Ёшлар – фахримиз, ғуруримиз!

IMG-20151129-WA0022

Газета саҳифаларида яхши ютуқларни қўлга киритган инсонлар ҳақида сиз, азиз муштарийларимиз билан доим ўртоқлашамиз. Уларнинг режалари тўғрисида сўзлаймиз. Лекин уларнинг кейинги тақдирлари нима бўлгани, ҳозирда қандай ишлар билан машғулликлари, олдиларига қўйган мақсадларига етишганликлари – кўпчиликни қизиқтириши табиий.

Ушбу йигит ва унинг синглиси ҳақида биз 2011 йилда ҳикоя қилганмиз. Шунда Достонбек 11-синфни тамомлаб, Қарағанди Давлат тиббиёт институтида ўқимоқчилигини, ёшликдаги орзуси – кардиологлик касбини эгаллаши ҳақида сўзлаганди. Унинг синглиси Динора эса, ҳамшира бўлиб, келажакда хаста инсонларга ёрдам кўрсатишни ният қилганди.
Хўш, уларнинг орзу-умидлари ушалдими? Буни билиш мақсадида биз Динора Рустамбек қизи Тошпўлатова билан учрашдик. Хонадонида бизни самимий кулгуси билан қарши олган Диноранинг Қарағанди Давлат тиббиёт институти ҳузуридаги тиббиёт коллежини қизил диплом билан тамомлаганини эшитиб, хурсанд бўлдик.
Шу кунларда Динора 4 жойга ташлаган резюмесига ижобий жавоб келгани ва ўзи вилоят болалар касалхонасининг жонлантириш бўлимида ҳамшира бўлиб ишлашни танлаганини маълум қилди. Унинг акаси Достонбек эса, ҳозир мазкур ўқув юртининг 5-курс талабаси. Унинг баҳолари ҳам “аъло”!
Диноранинг айтиши-ча, яхши билим эгаллаш – енгил юмуш эмас. Бунда инсондан мустаҳкам ирода, куч-ғайрат талаб этилади. У бўлажак абитуриентларга қуйидаги тилакларни билдирди: “Ҳеч қачон қийинчиликлардан қўрқманг! Олдингизга тўсиқлар қўйманг, имкониятлардан фойдаланинг. Энг муҳими – мақсадни аниқ қўйинг! Ота-онангиз юзини ёруғ қилиш – сизнинг қўлингизда эканлигини ҳам унутманг!”
Отаси ва онаси, қариндошлари, қолаверса, мактабдаги устозларининг ишончларини оқлаб, уларнинг шаънига, фақатгина яхши сўзларни олиб келаётган ёшларимизга омад тилар эканмиз, эзгу истагимиз-ки: мана шундай йигитлар ва қизларимиз кўп бўлсинлар-у халқимиз обрўсини янада ошираверсинлар!

ШАҲЗОДА.

Изоҳнинг ҳожати йўқ