Жарроҳ Ҳакимов

Адҳам Ҳакимов (ўртада) укалари Анвар ва Равшан, жиянлари Шуҳрат ва Суҳроблар даврасида.

Адҳам Ҳакимов (ўртада) укалари Анвар ва Равшан, жиянлари Шуҳрат ва Суҳроблар даврасида.

Таниқли жарроҳ, вилоят соғликни сақлаш соҳасига самарали ҳисса қўшган олий тоифали шифокор Адҳам Ҳакимов ҳақида илгари ҳам кўп илиқ гаплар эшитиб юрардим. Мавриди келиб, машҳур ҳамюртимизнинг йилнинг бошида нишонланадиган таваллуд куни арафасида хотира мақоласини ёзишга жазм этдим…
Тиббиёт бугун жадал тараққий этиб кетди. Бироқ унинг тарихига назар солсак, ҳозирги кунда оддий кўринган жарроҳиликларнинг бир вақтлар мўъжизадек қабул қилинганини унутмаслик лозим. Ўтган асрнинг 60-, 70-, 80-йилларида юракни жарроҳи қилдириш учун Москва, Ленинград шаҳарларига боришга, қийинчиликлар билан шифохоналарга жойлашишга тўғри келарди. Шимкентлик беморлар пойтахт касалхоналарининг остонасини тўзитиб юрганларида Адҳам Рустам ўғли шаҳарда қирққа яқин беморнинг юрагини жарроҳи қилиб, уларга ҳаёт ато этган экан.
У шаҳардаги кўпболали, оддийгина оиланинг фарзанди эди. Билимга чанқоқлик, интилувчанлик ва иштиёқ туфайли у олдига катта мақсадлар қўяди. 1951 йилда Иттифоқ даврида энг нуфузли бўлган Тошкент тиббиёт институтига ўқишга киради. Ўқишдан сўнг уни пойтахт шаҳарда ишга қолишга таклиф этишганида она юртига қайтишни афзал кўради.
Дастлаб шаҳардаги 4-сонли тиббиёт бирлашмасида меҳнат фаолиятини бошлаган Адҳам ака 1960 йилдан вилоят клиник касалхонасида шифокор-жарроҳ сифатида ишлаб келди. Аввал Харьков, сўнгра Москва шаҳарларида малакасини оширди, таниқли шифокорлардан тажриба ўрганди.
Муҳими, жуда кўп маслакдошлар орттирди. Керак бўлганида қанча-қанча ноёб шифокорларни биргаликда жарроҳи ўтказишга, баъзан эса, маслаҳат олишга вилоят касалхонасига жалб этарди. Чунки энг таниқли шифокорлар-у жарроҳлар унинг яқин дўстлари, танишлари эди. Уларнинг барчаси Адҳам акани  чуқур ҳурмат қилишар, эъзоз этишарди.  Шунинг учун ҳам 1968 йили вилоят шифохонасининг 100 йиллиги нишонланганида машҳур шифокор, узоқ йиллар ушбу масканни бошқарган В. Алиев, шунингдек, академик А. Вишневскийни тантанага таклиф этиш Адҳам аканинг зиммасига юкланади…

Адҳам ака вилоят касалхонасининг 100 йиллигида Шимкентга ташриф буюрган академик А. Вишневский, машҳур жарроҳ В. Алиев ва ҳамкасблари билан.

Адҳам ака вилоят касалхонасининг 100 йиллигида Шимкентга ташриф буюрган академик А. Вишневский, машҳур жарроҳ В. Алиев ва ҳамкасблари билан.

Вилоят санавиация штабини бошқарган даврларда Адҳам Рустам ўғлининг шуҳрати янада ошди. Мазкур даргоҳни у, қарийб 32 йил мобайнида бошқарди. Бу йилларда вилоятнинг турли-турфа бурчакларида бўлиб, қанча-қанча беморларга беғараз ёрдам кўрсатди. Ёрдамга муҳтож кишиларнинг жами 11 тумандан тушган чақирувларини қабул қилиш, жойларга етиб борганда энг тўғри қарорга келиш осон иш эмасди. Муҳими, Адҳам ака чақирилган жойга ўз вақтида кўмакка етиб борарди.
Шундай воқелардан бири Тулкибош туманида содир бўлганди… Олтинчи синф ўқувчиси болтани ноқулай ишлатиб, боши хавфли жароҳатланади. Вазиятни кўрган Адҳам ака вақтни бой бермаслиги керак эди. Нечоғлик қийин бўлишига қарамай, шифокор ўша жойнинг ўзида жарроҳини муваффақият билан ўтказади.
Айтишлари-ча, Адҳам аканинг энг севган машғулоти китоб ўқиш бўлган экан. Аммо шифокорларда бўш вақтнинг бўлмаслиги ҳам бор ҳақиқат.
Уни, айниқса Англиянинг премьер-министри У. Черчиллнинг ҳаёти ва фаолияти жуда қизиқтирган ва маҳлиё этган экан…
Адҳам Ҳакимовнинг кўпйиллик самарали фаолияти давлат ва ҳукумат томонидан муносиб тақдирланган. У “Соғликни сақлаш иши аълочиси”, “Шавкатли меҳнати учун”, “Меҳнат фахрийси” каби қатор медаллар, Қозоғистон ССР Соғликни сақлаш вазирлигининг, вилоят партия ва ижроия қўмиталарининг Фахрий ёрлиқлари билан мукофотланган.
Адҳам ака нафақага чиққач ҳам севимли касбини тарк этмади, вилоят эндокринология диспансерида фаолиятини давом эттирди.
Касбининг фидойиси, бурчига бир умр содиқ қолган шифокор Адҳам ака иш жойида, 72 ёшида тўсатдан вафот этади.
Унинг хизматлари, эзгу ишлари эл ёдида. Дарҳақиқат, шифокорнинг портрети бугунги кунда вилоят филармониясида шаҳар тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган меҳнат фахрийларининг қаторидан муносиб жой олган.

З. АҲМАДЖОНОВ.
Суратлар Ҳакимовларнинг оилавий
архивидан олинди.

Изоҳнинг ҳожати йўқ