Она тилимизнинг ҳақиқий фидойилари шоирлар, десак хато қилмаган бўламиз. Чунки шеъриятсиз, адабиётсиз миллат маънавий жиҳатдан қашшоқликка юз тутган бўлур эди.

Ўтган йили ўзбек адабиётининг забардаст вакили, даҳо шоир Эркин Воҳидов боқийлик бўлди. Чин кўнгилдан қайнаб чиққан мана бу икки сатрни ёзган одамнинг бугун орамизда йўқлигига ҳеч ишонгимиз келмайди:
Одамлар, сиз менинг ҳаётим,
Ҳар бирингиз умрим парчаси.
Ўзбек халқининг содиқ фарзанди, тилимизнинг, маънавиятимизнинг фидойиси бўлмиш устоз адибнинг ёрқин хотираси шоирнинг “умр парчаси”ига айланган ҳар бир ўзбекнинг қалбида доимо яшайди. Мазкур мақоламда шоирнинг адабий мероси ҳақида эмас, балки унинг яратиб кетган маънавият мактаби тўғрисида мухтасар ҳикоя қилмоқчиман.
Ўтган йили марҳумнинг оила аъзолари ҳамда яқинларига таъзия изҳор қилиш учун “Ижодкор” адабий бирлашмасининг раиси Абдураҳим Пратов билан Эркин аканинг маҳалласига ўтдик. Устознинг яқинлари-ю шогирдлари, маҳалладошлари таъзия маросимида тик турган эканлар. Биз улар билан яқиндан танишдик, қозоғистонлик барча ижодкорлар номидан ҳамдардлик билдирдик.
Янги танишларимиздан бири бизни ўзига яқин олиб, биттадан китоб ҳадя қилди. “Ушбу рисола Эркин аканинг 80 йиллик юбилейи олдидан тайёрланган эди. Афсуски, у киши ушбу кунларга етолмади”– деди китоб муаллифи, тилшунос олим Муҳаммаджон Имомназаров.
Китобнинг муқовасига Эркин Воҳидовнинг сурати туширилган бўлиб, унинг устки қисмига: “Шоир сўзининг латофати ва қадри” – дея ёзилган эди. Муаллифга миннатдорчилигимизни билдирдик.
Муҳаммаджон Имомназаров тилшунос, ўзбек тилининг жонкуяри сифатида кенг жамоатчиликка танилиб улгурган фан доктори. Тилшунос олим ушбу рисолада Э. Воҳидовнинг “Сўз латофати” китобининг аҳамияти ва долзарблигини таъкидлар экан: “Шоирнинг китобини барча адабиёт мухлислари қўлма-қўл ўқиб чиқишларига шубҳа йўқ. Чунки унинг муаллифи етук ижодкор, сўз санъатининг бетакрор устаси” – дея ёзади.
Мазкур рисолада бошдан оёқ тилимиз, унинг аввали-ю бугуни, келажаги, ривожи ҳақида, шунингдек, тилимиз равнақи йўлида пайдо бўлаётган муаммолар тўғрисида чуқур мулоҳазалар, ёрқин фикрлар баён этилган.
Асардан: “Биз – миллионерлармиз!” сарлавҳали мақола ҳам ўрин олган. Унда шундай дейилади: “Дунё тилшунослари эътироф этган соддаликда буюк, бойликда уммон тилимиз бор. Унинг ижодкори донишманд халқимиз, элнинг минг йиллар давомида етиштирган улуғ олимлари, шоирлари, закий фарзандлари. Бу улкан бойлик бизники. Қонуний мерос эгаси биз бўламиз”– дея ёзади шоир фахр билан.
Муаллиф сўзи билан айтганда: “биз миллионерлармиз”. Бизни “миллионерлик” даражасига кўтарган донишмандларимиз, улуғларимиз ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмизми? Уларнинг яратиб кетган бой меросини ўрганаяпмизми? Уларга бўлган миллатдошларимизнинг муносабати қай аҳволда? Ушбу қўйилган саволларга жавоб топиб, ўз муносабатларимиз ва фикрларимизни билдирмоғимиз керак бўлади.
Адиб муаммоларнинг сабаб ва оқибатлари ҳақида ҳам қимматли фикрлар айтган. У собиқ иттифоқ даврида тилимизга бўлган муносабатнинг йиллар давомида пасайиб борганлигини, мустақиллик олганидан кейин ҳам тилимизга бўлган муносабат ўзгармаётганлигини кекса авлоднинг чидаб бўлмайдиган даражада масъулиятсизлиги билан боғлайди. Бу масъулиятсизликни кейинги авлодга юқтириб олмаслигимиз даркорлигини уқтиради.
“Она тилимизни севмаган, тил замирида ётган тарихни билмаган, қизиқмаган одам баркамол саналмас. У ким, қайси юрт ва қайси миллатга мансуб эканидан, ўз она тилининг бойлиги-ю камбағаллиги, майин ё дағаллигидан қатъий назар” – дея ёзади халқ шоири “Сўз латофати”да.
Марҳум ёзувчи ва журналист Аҳмад Аъзам ўзининг сўнгги китоби муқаддимасида она тилининг номуси миллат номуси эканлигини, ҳар бир миллатдошимизнинг руҳида тилимизнинг тақдирига нисбатан куйинчаклик ҳиссини уйғотиш кераклигини таъкидлайди. Шу билан бирга: “Ўзга тилларнинг сурункали, узлуксиз таъсири тилнинг аслидан ўзгалашишига олиб келади, тил ичдан емирила бошлайди” – дея ёзади у.
Халқ шоири ўзбек тилини умуммиллат мулки, деб айтади. Миллатнинг иши нимадан иборат эканлигини қуйидагича ифодалайди: “Тил олдидаги масъулият умуммиллийдир. Мен ўзбекман, деган ҳар бир инсон ўзбек тили учун қайғурмоғи керак. Унутилган сўзларни тиклаш, борини бойитиб бориш, хорижий атамаларга муносиб истилоҳлар топиш — ёлғиз тилшуноснинг иши эмас, миллатнинг ишидир”.
Куйинчак устознинг гапларида жон бор. Она тилимизга бўлган эътиборнинг борган сари ортиб бориши ўрнига пасайиб бориши бизни ташвишга солади. Бунга кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин…
Ҳурматли Президентимизнинг кўпмиллатли Қозоғистон халқи тилларини, маданиятларини, урф-одатлари-ю қадриятларини сақлаб, асраб-авайлаб, келажак авлодга бузмай етказиш кераклигини, уларни тиклаш ҳар бир миллат вакилининг вазифаси эканлигини кўп бора таъкидлаганини ҳаммамиз биламиз.
Бугунги замон талаби – кўп тиллиликни тақозо қилмоқда. Мамлакатимизда бунга эътибор кучайтирилди. Қозоғистонлик ҳар бир ўқувчи ўз она тили билан бирга, давлат тилини ва хорижий тилларни ўрганишга, ҳатто-ки, асосий фанларни хорижий тилларда ўқишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Бу йўл қай даражада тўғри эканлигини вақт кўрсатади…
Ўз тилини мукаммал билмаган бола бошқа тилларни ҳам тўлақонли ўзлаштира олмайди. Бу — исбот талаб қилмайдиган қоида. Ўқиш ўзбек тилида олиб бориладиган мактаблардаги дарсликларнинг ҳолатлари бизга маълум. Бу йил янги дарсликлар чоп эттирилаётир, ўша дарсликлар етук тил мутахассислари “чиғириғи”дан ўтказилганми — масала ана шунда!
Акс ҳолда, яна аввалги хатолар такрорланиши турган гап.
Ўтган ўқув йилида вилоят “Халқ сўзи” жамоат бирлашмасининг бир гуруҳ аъзолари ўқиш ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларда “Тиллар тўғрисида”ги қонуннинг бажарилиши ҳолатини ўрганиб чиқдик. Мактаблар ҳудуди ва пештоқларидаги шиорлар, турфа хил ёзувлар орасидан ўзбек тилида битилган биронта сўз топилмаган мактаблар ҳам кўплаб учради. Шу ерда ҳақли бир савол туғилади:– Ўзбек тилида ўқиш мумкин-у ёзиш мумкин эмасми?!
Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазирлиги ҳузуридаги мактабгача таълим муассасалари ва ўрта мактаблар департаменти директори Жанил Жонтаеванинг миллий мактабларда бадиий жиҳозлардаги ёзувлар қайси тилларда ёзилиши ҳақидаги мактуби “Жанубий Қозоғистон”, “Жануб жарчилари”, “Жемқорлық қорлық” газеталари саҳифаларида кўп бор эълон қилинишига қарамай, деярли ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ. Бунинг устига, ўшандай мактаблар раҳбарларининг мутахассислиги “Ўзбек тили ва адабиёти” ўқитувчиси эканлиги бизни ажаблантиради. Наҳотки, ўзи ўзбек тили мутахассиси бўла туриб, тилга шунчалар эътиборсиз бўлса.
Шу ўринда, Элбошимизнинг 2002 йили фаоллар йиғилишида айтган гапини иқтибос сифатида, ўз аслида келтирмоқчиман: “Любого, кто будет поднимать вопрос превосходства одной нации над другой, любого, кто будет раскачивать националистические лозунги – я буду считать своим личным врагом!”
Биз Президентимизнинг барча топшириқлари ва вазифаларини бажонудил бажармоғимиз керак. Илло, бундай адолатли гапни Ер куррасидаги бирон бир давлатнинг раҳбари айтмаган.
Келажакни белгиловчи куч –бугунги ёшлар. Биз уларга қанча яхшилик қилсак, шунча яхшилик қайтади. Вақти келиб, улар биз йўл қўйган камчиликларни юзимизга солади.
Мақоламнинг интиҳосида тилимиз ва маънавиятимиз жонкуяри, даҳо шоир Эркин Воҳидовнинг “Тил латофати” рисоласидан иқтибос келтирмоқчиман: “Тил – ўзликнинг бош белгиси. “Ўз қадрини билмаган, ўзганинг қадрин билмас”– деган ҳикмат бор. Биз ўз она тилимиз қадрига етсак, араб тилининг бойлиги ва мукаммал қурилишини қадрлаймиз, форс тилининг нафосати ва гўзаллигидан баҳра оламиз, инглиз ва рус тилларининг қудратини ҳис қиламиз. Уларни чуқур ўргансак, рақобат тўла бу оламда бамайлихотир қадам ташлаймиз”.
Улуғ устоз шоирнинг охирати обод, унинг қилган савобли ишлари ўзига соябон бўлсин.
Суннатулла АКРАМОВ,
жамоатчи мухбир, “Тауелсіз Қазақстан” республика газетасининг махсус мухбири, вилоят “Халқ сўзи” жамоат бирлашмасининг раиси.

