Футболчиларимиз Россияга отланишди

Қорабулоқ қишлоғидаги «Қайнарбулоқ» мактаби ўқувчиларидан ташкил топган футбол жамоасининг аъзолари Россия Федерациясининг Геленжик шаҳрига жўнаб кетишди. Бундан 2 ой муқаддам ёш спортчиларимиз «Чарм тўп» республика мусобақасида чемпион бўлишганди. Мазкур турнирнинг навбатдаги босқичи қўшни мамлакатда ўтказиляпти. Жорий йилнинг 12 — 19 октябрь кунлари Краснодар вилоятида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларининг ёш футболчилари ўзаро куч синашадилар.

20151009_085709

— Ушбу мусобақада ҳам юқори натижаларни кўрсатишга ҳаракат қиламиз, — дейди футболчилар мураббийси Ойбек Тошметов. — Олдиндан бирор нарсани ваъда бермаймиз, сабаби, рақибларимизни, умуман кўрмаганмиз, уларнинг ўйин тактикаси бизга нотаниш. Бироқ шу бугунга қадар тўплаган тажрибамиз бор, куч — ғайратимизни ишга соламиз!
2002 — 2003 йилларда туғилган ўсмирлар гуруҳида Қозоғистон чемпионлигини қўлга киритган спортчиларнинг ушбу турнирга боролмай қолишлари эҳтимоли ҳам бор эди. Айрим сабабларга кўра, турнир ташкилотчилари йўл харажатларини беришмаган.
Лекин миллатдошларимиз орасида сахий ва ёшларимиз келажаги учун қайғурадиган инсонлар борлиги кўнгилларни қувонтиради. Бош ҳомий — 1974 йилги “Чарм тўп” мусобақасининг иштирокчиси, “Пахтакор” жамоасининг ўйинчиси, собиқ СССР даврида Сайрам туманидан чиққан футбол бўйича ягона спорт устаси, 1981 йили ўсмирлар ўртасида ўтган Европа чемпионатининг кумуш медали соҳиби, 1983 йили Мексикада ўсмирлар ўртасида ўтган жаҳон чемпионати иштирокчиси, СССР ёшлар терма жамоасининг аъзоси бўлган миллатимиз фахри, Сайрам тумани ўзбек этномаданият марказининг раиси Фахриддин Исломов, тадбиркорлардан Фахриддин Нишонқулов, Мирзахон Мирзаев, Неъмат Рустемов, Олимжон Нишонқуловлар мазкур хорижий сафарга ҳомийлик қилишди. Бундан ташқари, Қорабулоқ футбол федерацияси ҳам спортчиларнинг Россияда яхши ўйин кўрсатишларига ёрдам бериб, маблағ ажратди. Футбол клубининг аъзолари, уларнинг ота — оналари қўли ва кўнгли очиқ айни ҳамюртларига улкан миннатдорчилик билдиришди.

20151009_085043
— Биз ҳозир Россияга қараб йўл оляпмиз, юрагимизда қувонч ва шу билан бирга, улкан ғурур бор. Биз республикада биринчи ўринни олиб, энди бошқа давлатлардаги тенгдошларимиз билан учрашув ўтказишга тайёрмиз, — дейди Сардор Абдувоитов. — Команда ҳужумчиси бўлганим учун мендан катта масъулият талаб этилади. Фақатгина мен эмас, жамоамизнинг ҳар бир аъзоси ғалабага эришиш учун астойдил ҳаракат қилиши керак. Жамоамизга ҳомийлик қилган акаларимизга катта раҳмат! Биз, албатта ғалабага эришамиз!
Сардорнинг ниятлари ижобат бўлишини Оллоҳдан сўраймиз ҳамда ёш футболчиларимизга: “Оқ йўл!” — дея уларнинг зафарлар билан қайтишларини тилаймиз!

Г. РАСУЛОВА.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ