Ультратовуш текширувлар (УТТ — УЗИ) зарарлими?

20151208_122919

Замонавий тиббиёт ускуналари ҳомиланинг қиз ё ўғиллигини аниқлашдан тортиб, она қорнидаги кўринишини фотосурат ва ҳатто видеолавҳа ҳолида чиқариб бериш имкониятларига ҳам эга. Уларнинг турлари ҳам кўп: УТТ, допплер, 2D, 3D, 4D, 7D…

Ҳомиладорлик пайтида бундай замонавий ускуналардан фойдаланиш қанчалик хавфли? Оқсувкент қишлоғидаги “Азия Medik-AS” (“Береке”) тиббиёт маркази УТТ — УЗИ шифокори Нигора Ҳожимурот қизи АБДУШБОЕВА билан ана шу мавзуда суҳбатлашдик.
– Нигора опа, нормал кечаётган ҳомиладорлик даврида неча марта ультратовуш текшируви (УТТ)дан ўтилади?
– Бу текширув ультратовуш тўлқинлари остида амалга оширилади. Билмаган кишига УТТ тасвирларида оқ-қора шакл ва чизиқлардан бошқа нарса кўринмайди. Аммо мутахассис ушбу лавҳаларга қараб, ҳомиланинг ҳолатини аниқлайди.
Ультратовуш текшируви орқали, нафақат ҳомиладор аёлнинг, балки ҳомиланинг ички аъзоларини ҳам кўриш мумкин. У юрак нуқсони (пороги), бош мия ривожланиши билан боғлиқ бузилишларни аниқлашда ёрдам беради. Шу билан бирга, боланинг тахминий вазни, бўйи, ҳомила суви миқдори ҳақида ҳам маълумот олинади. Яхши кечаётган ҳомиладорликда 5-6 мартагача УТТ текшируви ўтказиш нормал ҳисобланади.
– Допплер текшируви нимани аниқлайди?
– Допплер ёки допплерометрия – қўшимча ультратовуш текшируви бўлиб, у «она-йўлдош-ҳомила» тизимини ва қон айланишини баҳолаш услуби. Бу, айниқса ҳомиладор аёлда қон қуюқлашиши кузатилганда самарали текширув воситаси ҳисобланади. У ҳомиладорликнинг эрта даврида ҳам ушбу жараённинг қандай кечаётганини кузатишни осонлаштиради.
Бошқача қилиб айтганда, бу ҳам УТТ текшируви, фақат ушбу услубда махсус допплер датчиклардан фойдаланилади. Допплерография ҳомиладаги қизил таначаларнинг ҳаракатини икки ўлчамли сурат шаклида кўрсатади. Қуйидаги ҳолларда допплер текширувига йўлланма берилади:
• қандли диабет, буйрак касалликлари, гипертония, ҳомиладорнинг гемостаз тизими бузилиши;
• кўп ҳомилали ҳомиладорлик ёки резус-ихтилоф (конфликт)ли ҳомиладорлик;
• гестоз;
• ҳомиланинг ривожланиши ва ҳомиладорлик даврининг бир-бирига мос эмаслиги (ҳомила ривожланишининг секинлашиши);
• аввалги ҳомиладорлик даврида кузатилган патологиялар;
• кардиотокографиянинг ёмон натижалари.

– Скрининг текшируви ҳомиладорликда неча марта амалга оширилади?
– Перинатал скрининг – ҳомиладаги даволаб бўлмайдиган хромосом ёки ирсий касалликларни аниқлаб берувчи услуб. «Скрининг» сўзи «элаш» маъносини билдиради. Бу текширув ичига 3 ўлчамли ультратовуш текшируви билан биргаликда, қоннинг биокимёвий таҳлилиям киради. У она ва ҳомила саломатлиги учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди.
Скрининг текшируви ҳомиладорлик даврида бир марта амалга оширилади. Ҳомиладорликнинг кечишига қараб, қуйидаги уч даврдан бирида скрининг текшируви амалга оширилади:
• ҳомиладорликнинг 10-14 ҳафтаси (биринчи уч ойлик)да. Аввалига УТТ ўтказилади, сўнг ҳомиладорнинг қони таҳлил қилиниб, ҳомиладаги Даун ва Эдвардс синдромларига чалиниш хавфи миқдори аниқланади;
• 20-24 ҳафталик (иккинчи уч ойлик)да. УТТ текшируви билан биргаликда ҳомилада ривожланиши мумкин бўлган туғма аномалиялар текширилади;
• 32-34 ҳафталик (учинчи уч ойлик)да. УТТ текшируви билан биргаликда ҳомила ривожланишининг кечки даврида юзага келиши мумкин бўлган касалликлар бор-йўқлиги текширилади.

– 3D ва 4D ўлчамли УТТларнинг бир-биридан фарқи нимада?
– Бу тиббиёт соҳасидаги янгиликлардан бири бўлишига қарамай, анча оммалашган услублардан. Оддий ёки 2 ўлчамли УТТдан фарқли ўлароқ, ушбу услуб ёрдамида бўлажак фарзандингизнинг суратини кўришингиз мумкин. У боланинг жинсини ҳамда ташқи қиёфасидаги ноқисликлар (масалан, юқори лаб ва танглай кемтиклиги)ни аниқлашда ёрдам беради. Қисқа қилиб айтганда, 3D ўлчамли УТТ туғилажак боланинг илк сурати, кимга ўхшашини кўрсатувчи имконият.
4D УТТнинг 3D услубидан фарқи шунда-ки, у кичик видеокамерага ўхшайди ва ҳомиланинг айни дақиқадаги ҳолатини кузатади. Яъни сиз айни вақтнинг ўзида фарзандингиз нима билан бандлигини кўришингиз мумкин. Масалан, у эснаётган ёки ухлаётган бўлиши мумкин. Лавҳалар дискка ёзилади ва уни фильм сифатида кўрасиз.
Мазкур услуб ҳам, худди юқоридаги каби ҳомиланинг ташқи кўринишида ноқисликлар бор-йўқлигини кўриш имкониятини беради. Айни икки текширув бўлажак ота-онанинг хоҳишига кўра амалга оширилади. Улар тиббий нуқтаи назардан ўтказилиши шарт бўлган текширувлар сирасига кирмайди.
– Сиз фаолият юритаётган тиббиёт марказида ушбу текширувларнинг қайсилари мавжуд?
– Бизнинг клиникада УТТ текшируви, допплер, 3D ўлчовли ультратовуш текширувларидан фойдаланиш мумкин.
– Суҳбатингиз учун раҳмат!

Дилноза ТЎЛАМАТ қизи суҳбатлашди.

P.S: Нигора АБДУШБОЕВА яқиндагина Россия тиббиёт академиясида юрак ультратовуш текшируви бўйича малакасини ошириб келди. “Азия Medik-AS” (“Береке”) тиббиёт марказида ультратовуш текшируви бўйича Нигора Ҳожимурот қизининг хизматларидан фойдаланишингиз мумкин.
Манзил: Оқсувкент қишлоғи, Жибек жўли кўчаси 1-уй. Телефонлар: 22-890, .

Изоҳнинг ҳожати йўқ