Жанубий Қозоғистон вилояти ўзбек этномаданият жамоат
бирлашмаси раислигига номзод
Бадриддин НИШОНҚУЛОВнинг
сайловолди дастури
Давлат раҳбари, Элбоши Н. А. Назарбаевнинг “Қозоғистоннинг учинчи замонавийлашуви: Дунёвий рақобатбардошлик” номли Қозоғистон халқига Мактуби барча қозоғистонликлар олдига жаҳон ҳамжамиятидаги ривожланган давлатлар ўттизлиги орасида ўзининг лойиқ ўрнини топадиган мамлакат барпо этишнинг аниқ устуворликларини ва вазифаларини қўйди.
Ўзини ватанпарвар ҳисоблайдиган ҳар бир миллатдошимиз ушбу вазифаларни амалга оширишга бор куч-ғайратларини сафарбар этишида халқимизнинг кўп асрлик миллий қадриятлари, урф-одатлари ва анъаналари муҳим ўрин тутади.
Қозоғистон ўзбеклари, асосан Жанубий Қозоғистон вилоятида истиқомат қилишади. Шу боис, кўпмиллатли Қозоғистоннинг иқтисодий, маданий ва ижтимоий ривожланишида Қозоғистон ўзбекларининг фаол иштироклари Жанубий Қозоғистон вилояти ўзбек этномаданият марказининг кўп қиррали, самарали иш фаолияти билан аниқланади. Марказ иши янги давр талабларига мос янги йўналишларни, иш усулларини, фаолларнинг янги вакилларини жалб этишни тақозо этади.
Вилоят ўзбек этномаданият маркази раислигига номзодимни қўйишимдан мақсадим — марказ фаолиятини ҳамюртларимизнинг ижтимоий, маънавий ва маданий эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ташкил этишга эътиборни қаратишдан иборат. Республика ва вилоят этномаданият марказларидаги жамоат ишларимни ва бир неча бор туман ҳамда вилоят даражасидаги депутатлик тажрибаларимга таянган ҳолда, марказ фаолиятини янги сифат даражасига кўтариш учун, аввало, қуйидаги масалаларни ечиш зарур, деб ҳисоблайман:
I.Ташкилий масалалар:
1.Биринчи навбатда, халқимизни бирлаштириш, дўстлигимизни кучайтириш, давлат сиёсатини тўлиқ қўллаган ҳолда, Қозоғистон ривожига муносиб ҳисса қўшиш.
2.Ҳамма муаммоларга “юқоридан қараш” принципи бўйича иш юритиш, келишмовчиликларни келиштиришга олиб келиш.
3.Вилоят ўзбек этномаданият марказида маслаҳатдошлар гуруҳини тузиш. Ҳар бир аъзонинг марказнинг йиллик иш режаси асосида аниқ ва натижали ишлашини таъминлаш. Асосий эътиборни, қатъий ҳолда, иш режаси билан ишлашга қаратиш.
4.Низомда кўрсатилганидек, жойлардаги этномаданият марказларининг ҳужжатларини бир меъёрга келтириш ва ҳар бир аъзога ўзини ушбу этномаданият бирлашмасининг сафида эканлигини ҳис қилдириш.
5.Бугунги кундаги статистикага суянсак, вилоят ўзбек этномаданият марказидаги аёллар ва ёшларнинг сони 5-7 фоизни ташкил этади. Шуни 30 фоизга етказиш ва уларни жамоат ишларига амалда фаол қатнаштириш. Жамоат ишларига фаол иштироки орқали уларни халққа яқиндан таништириш. Бугунги кунда уларга етарли даражада эътибор берилмаётир.
II.Таълим соҳасида бажариладиган ишлар:
1.Билимли ёшларга мотивация бериш – уларни семинарлар, тренинглар, халқаро танловларга қатнаштириб, юқори натижаларга эриштириш.
2.Олий ўқув юртлари (ОЎЮ)да грант соҳибларини кўпайтириш.
3.“Флекс” ва бошқа халқаро дастурлар доирасида ёшларни АҚШга бепул ўқишга юбориш ишларини давом эттириш.
4.Назарбаев Университети, КИМЭП, Козоқ-Британия техника университети, Сулейман Демирел номидаги университет (Туркия) ҳамда бошқа чет эллардаги ОЎЮга иқтидорли ёшларни ўқишга юборишни давом эттириш.
5.“Тест билимдони” танловини вилоят миқёсида ўтказиш.
6.Олимпиадалар ва турли танловлар ўтказиш, уларга қозоқ ва рус тилларида билим берадиган мактаблар ўқувчиларини қўшиш.
7.Элбошининг “ Ҳамма учун бепул ҳунар-техника таълими” лойиҳасини амалга оширишни жамоатчилик асосида қўллаб-қувватлаш. Ишсиз ва ўз-ўзини банд қилган ёшларимизнинг касб-ҳунар эгаллашлари ва иш билан таъминланишларига ҳамжиҳатлик қилиш.
III.Маданият соҳасидаги режалар:
1.“Офарин!” танловини янги форматда ўтказиш, ёш санъаткорларни кашф этиш учун турли танловлар ўтказиш.
2.Аёлларимиз иштирокида лапарчилар танловини тиклаш.
3.Вилоятимиздаги мусиқа мактабларида ўзбек миллий чолғу асбоблари синфларини очиш. Мусиқа коллежида ҳам шундай гуруҳ очиш.
4.Атоқли адабиёт ва санъат намояндалари билан ижодий учрашувлар уюштириш ва ўтказиш.
5.Она тилимиздаги газеталар ва журналларнинг таълимий-тарбиявий аҳамиятини кучайтириш, ёшлар орасида классик ва замонавий адабиёт дурдоналарининг кенг мутолаа қилинишига эришиш.
6.Жорий йилда 400 нафар кишини Астана шаҳрига “ЭКСПО-2017”га олиб бориш.
7.Ўзбек маҳаллаларининг иш фаолиятини жонлантириш. Маҳаллий ҳокимиятлар, тўбебийлар билан ҳамкорликда маҳалла қўмиталари фаоллари ишининг тарбиявий, ахлоқий-маданий таъсирчанлигини кучайтириш.
8.Вилоят ўзбек этномаданият маркази томонидан ташкил қилинаётган ишлар тўғрисида маҳаллий оммавий ахборот воситалари (ОАВ) орқали мақолалар ва видеолавҳалар бериб бориш.
IV. Молия соҳасидаги режалар:
1. Қишлоқ, шаҳар, туман ва вилоят ўзбек этномаданият марказларининг йиллик иш режалари бўлиши керак. Шу ишларда бош-қош бўлишни ўзимга мақсад қилдим. Аввало, уларнинг амалга оширадиган ишларига қараб, вилоят ўзбек этномаданият марказининг жамғармасидан пул ажратишни йўлга қўямиз.
Аҳоли сонига қараб, қишлоқларга 100 000 тенгедан 500 000 тенгегача, туман ва шаҳарларга аҳоли сонига қараб, 1 миллион тенгегача, вилоятга аҳоли сонига қараб, 2 миллион тенге ажратиш режаларим бор.
Азиз миллатдошлар! Қурултой делегатлари ва иштирокчилари!
Жанубий Қозоғистон вилояти ўзбек этномаданият маркази раислигига сайланган ҳолда менинг Сизлар билан биргаликда ва Сизларнинг қўлловингиз билан бажаришни режалаштирган ишларим, албатта лойиқ номзод учун овоз беришда эҳтирослар ва амбицияларга эмас, тоза инсоний қалбингизга қулоқ солишингизга туртки беради, деб биламан.
Мен Сизларга тўлиқ ишонаман, она халқимга, Ватаним — Қозоғистонга янги жамоатчилик масъулиятини бажаришда ҳам сидқидилдан хизмат қиламан, дея ишонтира оламан.
Бадриддин НИШОНҚУЛОВ,
Жанубий Қозоғистон вилояти маслаҳатининг депутати, “NiK group” корпорациясининг президенти.

