
Эътибор АҲМАДЖОНОВА, муҳаррир:
– “ЭКСПО-2017” халқаро кўргазмаси менда анча катта таассуротлар қолдирди. Саёҳатга ўзимни дунёга келтирган онажоним Лайло, жиянларим – Улуғбек ҳамда Нозима ва қизалоғим Солиҳа ҳам бирга боришди.
Кўргазмага қўйилган ҳар бир экспонатнинг ўзига яраша тарихи бор. Турли давлатлардан келтирилган янгиликларни, ўзининг фойдали томонлари билан иқтисодиётни ривожлантиришга етарлича ҳиссасини қўша оладиган, жозибаси ва камхаражатлилиги билан бири бирига мутлақо ўхшамайдиган экспонатларни томоша қилдик.
Россия давлатидан келтирилган айсберг музлигининг улкан парчасидан тушаётган томчилар диққатимни жалб этди. Улар, худди кўзлардан томчилаб турган кўз ёшларига жуда ўхшарди.
Ўзбекистондан келтирилган қуёш энергияси билан ҳаракатланувчи машиналар ҳам бизларга ёқди.
Саёҳатнинг яна бир қувонарли, эсда қоларли томони — қизалоғим Солиҳанинг туғилган кунини Астанада нишонладик.
Ҳиндистон азалдан ўзининг юқори навли ҳинд чойлари билан машҳур бўлиб келган. Ҳамкасбларимиз билан биргаликда оилаларимиз учун ана шу чойлардан харид қилдик.
Авваллари ҳам мен Астана шаҳрига борганман. Эндиги бўлишимда эса, шаҳарда ўзгаришлар анча катталигига ишонч ҳосил қилдим. Масалан, пирамида, китоб шаклидаги меҳмонхоналар, думалоқ коса шаклидаги президент архиви, миллий кутубхона, “Олтин одам” топилмасидаги одамнинг бош кийими шаклидаги бинолар янада гўзаллашиб, кечқурунлари ўзгача бир уйғунлик кашф этиб, ранг-баранг товланиб турибди.
Мен ушбу саёҳатда мириқиб дам олдим, жуда зўр эсдаликлар ва кўтаринки кайфият билан ўз юртимга қайтдим.
* * *
Меҳнат фаолиятимизни муносиб баҳолаб, бизга ушбу кўргазмага бориш учун бепул сертификат ҳадя этган директоримиз Гулираъно Анварбек қизига улкан миннатдорчилигимни изҳор этаман.

