Айни савол кўпчиликни саросимага солаяпти. Айниқса бу йилги мактаб битирувчиларини! Нимага, дейсизми? Сабаби: она тили ва адабиётдан якуний баҳо олиш учун анъанавий иншо эмас, эссе ёзиш керак бўлади!

Эссе мактабларга, энди кириб келаётганлиги боис, у ҳақида ҳаммамиз ҳам кенг қамровли тушунчага эга эмасмиз. Мазкур масала юзасидан, яъни эссе ҳақидаги билимларни тўлиқтириб, ўзбек тили ва адабиёти устозларига йўлланма бериш мақсадида Жанубий Қозоғистон вилояти метод кабинети томонидан Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли 7-сонли мактабда семинар-тренинг ўтказилди. Бу ерга вилоятимиздаги барча ўзбек ва тожик мактабларининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари ташриф буюришди.
Улар, аввал эссе ҳақидаги тушунчалари билан ўртоқлашдилар. Кейин маълум стандартларга кўра, эссенинг турлари, унинг иншодан фарқи, эссенинг тузилиши, таркиби, ҳажми ҳақидаги билим хазинасини тўлиқтириб олишди. Назарий таълимни амалда қўллаш учун ўзаро тажриба алмашишди.
Шаҳло НОРАЛИЕВА, Жанубий Қозоғистон вилояти таълим бошқармаси методика кабинетининг ўзбек тили ва адабиёти фани методисти:
– Бугунги семинар-тренинг “Битирувчи синф ўқувчиларини ўзбек тили ва адабиёти фанидан янги форматдаги ЯМТга тайёрлаш масалалари” мавзусига бағишланган. Семинарга вилоятимизнинг барча туманларидан 11-синфларда дарс берувчи ўзбек тили ҳамда тожик тили ва адабиёти ўқитувчилари (жами 95 нафар), методистлар, тренерлар қатнашдилар.
Ўз олдига битирувчи ўқувчиларни ўзбек тили ҳамда тожик тили ва адабиётидан янги формадаги ЯМТга тайёрлаш масалалари бўйича муаллимларнинг педагогик маҳоратларини ошириш, уларга методик ёрдам кўрсатишни мақсад қилиб қўйган семинар қуйидаги вазифаларни амалга оширди:
– фан бўйича янги форматдаги ЯМТга тайёрлаш, унинг мазмуни ва мақсадлари;
– эссе ёзиш давомида сақланиши зарур бўлган талаблар, уларнинг тузилиши, баҳолашга қўйиладиган мезонлар билан таништириш;
– фан бўйича эссе ёзишнинг турли усул ва услублари билан иш юритиш йўлларини ва уларни амалда қўллай олишни таъминлаш.
Ушбу семинар-тренинг ЕХҲТнинг оз сонли миллатлар ишлари бўйича олий комиссариатининг вакиллари: халқаро миқёсдаги тренерлар – Н. Задорожная – Марказий Осиё Халқаро университети доценти, “Педагогика” кафедраси раҳбари, Марказий Осиё Халқаро университетининг “Маданиятлараро мулоқот” кафедрасининг катта ўқитувчиси В. Булатова ҳамда ЕХҲТнинг ОМОК МАТД эксперти Атанасия Стояновалар билан ҳамкорликда тажриба алмашиш мақсадида ташкил қилинди.
Барчамизга маълумки, Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазирлигининг 2016 йил 16 ноябрдаги 660-сонли буйруғига биноан, 2016-2017 ўқув йилида ўрта умумтаълим мактабларидаги 11-синфларнинг ўқувчиларини якуний аттестациялашга ўзгаришлар киритилди. 11-синф ўқувчиларига ўзбек тили ва адабиёти фанидан топшириладиган имтиҳонда эссе ёзиш талаби қўйилди. Эссе ўқитувчилар ҳамда ўқувчилар учун ёзма имтиҳоннинг янги шакли бўлганлиги сабабли, ушбу семинар орқали методик кўмак кўрсатиш мақсадида уюштирилди.
Семинар-тренингнинг биринчи қисмида ўқитувчилар эссе атамаси, унинг турлари, тузилиши, ўзига хос хусусиятлари, талаблари ва унинг иншодан фарқли жиҳатлари тўғрисида маълумотлар, шунингдек, эссе мавзулари, уларни баҳолаш критерий (мезон)лари ва эссе намуналари тавсия этилган бўлса, кейинги машғулотлар гуруҳларда қизғин давом этди.
Мактаб ўқувчиларини якуний аттестациялаш имтиҳонида ўқувчиларнинг она тили ва адабиёт фанидан ёзма ишлари эссенинг анъанавий (таълимий эссе) тури бўйича ёзилади. Анъанавий эссе маълум масала юзасидан узоқ ва қисқа муддатли ўрганиш ва изланишларни ўз ичига олади.
Якуний аттестациялаш учун имтиҳонда ўқувчи она тили ва адабиёт фанларидан адабий эссе ёзади.
Адабий эссе – эссе турлари ичидаги энг мураккаби ҳисобланади. У ёзилиш мақсадига кўра, қуйидаги турларга бўлинади:
– тавсифловчи эссе
– мулоҳазали эссе
– умумлаштирувчи эссе
– аргументли эссе
– ижодий эссе
Эссе ёзиш ўқувчиларга ўз фикрларини эркин билдиришга, мавзуга алоқадор маълумотларни онгли қабул қилишга ва тушунишга, муаммонинг ечимини топишга алоқадор далиллардан фойдаланиб, ўз хулосасини аниқ ва саводли баён этишга имкон яратади. Муҳими, келтирилган факт ва далилларнинг ўринли қўлланишидир. Эссе ёзишга 180 дақиқа вақт берилиб, унинг ҳажми 200-250 сўз атрофида бўлади.
Ўқувчиларга бешта мавзу тавсия этилади. Ҳар қайси ўқувчи ўзи учун маъқул бир мавзуни танлаб олади. Ёзилган имтиҳон иши ўқувчининг танлаган мавзуни тушуниши, шахсий фикр-муносабатларининг изчил ва далилли тарзда, саводли ёзма баён эта олиш қобилиятини кўрсатади.
Ўқувчилар ишни икки хил: хомаки ва оқ нусхада ёзадилар. Хомаки нусха ҳам ёзма иш билан бирга топширилади (хомаки нусха зарурат бўлгандагина текширилади).
Гулноза МАҚСАДОВА.

