
Умрлар бўладики, тирикликда ўликдир,
Умрлар бўладики, ўлганда ҳам тирикдир.
Мақсуд Шайхзоданинг ушбу сатрларини эслар экансиз, беихтиёр, ўз умрингизни сарҳисоб қилгингиз келиб кетади. Сиз қайси бирига муносиб эканлигингизни аниқлаш қийин кечади. Чунки ўзингизга баҳо бериш ниҳоятда қийин иш.
Одатда, шоирлар, актёрлар, рассомлар кўпинча вафотларидан кейин юзага чиқади, деган халқимиз орасида ҳазиломуз гап юради. Санъаткорлар, деганимизда кўз олдимизга, энг аввал хонандалар, раққосалар, актёр ва актрисалар, улар ижросидаги роллар гавдаланади. Улар орасида шундай инсонлар ҳам борки, улар тириклик чоғларидаёқ ўзларига яраша бой мерос орттирган, бетакрор, ибратли умр соҳиблари бўлган, маҳорати ва қобилияти билан халқимиз дилидан жой ололган, камтаринлиги билан ўрнак бўлолган, ўзидан шогирдлари учун унутилмас лаҳзаларни мерос қилиб қолдиришган.
Ана шундай инсонлардан бири — СССР халқ артисти, Ўзбекистон халқ артисти унвонлари соҳиби, бир неча орденлар, медаллар ва фахрий мукофотлар эгаси бўлган Шукур ака Бурҳоновдир.
Шукур ака Бурҳонов 1910 йилда Тошкент шаҳрида дунёга келган. Қишлоқ хўжалиги техникумини тамомлаган. 1928 йилдан ўзбек давлат драма театри (ҳозирги Ўзбекистон миллий академик драма театри)нинг классик ва замонавий ўзбек, рус, хориж драматургларининг сара асарларида ўнлаб ролларни, бетакрор образларни яратади. 1945 йилдан КПСС аъзоси бўлган.
Шукур ака ўзбек театрининг саҳнасида биринчилардан бўлиб, “Кремль курантлари” спектаклида Ленин образини ярата олган актёр ҳисобланади. “Эсдан чиқмас 1919 йил”, “Йўлчи юлдуз”, “Ревизор”, “Бой ила хизматчи” (Ғофур ролида), “Қутлуғ қон” (Йўлчи ролида), “Юлий Цезарь” (Брут ролида), “Шоҳ Эдип” (шоҳ Эдип ролида), “Қиёмат қарз” (Сулаймон ота ролида) каби бир неча спектакллар ўзбек театр санъатининг олтин фондида сақланиб келинмоқда.
Шукур ака Бурҳонов 1939 йилдан кино оламига кириб келади. Унинг “Асал” кинофильмидаги ижро этган Рустам роли, “Тоҳир ва Зуҳра” фильмидаги Қоработир, “Синчалак” фильмидаги Арслонбек Қаландаров ва бир қатор ижро этган бошқа роллари кўпчилик томонидан яхши кутиб олинган.
Шукур ака ўз устида ишлашни хуш кўрадиган инсонлардан эди. У киши оиласини эъзозлаган ҳолда театрни ўз уйи, театр жамоасини ўз оила аъзоларидай қабул қиларди. Бутун куч-қувватини, диққат-эътиборини ўзи ижро этган ролларга қаратарди.
Шукур Бурҳоновнинг саъй-ҳаракатлари ва меҳнатлари юксак эътироф этилиб, давлат томонидан муносиб тақдирланган, десак муболаға бўлмайди. 1940 йилда Ўзбекистон ССР халқ артисти унвони, 1945 йилда “Меҳнат Қизил байроқ” ордени, 1951 йилда “Ҳурмат белгиси” ордени, 1959 йилда СССР халқ артисти унвони, 1964 йилда Ҳамза номидаги Давлат мукофоти лауреати, 1970 йилда Ленин ордени, 1980 йилда “Октябрь революцияси” ордени, “Синчалак” фильми учун (1962), “Улуғбек юлдузлари” фильми учун (1966) алоҳида дипломлар, Киев шаҳри, Қозоғистон ва Ўрта Осиё давлатларининг бир неча фахрий ёрлиқлари ҳамда совринлари билан мукофотланган.
Инсон қанча йил, қандай яшаса ҳам, бу фонийни тарк этиши муқаррар. Ўзидан яхшиликлар, ўчмас из, яхши амаллар қолдира билиш ҳар кимнинг ҳам насибасига ёзилган эмас. Ибтидоси борнинг, албатта интиҳоси борлиги айни ҳақиқатдир.
Халқнинг дилида мангу барҳаёт сиймо, моҳир кино ва театр актёри, юзлаб роллар ижрочиси Шукур ака Бурҳонов 1987 йилнинг 15 август куни вафот этган. Марҳумнинг қабри Чиғатой қабристонида жойлашган.
Гулбаҳром АБАТОВА тайёрлади.

