
Яқинда серқуёш Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон Шимкент шаҳрида “Жаним-жаним” қўшиғи учун клип олиш мақсадида вилоятимиз меҳмони бўлди. Клипда кўпчилигимизга таниш Ҳалимахоним ҳам суратга тушди. Санъаткорлар ҳаётида содир бўлаётган янгиликлар билан қизиқувчилар яхши билишади. Биз эса, фурсатдан унумли фойдаланиш учун “Мирзо” театрининг етук қизиқчиси Ҳалима Ибрагимова билан суҳбатда бўлдик.
– Ҳалимахон, сиз комик ролларни ўйнаш учун куч-қувватни қаердан оласиз? Оилангизда санъаткор бўлганми?
– Бизнинг оиламизда, умуман санъаткорлар бўлмаган, лекин санъатга жудаям қизиқадиган оилаларданмиз.
– Қаерда таҳсил олгансиз ва биринчи бўлиб, саҳнага қандай қадам босгансиз?
– Мен ўзим, аслида Тошкент Давлат санъат институтининг драма — кино факультетини битирганман. Мени биринчи бўлиб, Шукирилло Исроилов саҳнага олиб чиққан. Менга роллар берганида ўзим қизиқиб кетганман. Китоб ўқиб, ҳар хил йўллар билан изланиб, шу даражага эришдим.
Саҳнага биринчи қадамим Шукирилло Исроилов билан кичик роль ижро этиш эди. Мен комедия ролларини ўйнашда, умуман қийналмайман. Менга гапиришдан кўра, саҳнада роль ўйнаган осонроқ.
Менинг кўринишим оддий кўриниш эмас, шунинг учун Шукирилло Исроилов билан ўйнаган ролларим кўпроқ. Бир-биримизга рол ўйнаганда мос келардик.
– “Ўзбекистон” каналида сизларни кам учратамиз. Бошқа қандай телеканалларда томоша қилишимиз мумкин?
– Миллий телеканалимиз бор ўзимизнинг — Тошкент шаҳрида. Кечки пайтда кўнгилочар қўрсатувлар намойиш этилмоқда. Бу каналимиз кенг тарқалган. Ҳар хил сайтлар орқали топишингиз мумкин.
– Сизни яна қандай янги ғоялар кутмоқда?
– Ҳозирча фильмлардан сал узоқроқ бўлиб, асосан клиплар устида ишламоқдаман. Янги кийимлар ва янги стилларда, концертларда иштирок этиш ҳаракатидаман.
– Феъл-атворингиз ҳаётда ва саҳнада бир хилми?
– Йўқ, айниқса Тошкент тилида тоза гапираман. Саҳнада адабий тилларда гапиришга ҳаракат қиламан. СССР пайтидаги устоз санъаткорлар ҳам қизиқчилик гапларини ҳаётларида жуда кўп қўлланар эканлар. Мен ҳаётдаги гапларимни саҳнада айтишга қийналган пайтларим бўлган.
Саҳнада кизиқчи бўлганим билан, ҳаётда жудаям жиддийман. Асосан комедия ролларини ўйнаганим учун мухлисларим ҳаётда ҳам шунақа, дея ўйлашади.
– Танловлардан ўтиб, санъаткор бўлгансизми?
– Ҳа, аниқ-аниқ гапирганим учун танловларда, кўпинча мени танлашар эди. Ўн бешта қизларнинг орасидан мени ҳайъат аъзолари ўйланмасдан: «Мана шу қиз» – дея танлаган пайтлари кўп бўлган.
– Қачон концерт қўйиш ниятингиз бор ва кимлар билан дуэт ижро этасиз?
– Янги йилга яқин, Худо хоҳласа, якка ўзим концерт қўймоқчиман. Шукирилло Исроилов, Райҳон, Сардор Раҳимхон билан бирга ижро этган дуэтларим бор, яна қўшиқларимни кўпайтириш арафасидаман.
– Концертингизни қаерда берасиз?
– «Истиқлол» ёки «Туркистон» санъат саройларининг бирида эмас, ресторанларда бериш ниятим бор. Сабаби: мухлисларимиз қуруқ ўтирмасдан, бемалол дам олишсин. Ўзимнинг ихлосмандларимнинг кўнгилларини кўтариб, уларнинг юракларидан чуқурроқ жой олиш учун шундай қарорга келдим.
– Рустам Хўжа билан қалин дўстсиз, қаерда ва қандай танишгансиз?
– Рустам мендан бир курс юқори ўқиган. Мен институтга кеч кирганман, лекин ёшимиз тенг. Мирзабек Холмедовнинг концертларида бирга иштирок этганмиз. Кўп йиллардан буён танишмиз. Жудаям яхши бола.
Сайрамдаги уйида меҳмон бўлганман. Аёли ҳам жуда яхши аёл, меҳмондўст. Рустам менинг дўстим бўлади. Астанада «Бауржан шоу» фестивалида бирга қатнашдик. Рустамнинг ижодига омадлар тилаб қоламан!
– Кичкина пайтингизда феъл-атворингиз жиҳатидан қандай бўлгансиз?
– Оилада тўртта қизмиз. Мени ҳамма туғилишимдан олдин ўғил бола, дея ўйлашган. Мен Худонинг иродаси билан қиз бола бўлиб дунёга келдим. Дадам: “Менинг ўғлим бўлмади” – дея, роса ўғил бола бўлишимни хоҳлаган.
Ёшлигимда ширин, оппоқ қиз бўлардим, дадам чет элларга борса, ҳаммамизга кийимлар олиб келиб берар эди. Боғчада устозларим кийимларимга ҳавас қилишарди. Ҳатто-ки, ечинтириб, кийимларимни томоша қилишарди.
Гуруҳимиздаги ўттизта боланинг орасида мен жудаям қайсар бўлганман. Ўзимнинг айтганим айтган, деганим деган бўларди. Ўринларимни ёнимдагилар тўғрилаб беришарди. Ҳаммасидан қизиғи: фамилиям кўп эсимдан чиқиб қолар эди. Нозима исмли битта қиз бўларди шундан сўрардим: “Нозима, менинг фамилиям қандай?” – деб. Аълочи бўлиб, мактабни битиргунимча синфком бўлганман.
– «Жануб жарчилари» газетасига ниятларингиз…
– «Жануб жарчилари» газетаси янгиликларга бой, ҳаётдан олинган ва жудаям маъноли, қизиқарли мақолалари билан дунё бўйлаб номи жаранглайверсин! Ишларингизга ривож ва омадлар тилаб қоламан! Ҳар доим биринчи газеталардан бири бўлсин!
ШАҲЗОДА.

