Узбек миллий мусиқасининг келажаги қандай бўлади? Нега санъат жабҳасида ривожланиш суст? Санъаткорларнинг асосий муаммолари нима?
Мана шу каби саволлар вилоят санъаткорлар уюшмасининг: “Дийдор ширин” – дея номланган давра суҳбатида янгради.
Яратганга минг бора шукур, халқимиз орасида ҳақиқий истеъдод эгалари кўп. Заминимиз қанча-қанча санъат дарғаларини дунёга келтириб, уларни халқимизга танитди. Уларнинг санъати ва истеъдоди эса, ўзбек халқининг маданий-мусиқий меросидан муносиб жой эгаллаган.
Неъматжон Қулабдуллаев, Тўлқинжон Ҳасанов, Сайдилла Маҳмудов, Ғиёс Бойтоев, Рустам Ғоипов… Ушбу рўйхатни давом эттиргим келади-ю, аммо бу маданият арбобларига яқинлаша оладиганларни топиш мушкул бўлаяпти. Нега?
Диёримизда ҳақиқий истеъдодлар туғилмай қўйдими? Ё биз санъатга меҳрни йўқотаяпмизми? Саволлар кўп. Жавоб топиш мушкул.
Санъатимизнинг, маданиятимизнинг фидойиси, жонкуяри Сайдилла ака Маҳмудовни ҳам, айнан шундай саволлар қийнайди. Кўп йиллар давомида у санъаткорлар уюшмасига раҳбарлик қилди. Ўз даврида у Сайрамдаги мусиқа мактабида ишлаганида ўзбек миллий чолғу асбоблари синфлари кўплаб очилиб, фарзандларимизга мусиқий таълим берган инсонлардан.
“Шогирдлар ва устозлар гавжум бўлган мусиқа мактаблари замон ўтиши билан тарихга айланаяпти” – дейди устоз санъаткор. Бу вазиятда нима қилиш керак? Не қилсак аҳвол яхшиланади? Санъаткорларимизнинг профессионал даражасини қандай оширсак бўлади?
– Бунинг учун мусиқа мактаблари қошида ўзбек миллий чолғу асбоблари бўйича синфлар ташкил этиш керак. Лекин бу ерда ҳам муаммо. Ўша синфдаги ўқувчиларга кимлар дарс беради? – дея ажабланади Сайдилла ака.
– Ушбу жабҳага ўзгартириш киритиш учун маълум бир режа тузиб, қатор йиллар давомида меҳнат қилишга тўғри келади. Ўзбекистондаги консерватория, театр ва рассомчилик институтларида, авваламбор, биздаги мактабларда билим берадиган устозларни ўқитиш керак. Республика миқёсидаги ўзбек этномаданият маркази йилига бир нафардан бўлса ҳам талабаларни шу ёқда ўқитиш масаласини ечса – нур устига аъло нур бўларди, – дейди суҳбатдошимиз.
Сайдилла МАҲМУДОВ:
– Яқинда Астана шаҳридан бизга шундай таклиф келди: мусиқа коллежида ўзбек миллий чолғу асбоблари гуруҳини ташкил этишмоқчи. Менимча, буни ташкил этишдан аввал, мусиқа мактабларида синфлар очиб, ўқувчиларга мусиқанинг асосларини ўргатиш керак. Мана, яқинда Ўзбекистондан бизга “Шарқ тароналари” анъанавий фестивалига таклифнома келди. Ушбу халқаро анжуманда иштирок этиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Унга, ҳақиқатдан, кучли, маҳорати чархланган санъаткорлар иштирок этишлари керак. Биз бунга жуда катта масъулият билан ёндашиб, танлов асосида иштирокчиларни саралаш ниятидамиз. Сабаби, бизнинг вакилимиз Қозоғистон шаънини муносиб ҳимоя қилиши керак.
“Устоз санъаткорнинг фикрини инкор этиб бўлмайди. Юқорида айтилган муаммоларни ечиш учун анча-мунча ишлар амалга оширилаяпти. Бироқ кўзланган натижага етолмаётирмиз. Санъатдаги йигит-қизларимизнинг аҳволи оғир” – дейди “Офарин!” жамғармасининг асосчиси Собиржон Исаев.
Бизда махсус бир ташкилот очиб, қўшиқчи-ю созандаларга фаолият юритишлари учун лицензия бериш керак, дея ҳисоблайди у. Буларнинг барчасига эса, маблағ керак. Ана шу масала — энг долзарб муаммодир.
Собиржон Исаев, “Офарин!” жамғармаси:
– Биласизми, оддийгина сайт очиш учун катта маблағ керак. Уни ҳомийларсиз амалга ошириш қийин. Сайт орқали биз дунё миқёсига чиқишимиз мумкин. Ўзимиз ҳақимизда, айнан шу восита орқали баралла айтиш имкониятимиз бор. Афсуски бунга маблағ йўқ. Ниятимиз: шу ерда радио очиш, у орқали она тилимизда ҳам эшиттиришлар бериб бориш. Бундан илгари бир неча йиллар давомида радиоэшиттиришларни бошлаганмиз. Аммо маблағ етишмаганидан уни ёпишга тўғри келди. Биздаги энг катта муаммо – санъаткор дардини тинглайдиган тадбиркор йўқ.
“Санъаткор” уюшмаси вилоятимизда кўп йиллар аввал ташкил этилган. Бироз маданий тадбирлар, айнан шу уюшма раҳнамолигида ўтказилган. Бугунги кунда, ҳақиқатдан-да, фаолият анча тўхтаб қолган.
Санъаткорларга, оз бўлса-да, мадад бўлиш, уларнинг муаммоларини тинглаш мақсадида ушбу тадбирга ҳомийлик қилган Тоҳирбек Нишонбоев ўзи ҳам ёшлигида қўшиқ куйлаганини яширмади. Шу боис, кеча давомида айтилган фикрларга у бефарқ эмаслигини билдирди. У ўз навбатида санъаткорларга кўмак кўрсатиш, турли маданий тадбирларни юқори савияда ўтказишга ёрдам беришини таъкидлади.
Таклиф этилган меҳмонлар қаторида вилоят маслаҳатининг депутати Бадриддин Нишонқулов ҳам бор. Унинг айтиши-ча, маданият ва спорт ҳар қандай давлатни дунёга танитади. Шунинг учун, ушбу икки жабҳага алоҳида эътибор берилади. Вилоятимизда ҳам бунга бюджетдан катта маблағлар ажратилади. Эндиги галда, айнан бизнинг санъаткорларимиз муаммоларини ечиш учун аниқ режа тузиб, маблағ манбаларини белгилаб, бунга жавобгар шахсларни бириктирган ҳолда иш юритмоқ кераклигини халқ вакили алоҳида айтиб ўтди.
Давра суҳбати санъаткорларнинг дилтортар қўшиқларини ижро этишлари билан давом этди.
Йиғилганлар бундай учрашувни ташкил этган Собиржон Исаевга, санъаткорлар уюшмаси раиси Равшан Файзиевга, ҳомийлик қилган Тоҳирбек Нишонбоевга миннатдорчилик билдиришди.
Гулираъно РАСУЛОВА.

