ушбу нозик ишни меъёрида бажаришга одатланган. Маҳалламизда ким-ки сумалак қайнатмоқчи бўлса, тўғридан-тўғри шу кишига келади. Қолаверса, ҳаётда ҳар қандай маслаҳатли ишни Шапоҳат опа билан ҳал қиламиз, – бир кунда 4-5 марта юз кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашадиган, ҳовлилари ўртасидан, ҳатто, девор ҳам олмаган ён қўшниси Турсуной Маҳсудхонова қўшнисини шундай таърифлади.
Халқимизда: “Узоқдаги қариндошдан ёнингдаги қўшнинг яқин” нақли бежиз айтилмаса керак. Шапоҳат она хонадонида қайнатилаётган сумалакка кириб келган қўшнилар бир-бирлари билан шундай самимий, илиқ сўрашардилар-ки, ҳавас қилмасликнинг иложи йўқ. Яна сўзларига қулоқ тутсангиз, уларнинг 30 йилдан бери гап ўйнаётганлариниям билиб оласиз.
– Мана шу йиллар оралиғида гапимиз бирон марта тўхтаб қолмаган. Деярли, ҳар ойда бош қўшиб, чиройли давра суҳбати, ўйин-кулги кечасини ташкиллаштирамиз. Бир тарафдан меҳр-оқибат йўқолмаса, иккинчи тарафдан кўнглимиз тоғдек кўтарилиб, кайфиятимиз чоғланиб қолади. Сизга айтсам, бу бошқўшувлар ортида ҳам Шапоҳат опам турибди, – дея юқоридаги опахоннинг гапларига қўшимча қилди тақдир тақозоси билан Сайрамга келин бўлган қорамуртлик Маҳсуда Рўзибоева.
Сумалак муқаддас таом сифатида қадрланади. Уни тайёрловчи одам эса, тозаликка риоя қилиши, ҳар бир гапида “бисмиллоҳ”ни айтиши, нияти тўғри бўлиши, оғир меҳнатига чидай олиши жоиз.
Яна уни ундириш жараёни учун-да қатъий талаблар бор. Борди-ю буғдой чиқарган яшил майса ҳаддан зиёд ўсиб кетса ҳам, вақтига етилмай кесилса ҳам сумалак яхши чиқмайди. Шапоҳат опанинг айтиши-ча, сумалак февраль ойининг охирлари, март ойининг бошларида 7 кун ичида ундирилади. Буғдой бошоқ тугганидан кейин ундирилган сумалак ёмон ирим саналади.
Одатда, сумалакни эгиз туққан оналар пиширишади, деган гап бор орамизда. Аммо Шапоҳат фоат опа қанча йилдир-ки бу вазифани, эгиз туғмаган бўлса ҳам, қойилмақом бажариб келаётган аёллар сирасидан. Яна у кишининг ушбу таомни ўта ширин тайёрлаши ҳам бор.
– Ўрта Осиё мамлакатларида баҳорда сумалак пишириш қадимий удум. Сумалакнинг келиб чиқиши ҳақида кўплаб ривоятлар бор, лекин улар орасида бири менга жуда ёқади. Қадим замонларда, бир аёл икки боласи билан яшар экан. Аёл болаларига егулик топиб бера олмай, қийналаркан. Кунларнинг бирида уйида ҳеч нарса қолмаган аёлнинг болалари оч қолиб, «овқат беринг» дея сўрашдан тўхташмабди. Шунда аёл қозонга сув қуйиб, унга уйи олдида ўсган ўтни солиб, қайната бошлабди. Қозонда бир нима бордек бўлиб туриши учун ичига икки-учта кичик тош ҳам солибди. Болалари ҳар замон овқат сўрашганида, аёл «ҳали пишмади, болам» дея қозонни кавларкан. Шу тариқа болалари ва аёл чарчаб, ухлаб қолишибди. Эрталаб туриб қарашса, қозонда ажойиб ва тўйимли таом пишиб турган экан…
Бу ривоятни онам бизга ҳар гал сумалак пиширганида эринмасдан сўзлаб берарди. Шу боис бўлса керак, менинг мазкур муқаддас таомга бўлган ҳурматим ҳам эътиборим ҳам кучли, – дейди сумалак устаси Шапоҳат она пишираётган антиқа таомини кавлай туриб.
Уларнинг оиласидаги тинчлик-осойишталикка эса, кўз тегмасин, деб ният қилдим.
* * *
Асрлар оша яшаб келаётган сумалак пишириш — миллий қадрият ва анъаналаримиз орасида халқимизнинг қадим тарихи ва руҳияти билан чамбарчас боғлиқ тадбир. Унда табиатдаги ўзгаришлар, фасллар алмашинуви ўз аксини топган эътиқодий қарашлар ва аждодларимиз кўнглидан кечувчи ҳис-туйғулар ўз ифодасини топганлигини кўрамиз.
Наврўзингиз муборак бўлсин, азиз ҳамюртлар!
Эътибор САЙФИДДИН қизи.

