
Умр йўлларида ўзгаларга эзгулик улашиб, жамиятга манфаат келтириб яшаётган инсонларнинг манзили нурли, толеи саодатли бўлади.
Устоз! Ушбу сўз замирида бир дунё маъно мавжуддир. У шогирдлари қалбида зиё машъалини ёқади, ҳар бирининг баркамол, етук инсон бўлиб вояга етишини истайди.
Дарҳақиқат, шундай инсонлардан бири, Туркистон шаҳридаги Собир Раҳимов номли мактабнинг директори Раҳим ака Нишонов узоқ йиллар давомида маърифат ва маънавият соҳасида меҳнат қилиб, ёш авлодни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
У 1955 йил 23 мартда Туркистон шаҳрида туғилди. Ўрта мактабни тамомлагач, 1976 йилда Низомий номли Тошкент Давлат педагогика институтининг умумтехника фанлари факультетини битирган. Мана, қарийб, 40 йил давомида ўқитувчилик соҳасида фаолият кўрсатиб қелмоқда.
У 1982 — 1999 йилларда Туркистон шаҳрининг Ясси қишлоғидаги ўқув — ишлаб чиқариш комбинатида директор, 1985 — 1990 йиллари Калинин қишлоғида бошланғич партия ташкилотининг котиби вазифаларида ишлади. У олий тоифали устоз, “ҚР маориф аълочиси”дир. Уч маротаба Туркистон шаҳар маслаҳатининг депутати бўлиб сайланган.
Раҳим ака Бобожон ўғлининг педагогика соҳасидаги фаолияти ва жамоат ишларидаги самарали хизматлари муносиб тақдирланган. Жумладан, 2000 йили «Йил одами» унвонига эга бўлди. 2001 йили «Қозоғистон Республикаси Мустақиллигининг 10 йиллиги» медали билан тақдирланди. 2005 йили миллатлараро дўстлик ва тотувликни мукстаҳкамлашдаги фаолияти учун ҚР ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамиятининг «Ташаккурнома»си билан мукофотланди.
Шунингдек, Раҳим Нишонов Туркистон шаҳар ҳокими ва шаҳар маслаҳатининг, вилоят ҳокимининг, вилоят таълим департаментининг «Фахрий ёрлиқ»лари билан бир неча бор тақдирланган. 2005 йили унга “Туркистон шаҳрининг фахрий фуқароси» унвони берилди. Шу йили ёш авлодга таълим ва тарбия беришдаги самарали хизматлари учун ҚР Таълим ва фан вазирлигининг «Ибрай Алтинсарин» номли медали соҳиби бўлди. 2010 йили Жанубий Қозоғистон вилояти касаба уюшмасининг кўкрак нишони билан тақдирланди.
Раҳим ака Нишонов бошқараётган мактаб жамоаси сўнгги йилларда салмоқли ютуқларни қўлга киритмоқда. 2014 — 2015 ўқув йилида мактаб битирувчилари ЯМТ натижалари бўйича шаҳар миқёсида 9 — ўринни эгаллашди. Жумладан, 8 ўқувчи олийгоҳ талабаси, 2 ўқувчи илмий лойиҳада қатнашиб, вилоят бўйича І — ўрин соҳиби бўлди.
Устозлар байрами арафасида жамоамизга яна бир хушхабар келди: Қозоғистон Педагогика академияси илмий ассоциациясининг аъзоси Раҳим Бобожон ўғли Нишоновга мазкур академиянинг “Касбий маҳорат” илмий йўналиши бўйича профессор унвони берилди.
Жонкуяр ва фидойи раҳбар, олижаноб инсон Раҳим Бобожон ўғлини профессорлик унвони билан муборакбод этамиз! Келгусидаги фаолиятида унга мустаҳкам соғлик, машаққатли меҳнатида муваффақият, оиласига тинчлик ва барака тилаймиз!
Собир Раҳимов номли мактаб жамоаси,
Туркистон шаҳри.

