
ҚР ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамияти раисининг телефонларидан бири,тўсатдан қаттиқ жиринглаб қолди. Кабинетга, энди кириб келган Икромжон портфелини столга қўяр-қўймас, гўшакни кўтарди. Тошкентдан Ғиёс Бойтоев экан. Салом-аликдан кейин у сўзлади:
– Урганчда президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан машҳур устоз ҳофиз Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллик тўйи нишонланаётганидан хабарингиз бор. “Ўзбекконцерт” бирлашмаси раиси Азамат Ҳайдаровнинг маълум қилиши-ча, анжуманга Тожикистондан СССР халқ артисти Жўрабек Муродов, Қирғизистондан Ўзбекистон халқ артисти Расулжон Урайимжонов таклиф этилибдилар. Қозоғистондан ҳам таниқли санъаткор иштирок этиши керак экан. Сиз республика ўзбеклари сардори сифатида кимни тавсия этасиз?
–Мен, ҳеч иккиланмай, таниқли ҳофизимиз Тўлқинжон ака Ҳасановнинг номзодида тўхталган бўлардим! – “Дўстлик” ҳамжамияти раисининг жавоби шундай бўлди.
…Мана, шу тарзда олис йўлга отланган ҳофизимизни Тошкентда соҳирнафас шогирди, Кўлкентнинг асл фарзанди Ғиёсжон кутиб олиб, “Ўзбекконцерт” бирлашмасига олиб борди. Эртаси тонгда Тўлқинжон президентнинг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, маданият вазирининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Ҳожиматов, тожикистонлик машҳур хонанда Жўрабек Муродов, “Ўзбекконцерт” бирлашмаси директори Азамат Ҳайдаровлар иштирок этган нуфузли делегация таркибида Урганчга парвоз қилди. Меҳмонларни Хоразм вилояти ҳокими Пўлатжон Бобожонов бошчилигидаги мезбонлар карнай-сурнайларнинг садолари остида кутиб олишди.
Афсонавий ҳофиз қабри тепасида Қуръон тиловат қилиш ниятидаги Т. Ҳасановни ўша ёққа бориш учун ҳукумат машинасига таклиф этишганида у қувониб кетди. Маълум бўлиши-ча, ҳамроҳи, Комилжон Отаниёзовнинг содиқ шогирди Ж. Муродов ўзларининг мана шу муштарак мақсадлари ҳақида аллақачон ташкилотчиларни воқиф этиб қўйган экан.
Ташрифчилар қабристонда Тожикистоннинг айни фахрий ўғлони аввалги бир ташрифи чоғида Хоразмнинг яна битта булбули — Каримбой Раҳмонов билан иккиси ўтқазган нодир дарахтнинг гуркираб ўсаётганини кўрганларида уларнинг қалблари қувончларга тўлиб кетди.
Ҳофизнинг киндик қони томган Шовот заминида у кишининг 60 ёшлардаги қизлари Роҳатой Отаниёзова мудирлик қилаётган уй-музейини ҳам зиёрат қилишди. Бу ерда Хоразмнинг тағин бир фахри, шоир Омон Матчон нутқ сўзлади.
Сўнг Юртбоши белгилаб берган вазифа–Комилжон Отаниёзов номидаги “Ёшлар ижод маркази” ва ҳофизнинг бюсти очилди. Унда Тўлқинжонни ҳам минбарга таклиф этишди.
Бобомурод Ҳамдамов, Ортиқ Отажонов, Оғабек Собиров, Каримбой Раҳмонов, Раҳматжон Қурбонов ва болалар ижросида янграган концертдан илҳомланган ҳамюртимиз ўзининг Абай ва Юсуф Сарёмий Ватани Қозоғистондан келганлигини, ватандошлари ҳам Комилжон Отаниёзов хонишларини севиб тинглашларини, ўзи эса, “Хоразм лазгиси”, ”Жафо қилурсан” қўшиқларини қозоғистонлик мухлислар эътиборига илҳом билан ҳавола этаётганлигини, қўшиқчилик санъати тобора ривожланиб бораётган Жанубий Қозоғистонда ҳам “Ёшлар ижод маркази“ очиш ниятлари борлигини маълум қилди.
Тушликда уюштирилган давра тадбирида Тўлқинжон бир жуфт қўшиқ куйлади. “Тортадур” ва ”Найлайин” хонишлари янграганида, ижрочини кўриш учун устазода қўшиқчилар, ҳатто, ўринларидан туриб кетишди. Ака-ука Матчоновларнинг торини чалаётган ҳамюртимиз Тошкент Давлат педагогика институти мусиқа факультетининг рубоб бўлимида таҳсил олганини аниқлашган устозлар мамнунликларини яширишмади.
Анжуманнинг якуний кунида “Комилжон Отаниёзов ижодий меросининг Марказий Осиё халқлари маданияти ва санъатида тутган ўрни” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда президиумдан жой олган юртимиз вакили яна сўзга чиқиб, олган таассуротлари ҳақида тўлиб-тошиб гапирди. Ўзбекистонда китобга меҳр асл ҳолига қайтаётгани уни мамнун этди.
–Менга ҳофизнинг падари бузруквори Отаниёз Ниёзийнинг “Жамолин орзу айлаб” шеърий тўплами, Комилжон Отаниёзовнинг “Мен ўзбекнинг ўғлиман” китоби, таниқли ҳофиз Раҳматжон Қурбоновнинг “Устоз йўлларидан” эсдаликлари ва Абдулла Сафоевнинг “Устоздан қолган дунё” тўпламларини тортиқ этишганида бошим осмонларга етиб кетди, – дейди суҳбатдошим қувониб.
Қадим ва навқирон Хива шаҳрининг Ичон қалъасида ўтган якуний концертда Жўрабек Муродов “Феруз” қўшиғини саҳнага олиб чиқди. “Зулайҳо” қўшиғи эса, ҳаммани рақсга чорлади. Миннатдорлик рамзи сифатида хонандага тор ҳадя этишди. Вилоят раҳбарининг қўлидан зарбоф тўнлар кийишди.
Эртасига ҳамманинг илк бор ўтган ушбу улкан тадбирдан бошлари осмонга етиб, Урганч билан хўшлашдилар. Тошкентга келиб қўнган Тўлқинжон Ҳасановни яна Ғ. Бойтоев кутиб олиб, Ғишткўприк назорат-ўтказиш масканигача кузатиб қўйди…
Ҳавазмат ҚЎЧҚОРОВ.
* * *
Тасвирда: Тўлқинжон ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг қизи Роҳатой Отаниёзова, “Ўзбекконцерт” бирлашмасининг директори Азамат Ҳайдаров ва Жўрабек Муродов билан.

