
Шимкент шаҳар ҳокимияти томонидан жорий йил март ойида эълон қилинган анъанавий “Тоза шаҳар” акцияси доирасида уюштирилган танлов ўз якунига етди. Айтиш жоиз-ки, мазкур акцияга қизиқиш йилдан-йилга ортиб бормоқда. Танлов ташкилотчиларининг асосий мақсади ҳам алоҳида кўча, уй ёки ҳовлини тоза тутиш, гулзорга айлантириш, ободонлаштиришгина эмас, балки шаҳарнинг барча ҳудудларини кўркам ҳолатга келтиришдир.
Таққослаш учун эслатиб ўтамиз: 2015 йили танловда иштирок этиш учун жами 215 ариза тушган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 323 тани ташкил қилди. Махсус комиссия тавсия этилган энг яхши уй, ҳовли соҳибларини аниқлади ва эълон этилган қарорга кўра, жами 33 та номинация ғолиблари махсус дипломлар ва совғалар билан тақдирланишди.
Тақдирланганлар рўйхатида Сайрам даҳасидаги Иброҳим ота кўчаси турғуни, таниқли тадбиркор Нодирхон Норхўжаевлар оиласининг ҳам борлиги қувонарлидир. Улар “Энг яхши ҳовли” номинациясида ғолиб бўлишди.
Нодирхон ака автоуловларга техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланади. Унинг рафиқаси Саодат опа эса, Шимкент шаҳридаги 5-шаҳар шифохонасида шифокор бўлиб хизмат қилади. Оилада уч фарзандни тарбиялаб вояга етказишди.

Тўнғичлари – Одилхон дадасига кўмакчи, хонадон келини, касб-кори бўйича муаллима Шаҳноза, шунингдек, устозлик касбини танлаган қизлари Шаҳноза ва Иродалар ҳам уй ишларида Саодат опанинг яқин ёрдамчилари. Ҳовлидаги гулларни экиш, парваришлаш уларнинг зиммаларида.
– Маҳалла қўмитаси раиси Шуҳрат Ботирхонов хонадонимизга ташриф буюриб, шу танловга тавсия этишини маълум қилганида бироз шошиб қолдим, – дейди Нодирхон ака. – Мана шу мукофот рафиқам, қизларим, қолаверса, келинимнинг тинимсиз меҳнатлари натижасидир.
Аслида ҳовлини гулзор қилишни раҳматлик ота-онамиздан ўрганганмиз. Дадамиз – Улуғ Ватан уруши қатнашчиси Шодмон Норхўжаев шифокор сифатида элга танилганлар, онамиз – Мислимой ая эса, уй бекаси, болалар тарбияси билан шуғулланганлар. Улар гуллар ўстиришни жон-у дилларидан яхши кўришган. Ҳар йили ҳовлига турли-туман гуллар экиш ва уларни саранжом-саришта ушлашга ҳаракат қиламиз. Бу бизга ота-оналаримиздан қолган меросдир…
Дарҳақиқат, ҳовлидаги баравж ўсган, кўзни қувонтирадиган гултожихўроз, герань, атиргул, қўқонгул, итоғиз каби гулларга маҳлиё бўлмаслик мумкин эмас. Тувакдаги гуллар эса, ушбу ажойиб манзарага янада файз бериб турибди.
Ҳа, Норхўжаевларникига ўхшаш тоза, шинам ва ораста ҳовлилар, ободон хонадонлар Сайрамда тобора кўпаймоқда. Зеро, гўзаллик қанча сероб бўлса, ҳаётимиз шунча фаровон ва чиройли бўлиши ҳам аниқдир.
З. АҲМАДЖОНОВ.

