
Бугунги кунда мустақил Қозоғистонимизда спортга бўлган эътибор кучайтирилмоқда.
Яқинда Алмати шаҳрида “Универсиада-2017” доирасида спорт мусобақалари ўтказилди. Бу бизнинг давлатимиз учун катта ютуқ эканлиги президентимиз Нурсултан Назарбаевнинг яқинда халққа йўллаган Мактубида кўрсатилган.
Вилоятимизда, туманимизда болаларимизнинг спортга бўлган қизиқишларини орттириш мақсадида спорт мактаблари ташкил қилинмоқда. Қорабулоқ қишлоғида ҳам 4-сонли спорт мактаби ташкил қилинди.
Ҳозирги кунда Маъруфжон Абдишукуров бошчилигидаги мазкур спорт мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Қорабулоқ марказида жойлашган спорт мактаби ўғил-қизларнинг севимли масканига айланди. Ушбу мактабнинг очилиши қишлоқ аҳолиси учун ажойиб совға бўлди. Чунки болаларнинг бўш вақтларини бекор ўтказмасликлари учун қўшимча спорт иншооти очилди.
Мактаб биносида барча зарур жиҳозлар ва тренажёрлар билан таъминланган спорт зали, тиббиёт, ювиниш ва кийим алмаштириш хоналари мавжуд. Бу ерда 1 500 нафардан зиёд ўғил-қиз футбол, баскетбол, волейбол, стол тенниси, таеквондо, эркин ва юнон-рум кураши, бокс каби спорт турлари билан шуғулланиш имконига эгадирлар.
– Мен бу спорт мактабида эркин кураш билан шуғулланаман. Жамоамиз билан турли мусобақаларда совринли ўринларни эгалладик, – дейди Ҳамза номли 3-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчиси Шаҳзод Ибрагимов. – Мазкур иншоотнинг мактабимиз ёнида эканлиги биз учун катта қулайлик яратади.
– Спорт мактабининг фойдаланишга топширилгани, нафақат фарзандларимизни, балки ота-оналарни ҳам қувонтирди, – дейди Абдусамад Ибрагимов. – Фарзандим ушбу мактабда эркин кураш билан шуғулланади. Эркин курашдан Қарағанди шаҳрида ўтказилган Республика турнирида ғолиб бўлди. Бу шараф билан ўғлимиз бизни ва барча қишлоқ аҳлини қувонтирди.
Маъруфжон АБДИШУКУРОВ, 4-сонли спорт мактабининг директори:
– Бизнинг спорт мактабимиз очилгани қишлоғимиз аҳолиси учун катта ютуқ бўлди. Мактаб ўқувчилари қўшимча билим олишиб, бугунги кунда республика, ҳатто, халқаро турнирларда қатнашиб, самарали ўринларга эга бўлиб қайтишмоқда. Волейболдан бизнинг жамоамиз Ўскемен шаҳрида бўлиб ўтган ҚР кузги чемпионатида қатнашиб, 1-ўринни эгаллади. Яқинда эса, 2001-2002 йии туғилган ўсмирлар орасидаги ҚР қишки чемпионатида яна 1-ўринни эгаллаб қайтдик. Бундай ютуқларга ўз ҳиссаларини қўшган спорт усталари — Комилжон Сайдалиев, Шерзод Ғуломов, Руфат Ҳамроқуловларнинг меҳнатлари намоёндир. Бу спортчиларимизни қутлаш учун Сидней олимпиадасининг кумуш медаль совриндори Мухтархон Дилдабеков Қорабулоқ қишлоғига ташриф буюрди.
Ундан ташқари, футбол бўйича устозлардан Сайтмурод Тошметов, Каримжон Қосимбековларнинг ишлари юқори баҳоланиб келинмоқда.
Вилоят маслаҳатининг депутати Бадриддин Нишонқулов туфайли қишлоғимизда футбол ўйинлари анча жонланди. Ёш ўспиринлар орасида ўтказилган халқаро турнирда бизнинг футбол жамоамиз қатнашиб, ўз иштиёқларини янада орттиришди. Спортни ривожлантиришда жонбозлик кўрсатган Бадриддин Нишонқуловга ўхшаган фидокорларга қишлоқ аҳолиси номидан миннатдорчилик билдираман.
Ҳа, мазкур спорт мактабида билим олган бир қатор ёш спортчилар орасида “Спорт устаси” деган унвонга номзодлар ҳам кўпайди. Улардан Шаҳзод Ибрагимов ҳамда Руслан Мавлонқулов – эркин кураш бўйича ушбу унвонни Қарағанди шаҳрида ўтказилган турнирда оқлаб қайтишди. Устозлари Абдуқаҳҳор Шерназаров тиниб-тинчимай меҳнат қилиб бормоқда.
Бугунги ёшларимиз эзгу мақсадларининг ушалишига ишонишади. Зеро, давлатимизда бунинг учун етарли шароитлар яратилган. Мазкур имкониятларни қўлдан бой бермай, ёшларимиз улардан унумли фойдаланишса, мақсадга мувофиқдир. Ана шунда уларнинг юқори чўққилардан кўринишлари, шубҳасиз.
Дилноза ҲАСАНОВА.

