Алоқа | Обуна

Бирлиги ярашган ўзбекларим ёки қурултойдан кейинги ўйлар…

Азиз юртдошлар, ҳурматли миллатдошлар, муҳтарам қозоғистонликлар! Барчангизни бутун Шарқ дунёсининг байрами, янгиланиш, яшариш, кўкариш, баҳор байрами — Наврўзи олам билан чин юракдан, Т. Рустемов номли 12-сонли гимназия мактаби жамоаси ҳамда Орис қишлоғи аҳолиси номидан муборакбод этаман! Юртимизда тинчлик ва осойишталик, халқларимиз ўртасида дўстлик ва бирдамлик ҳамда аҳиллик бардавом бўлсин. Бугунги Қозоғистонимизга кўз тегмасин, иншооллоҳ!

Азиз миллатдошлар! Хабарларингиз бўлса керак, 2017 йил 4 март куни вилоят ўзбек драма театрида Жанубий Қозоғистон вилояти ўзбек этномаданият маркази раислигига сайлов бўлиб ўтди. Бу сайловга миллатдошларимиз — шифокор, тадбиркор, Шимкент шаҳар Енбекши тумани ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси раиси Тоҳирбек Нишонбоев ҳамда Жанубий Қозоғистон вилояти маслаҳати депутати, «NiK» корпорациясининг президенти, миллат жонкуяри, меценат, сахий қалб эгаси, Қорабулоқнинг асл фарзанди, Қорабулоқнинг, нафақат Қорабулоқ, балки Сайрам туманининг, вилоятимизнинг донғини, обрў-эътиборини бутун республикага ҳамда қўшни давлатларга ва чет элларга ўзининг эзгу ишлари билан маълум қила олган инсон Бадриддин Нишонқулов ўз номзодларини қўйган эдилар.

Меҳмондўст Сайрам даҳасидаги ўзбек драма театри қурултой делегатлари ҳамда таклиф этилган меҳмонлар билан лиқ тўлди. Ўтган йили куз фаслида бўлиб ўтган қурултойда делегат бўлган кўпгина миллатдошларимиз алмашиб кетибдилар. Кимлардир ушбу масала бўйича кўп жон куйдирганга ўхшайди.

Қозоғистонда шу бугунги кундаям Элбошимиз Н. А. Назарбаев билан елкадош бўлиб, давлат равнақи учун хизмат қилиб юрган, Қозоғистон Халқи ассамблеяси раиси ўринбосари, ҳурматли оқсоқолимиз Рўзақул ака Сотиболди ўғли Холмуродов ушбу қурултойни бошқариб борди. Бу оғамизнинг иш юритиш услуби аниқ, лўнда ва интизомли бўлди.
Бизнинг миллатга Рўзақул акадек оқсоқол керак, у киши миллатдошларимизни бошқаришда, Қозоғистон Республикаси Президентининг топшириқларини бажаришда ва мана шундай сиёсий ҳамда маҳаллий анжуманларда халққа бош бўлиб юришлари керак ва зарурдир. Миллатимизнинг оқсоқоли, миллатимизнинг бугунги лидери, дея бемалол айта оламиз. Рўзақул Сотиболди ўғлининг умри узоқ, тани-жони соғ бўлишини Яратгандан сўраб юрамиз.

Бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов уюшқоқлик ва тартибли ўтди. Сайлов натижаси бўйича Бадриддин Нишонқулов Жанубий Қозоғистон вилояти ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси раиси бўлиб сайланди. Баракалла, баракалла, баракалла, азиз миллатдошлар, Нишонқуловни қўллаган ва қўлламаганлар барчангизга кўпдан-кўп раҳмат!

Бу сайловни одилона ўтди, еса бўлади, бу менинг шахсий фикрим, албатта. Куздаги қурултойдан кўкламги қурултойгача қанча-қанча сувлар оқиб кетди, яхшилар. Не-не совуқлар, не-не довуллар, не-не жўя, ножўя ҳаракатлар, тўсиқлар, тушунмовчиликлар, айрим ҳолатларда асаббузарликлар бўлиб ўтди. Ўтди, ҳа, бари ўтди, ўтганда ҳам томоша бўлиб ўтди.
Сабр қилган ютади, – деган нақл бор халқимизда, Бадриддин сабр қилди-ю ютди, сабр қилганда ҳам халқ билан бирга сабр қилди, қойил бу йигитга, мана — сабр, мана — тоқат, мана — бардош! Бу йигитга қойил қолиш керак, олдинга интилишдан бир дақиқа ҳам тўхтамади, аксинча, фақат олға силжиб борди, раҳмат!

Лафз Худонинг уйи, – деган гап бор халқда, лафзида тура олди, турганда ҳам ўғил болача, Қорабулоқча туриб берди — отасига раҳмат!

Яқин кунлар ичида, ўзаро юракдан суҳбатлашиб ўтирганимизда, олтмиш ёшларга келиб қолган акахон Бадриддинга: «Мен сенга ҳайронман. Ўзинг эуда ақлли, билимли, бағрикенг йигитсан, шу ички сиёсий ўйинларга аралашиб нима қиласан, ука. Сўнгги беш-олти йил ичида сен ўз даромадинг ҳисобидан уч юз миллион тенгедан кўп халққа ҳомийлик қилибсан, тўғрими, шу нарсаларнинг, ғавғоларнинг нима кераги бор эди?! Тинчгина бошқалардай айш-ишрат билан мазза қилиб давронингни суриб, бойлигингга бойлик қўшиб юрмайсанми, ялло қилиб. Бугунги кунда сендай ва сендан ўн баравар, юз баравар бой-бадавлат инсонлар тинчгина ўзлари учун яшаб юрибдилар, ука, сенга халқнинг ташвиши керакми?» – деди.
Шунда Бадриддин босиқлик билан: «Ҳа, акажон, сизнинг барча гапларингиз ўринли, ҳечам адашмадингиз. Лекин менда шундай ҳаётий принципим бор, мен кимлар билан, қандай инсонлар билан яшаяпман менинг атрофимда қандай дўст-у биродарларим, ҳамкасбларим, замондошларим, миллатдошларим бор, шуларни билиш мен учун қизиқдан ҳам қизиқ» – дея жавоб берди.

Буни, фақатгина Қорабулоқнинг йигитларигина айта оладилар. Бундай гап: «Мен қорнимга эмас, қадримга йиғлайман» – деган маънони англатади.

Отасига раҳмат, шундай гапларни эшитиб, қанча инсонлар оғриб қолаяптилар, бу, фақат Яратганга аёндир.

Азиз замондош, ҳурматли газетхон, энди сиз кўриб туринг-чи, Жанубий Қозоғистон вилояти ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси ишларининг олдинга силжишини. Шу вақтгача хизмат қилиб келган, бугунги кунда ҚР ўзбекларининг «Дўстлик» ҳамжамияти раиси ҳурматли акамиз Икромжон Ҳошимжоновнинг хизмати яхши бўлди, Икромжон акага ва шу командада ишлаган миллатимиз жонкуярларига алоҳида миннатдорчилигимизни айтишимиз керак.

Ишларнинг ичида энг осони, бу — бировнинг камчилигини топишдир, ҳурматли яхшилар. Иккинчи бир шахснинг ютуғини, яхши хислатларини одилона тан олиб, рўй-рост айта олиш ҳам мардлик ҳисобланади, азиз миллатдошлар!

Агар мен одам танисам, Бадриддин Нишонқулов кўп ўтмай, марказнинг яқин беш йилга мўлжалланган иш режасини ишлаб чиқади, балки у режа аллақачон ишланиб қўйилгандир ҳам. Бундай катта вилоятда иш режасисиз бирор натижага етишиб бўлмайди, албатта.

Яна бир нарсага ишониб айтаман-ки, вилоятдаги барча туманлар ҳамда қишлоқлар, этномаданият жамоат бирлашмаларининг раислари биргалашиб, жипслашиб, ҳамкорликда иш юритадилар. Бир-бирларини танимаган, билмаган раисларнинг бошларини бир жойга йиғиб туриб, барчалари билан бамаслаҳат ишлар юритилади. Бу йигитнинг иш услуби ана шунақадир. Ҳали буни вақт кўрсатар, олдинда жуда яхши анжуманлар, тадбирлар, кўп бошқўшувлар бор, иншооллоҳ.

Янги раис жуда талабчан, қаттиққўл раҳбарлигини, қуруқ гапнинг орқасидан эмас, натижанинг орқасидан боришини ҳам ҳисобга олмаган раислар кўп меҳнат қилишларига тўғри келади, азизлар. Бу менинг башоратим, албатта.

Башорат, деганда бир нарсани айтай, дегандим. Бизнинг мактабда жамоа жуда катта, 230 дан зиёд устозлар, 1966 нафар болажонларга таълим-тарбия бериб келмоқдалар. Шу жамоадаги бир тажрибали устоз ўзбекларнинг сайловидан бир кун олдин, яъни 3 март жума куни вилоятдаги барча делегатларнинг рўйхати билан танишиб чиқиб, Б. Нишонқуловга 88 овоз, Т. Нишонбоевга 68 овоз бўлиши мумкин, – дея башорат қилган экан. Хўш, бунга нима дейсиз? – азиз замондош! Сайловдан сўнг, ишга қайтганимизда шу ёзувларни ўқиб кўрдик.

Узун гапнинг қисқаси: Бадриддин Нишонқуловга ва унинг командасига куч-қувват тилаймиз, халқнинг хизматида уларга омад ёр бўлаверсин, ишооллоҳ! Тоҳирбек ўзи, бек йигит, Бадриддиндек акаларидан узоқлашмай, елкама-елка туриб, хизмат қилишларига чин кўнгилдан тилакдошман.

Жабборқул СЕРГАЛИЕВ,
Орис қишлоғи ўзбек
этномаданият жамоат бирлашмаси раиси.
Сайрам тумани.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ