У шундай инсон эди…

IMG-20160810-WA0001 - копия (2)Чеҳрасидан табассум аримайдиган, ҳаммага бирдек ёрдам беришга тайёр, кичикфеъл ва камтарин инсон. Шахсан менинг ёдимда Аҳмаджон ака Анорбоев шундай сақланиб қолади. Илк бор болалигимда ана шу қиёфада кўриб таниганим ушбу одам умрининг сўнгигача шундайлигича қолди. Ишончим комилдир-ки, у кишини таниган, билган, қўлида даволанганларнинг барчаси фикримга қўшилади.

Аҳмаджон Деҳқонбой ўғли Анорбоев 1938 йилнинг 21 сентябрида Шимкент шаҳрига қарашли Эски шаҳар мавзесининг Паркент кўчасидаги кенг, катта боғи бўлган 31-уйда дунёга келганди. Отаси Деҳқонбой ота от-арава ҳайдаб, эл хизматини бажарган. Онаси Дилабза ая эса, болалар тарбияси билан биргаликда катта ҳовлининг уй-рўзғор, экин-тикин ишлари билан машғул бўлган.

Аҳмаджон аканинг болалик чоғлари уруш йилларига тўғри келди. Отаси 1942 йили урушга кетаётганида, онасининг қўлидан ушлаб, вокзалга кузатишга чиққанини, отаси хайрлашиб, ўғлини бағрига қаттиқ босганини, онаси қучоқ очиб, юриб кетаётган поезддан фарзандини қайтариб олганини қайта-қайта эсга оларди. 1942 йил август ойида фронтдан отасининг биринчи ва, афсуски, охирги хати келди. Шу йилнинг декабрь ойида Дилабза ая номига: «Анорбоев Деҳқонбой фронтда бўлиб, бедарак йўқолди» – деган «қора хат» келди…

Оналари шу хатни қайта-қайта ўқиб, яқинлари билан биргаликда йиғлаганларини кўп эсга оларди (ушбу тарихий хат ҳали ҳам Анорбоевлар оиласида эъзозланиб сақланмоқда). Дилабза аянинг қўлида уч фарзанд: Аҳмаджон, опаси Шарифа ва синглиси Ханифа (Қимизой)лар қолишади. Уруш йилларидаги болалиги ва ундан кейинги қийинчилик паллалари Аҳмаджон аканинг хотирасида бутун умрга алоҳида жой эгаллади ва кейинчалик – оила даврасида болалари ва набираларига ушбу ҳақда кўп марта айтиб юрди.

Билимга чанқоқлик

Аҳмаджон Анорбоев отасиз қолиб, оғир шароитларда вояга етса ҳам, Шимкент шаҳридаги 3-ўрта мактабни 1956 йили кумуш медаль билан тамомлайди. Ўша йилнинг кузида имтиҳонларни яхши топшириб, Тошкент Давлат тиббиёт институтига ўқишга киради. Бир қанча йиллар мобайнида икки шаҳар орасидаги тош йўллардан қатнаб, барча ўқув сессияларини аъло баҳоларга топширади. Ёзги ва қишки таътил вақтларида ҳар доим уйига қайтиб, онасига кўп ёрдам беради.

Авваламбор, Дилабза аянинг, азиз инсонларининг ёрдамлари ва ғамхўрликлари сабабли ва, қолаверса, ўзининг билимга чанқоқлиги ва олий мақсадларга эришишга сидқидилдан интилганлиги туфайли Аҳмаджон ака мазкур олийгоҳни имтиёзли диплом билан тамомлайди. 1962 йили она шаҳрига қайтиб келади ва Шимкент шаҳар юқумли касалликлар шифохонасида шифокор лавозимида меҳнат фаолиятини бошлайди.

1963 йилнинг ўрталарида Эски шаҳар мавзеси таъмирланиши муносабати билан, Дилабза аянинг оиласи ҳозирги Ҳамза даҳасининг Плеханов кўчасидаги 78-уйга кўчиб келади. Янги маҳаллада 1965 йилнинг 9 май куни эскишаҳарлик ўқитувчи Парпи ота Қирғизбоевнинг қизи Ҳалима ая билан Аҳмаджон ака оила қуришади.

1965 йили Аҳмаджон ака профессор И. Мусабоев раҳбарлигидаги Тошкент Давлат шифокорлар малака ошириш институтига ўқишга боради ва «Инфекционист» мутахассислиги бўйича малака оширади. Шу йилнинг охирида Шимкентга қайтгач, машаққатли ва масъулиятли шифокорлик фаолиятини давом эттиради.

У киши бундан ташқари, иш юзасидан «Санитар авиацияси»да ҳам хизмат юритиб, кеча-ю кундуз Жанубий Қозоғистон вилояти бўйлаб кўплаб сафарларга боради, бир қанча хавфли юқумли касалликлар «ўчоқлари»ни бартараф қилади. Ўша йиллари Аҳмаджон ака кўплаб беморларга тиббий ёрдам бериб, уларнинг умрларини, соғликларини сақлаб қолади.

Аҳмаджон Анорбоев 1969 йилнинг охирларида Тошкент Давлат тиббиёт институтининг аспирантурасига кундузги бўлимга ўқишга кириб, 1973 йилнинг бошида уни муваффақиятли тамомлайди. 1973 йилнинг 19 сентябрь куни номзодлик диссертациясини ёқлаб, тиббиёт фанлари номзоди илмий даражасига сазовор бўлади.

Аҳмаджон аканинг ютуқларини инобатга олган олийгоҳ раҳбарияти ва устози уни Тошкентга ишга чақиришади. Уй-жой масаласи ҳам ечилади, деган ваъдалар берилади. Лекин Дилабза аянинг ягона ўғил фарзанди бўлган Аҳмаджон ака волидаи муҳтарамасининг ёлғиз қолишини кўз олдига келтириб, ушбу таклифни рад этади.

Ҳаётдаги янги босқич

Аҳмаджон ака Анорбоев яна ўз шаҳрига қайтиб келиб, узоқ йиллар давомида – 1998 йилгача, яъни нафақа ёшига етгунича, қарийб, 36 йил давомида шу касалхонада, аввал шифокор, кейин эса, бўлим мудири ва, ниҳоят, 1989 йилдан то нафақага чиққунига қадар бош шифокор лавозимида ишлаб келди. Аҳмаджон ака «Олий тоифали шифокор» унвонига сазовор топилади ва ушбу унвонни 3 марта тасдиқлайди.

1998 йилдан то умрининг охиригача Аҳмад Яссавий номидаги халқаро қозоқ-турк университети, Шимкент тиббиёт институтининг «Юқумли касалликлар ва дермато-венерология» кафедрасида доцент лавозимида ишлайди. Бўлажак шифокорларга юқумли касалликлар бўйича маърузалар ўқийди. Бир қанча йиллар давомида у талабалар орасида ўтказилган сўровнома натижасида: «Энг яхши устоз» – деб топилади. Шунингдек, Аҳмаджон ака бир неча йиллар вилоятнинг бош инфекционисти лавозимида ишлаган.

2015 йилнинг 9 май куни Аҳмаджон ака билан Ҳалима ая оила қурган кунларининг 50 йиллик – «Олтин тўй» санасини Тошкент шаҳрида, яқинлари даврасида нишонладилар. Ушбу кун уларга азиз бўлган инсонлар – қудалар, уч нафар фарзандлари турмуш ўртоқлари билан, 9 нафар набиралари, жиянлари ёнларида бўлишди.

Оғир касалликка дучор бўлишига қарамай, бутун умри давомида мутахассислиги бўйича иш юритиш мобайнида орттирган амалий тажрибасини жамлаб, Қозоғистон тиббиёт олийгоҳларида таълим олувчи талабалар учун қозоқ ва рус тилларида «Юқумли касалликлар – умумий амалиёт юритувчи шифокор ишида» номли ўқув қўлланмасини ёзиб битиради. Афсуски, мазкур илмий асарининг нашрдан чиқишини Аҳмаджон ака кўролмадилар… Қозоқ ва рус тилларида чоп этилган дастлабки нусхаларини, ҳамкасабалари Ҳалима аяга бериб кетдилар. Тиббиёт ўқув юртларига мўлжалланган мазкур қўлланма шу кунларда кўп нусхада чоп этилиши арафасида.

Аҳмаджон ака ўзининг холис хизматлари учун вилоят раҳбарларининг, кейинчалик эса, мустақил Қозоғистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги, Жанубий Қозоғистон вилояти соғликни сақлаш бошқармасининг соҳа бўйича «Таниқли арбоб» белгиларига, бир қанча ташаккурномаларига сазовор бўлган, бир қатор давлат медаллари билан мукофотланган. Жумладан, “Меҳнат фахрийси”, “Жамоат фидойиси”, “Қозоғистон ватанпарвари”, “Улуғ Ватан урушидаги Ғалабага – 50 йил” медаллари унинг кўксини безаганди.

Аҳмаджон ака эл-юрт, қариндош-уруғлари, ошна-оғайнилари, ҳамкасблари орасида яхши феъл-атвори, ҳаққонийлиги ва тўғрисўзлиги туфайли ҳурмат-эътиборга сазовор бўлганди. Чиройли адабий нутқ эгаси, маъруза устаси, ҳазил-мутойибани жойига қўядиган, катта давраларни олиб борадиган хушвақт инсон эди.

Синфдош улфатлари билан ёшликдан меҳрли-оқибатли улғайишганлиги сабаб, доимо асл дўстлар даврасида бўлган. Оғайнилари Аҳмаджон акани ҳурмат қилиб, «Улфат оқсоқоли» этиб сайлашганди. У киши улфатлари билан 1996 йилда «умра-ҳожи»лик амалини бажариб, Макка-ю Мадинага ҳам боргандилар.

Аҳмаджон ака қанчадан қанча инсонларга ёрдам бериб, уларни ва қадрдонларини даволаб, ҳатто-ки, бевақт ўлимдан сақлаб қолган. У кишининг вафотидан кейин таъзия билдириб келган юртдошлари ўзларининг хотиралари орқали оила аъзолари дардига бир оз таскин беришди.

Жорий йил 19 сентябрь куни Аҳмаджон аканинг вафот этганига бир йил тўлади. Ҳалима аяга, Тўлқин ака, Барно опа ҳамда Учқун дўстимизга Оллоҳдан сабр ва тоқат сўраймиз. Иншооллоҳ, ўтганларнинг охиратлари обод бўлсин!

Бу мақолани нима

мақсадда ёздим?

Биринчидан, ҳаёт ташвишлари ва қисмат синовларига дош бериб, доимо илм излаган инсонлар ҳаётда ўз ўринларини топишларини, атрофдагилар ҳурматини қозонишларини кўрсатмоқчиман. Иккинчидан, Аҳмаджон ака сингари миллатдошларимиз бўлганлигидан фахрланишимиз кераклигига урғу бермоқчиман.

Бундан 10 йил муқаддам “Ўтрор” телеканалида фаолият юритган вақтимда Аҳмаджон ака билан ҳовлисидаги ўзи эккан дарахт остида съёмка жараёнини ўтказиб, билим, тарбия, одоб-ахлоқ ҳақидаги фикрларини ёзиб олгандим. Акамиз боқийликка рихлат қилгани билан у кишининг сўзлари, жилмайиб кулишлари қалбимизда муҳрланиб қолди. “Қизим, инсондан бу дунёда нима қолади? Фақат яхши ном қолсин!” – деган сўзларни Аҳмаджон ака исботлаб кетди. У шундай инсон эди…

* * *

Мазкур мақолани тайёрлашда беғараз ёрдам кўрсатганлиги учун Аҳмаджон аканинг зурриёди Тўлқин Анорбоевга чин юракдан миннатдорчилик билдирамиз.

Гулираъно РАСУЛОВА.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ