Алоқа | Обуна

60 йилдан кейинги дийдорлашув

DSC08821

Жорий ўқув йили ҳам ниҳоясига етмоқда. Дарҳақиқат, юртимизда мактабларни турли йилларда битирган синфдошларнинг учрашувларини ўтказиш яхши анъанага айланган. Дийдорлашув тадбирлари, нафақат ўтмишни хотирлаш учун сабаб, балки ёш авлодни юксак эътиқодли, ўз юртининг ҳақиқий ватанпарварлари этиб тарбиялашда ҳам муҳим омилдир.

Қорабулоқ қишлоғидаги собиқ Сталин, ҳозирги Ҳамза номли 3-сонли мактабни бундан 60 йил муқаддам битирган собиқ ўқувчиларнинг учрашуви ҳам ана шундай ҳаяжонли ва кўтаринки руҳда ўтди. Ўшанда – 1955-1956 ўқув йилида мактабни жами 50 нафар битирувчи тугатган экан. Уларнинг аксарияти уруш бошланишидан аввал таваллуд топганликлари учун, машъум уруш қийинчиликларини ҳам кўришган, урушдан кейинги заҳматларни ҳам бошларидан кечиришган…
Қувонарлиси, ҳозир ана шу таълим масканида нуроний отахонлар-у онахонларнинг набиралари, эваралари, чеваралари билим олишмоқда. Мазкур тантанага ҳам уларни эвара-чеваралари етаклаб келишибди. Авлодлар давомийлиги, деганлари шу бўлса керак-да!
Ўрни келганда айтиш жоиз-ки, мактаб бағрида ҳар йили уюштириладиган авлодлар учрашувини ҳам, худди шу авлод вакиллари бошлаб беришган эди.
Бугунги кунда битирувчиларнинг 14 нафари ҳаёт бўлиб, уларнинг тўрттаси ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлган онахонлардир.
Уларни Ҳамза номли мактаб директорининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари Гулхумор  Саидмуродова бошчилигидаги ўқувчилар мактаб ҳовлисида гуллар тутиб, алоҳида эҳтиром ва ҳурмат билан кутиб олишди.
Давранинг тўридаги жойни ҳақли равишда 90 ёшдан ошган фахрий устозлар Эргаш ака Абдураҳмонов ҳамда Муборак Усмонова эгаллашди.


Тадбирни Эргаш ота Абдураҳмонов очиб бергач, битирувчиларнинг оқсоқоли Абдираим ота иштирокчиларни ташриф буюрган азиз меҳмонлар билан яна бир бор таништириб чиқди.
Ҳа, ўша 1956 йилги битирувчилар катта ютуқларга эришишган эди. Жумладан, мактабни ўқувчиларнинг 2 нафари олтин, 8 нафари кумуш медаллар билан тамомлашган экан.
Меҳмонлар орасидаги математика фанлари доктори Т. Йўлдошев, узоқ йиллар Сайрам тумани СЭСини бошқарган А. Шомуродов, шунингдек, меҳнат фахрийлари Т. Эрметов, Д. Расулов, Эрпўлат Юнусов, Акбар Абдуллаев ва бошқалар билан фахрланишга ҳақлимиз.
Сўзга чиққан битирувчилар мактаб ҳаётига оид эсдаликларини айтишиб, турли қизиқарли воқеаларни ёдга олишди.
Табрик учун сўзга чиққан вилоят маслаҳати депутати, “NiK” корпорацияси президенти Б. Нишонқулов фахрий битирувчиларга совға-саломлар улашиб, эзгу тилакларини етказди.
Кекса отахон ва онахонларни табриклаш учун сўз олган мактабнинг 10-синф ўқувчилари Ҳулкар Абубакирова ва Дурдона Юсуфжонова Ватанимиз равнақи йўлида қилган меҳнатлари учун уларга миннатдорчилик изҳор этишди. Дарҳақиқат, уларнинг ҳаёт йўли ёшларга доим ибрат мактаби бўлишини алоҳида таъкидлашди. Ёшлар ҳам, худди ота-боболари ва момолари каби ҳаётда улкан ютуқларга эришишга ваъда беришди.
Тадбирнинг давоми Тожимат ака Йўлдошев хонадонида тўкин ва файзли дастурхон атрофида давом этди. Синфдошлар собиқ СССР даврини, талабалик йилларини завқ-шавқ билан хотирлашди. Ўша йиллари мактабда кўплаб саҳнавий кўринишлар қўйилган экан. Айниқса ҳозирги кунда Сайрам даҳасида истиқомат қилувчи Тўраш ота Эрметовнинг хотиралари, саҳнавий асардан ижро қилган монологлари даврадагиларнинг катта қизиқишини уйғотди…
Эрталаб учрашувга ҳасса таяниб келган отахонлар-у онахонлар, бамисоли ёшариб, куч ва ғайратга тўлиб кетгандек эдилар.
Синфдошлар бундай дийдорлашувларни тез-тез уюштиришга, жумладан, келгуси учрашувни Эрпўлат отанинг хонадонида ўтказишга келишиб олишди. 80 ёшни ортда қолдириб, 90 билан тўқнашувга ҳозирлик кўраётган отахонлар-у онахонларни ўша куни мактаб жамоаси, қишлоқ фаоллари тантанали равишда кузатиб қўйишди.
Тадбир қатнашчилари бир олам таассуротлар билан уйларига қайтишар эканлар, келаси учрашувларда ҳам омонлик-эсонликда кўришиш насиб этишини сўраб, эзгу тилакларини билдиришди.

Дўсмат ЮНУСМАТОВ.
Сайрам тумани.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ