Мулоқотнинг бошланиши: “Ассалому алайкум!” Бу сўзларнинг маъноси шу-ки, сизга тинчлик, саломатлик ва омонлик тилайман. Яна қўшимча қилиб айтиш мумкин: ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу – маъноси ва Оллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин.
Демак-ки, салом сўзи дўстлик рамзи ҳамда яхшиликлар дебочасидир! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам катталарга ҳам, ҳатто, гўдакларга ҳам саломни канда қилмаган экан. Бу меҳр рамзи, улуғ инсоний одоб, гўзал фазилат, ҳамда ибратдир.
Саломга алик олмаслик эса, билимсизлик, кибр, ва душманликдир. Салом-алик одоби – бутун дунё элларининг одати ва юксак маънавият рамзидир.
Лекин бугунги кунда айрим ёшларимиз саломлашишни юзакилаштириб олишган. Бундайлар ўзларини замонавий, дея санашиб, турли хил усуллар билан кўришадилар, бу одоб одатлари эмас, албатта. Негаки, айтадилар: “Қалб гўзал бўлса, одоб гўзалдир, одоблининг саломи гўзалдир”!
Телефонда гаплашмоқ одобига ҳамма ҳам риоя қиладими? Одоб билан: “Ассалому алайкум” – деб, сўнгра ҳол-аҳвол сўраб, кейин масала айтилади, албатта. Мен кўрган ва эшитган мулоқотларнинг баъзи бир усулларини келтираман. Нотаниш киши янглишиб, қўнғироқ қилиб қолди:
– Ассалому алайкум, Саид!
– Ваалайкум ассалом, мен Элёрман!
– Мен янглишибман, узр.
– Ҳечқиси йўқ, майли, бўлиб туради-ю!
– Безовта қилдим, кечирасиз!
– Кечириб қўйдим-у хижолат бўлманг!
Суҳбатдошлар кулиб юборишди. Бегоналар суҳбати кулги билан, яхши кайфият билан якунланди. Худди шу ҳолат, янглиш қўнғироқ:
– Алло, братишка, окей!
– Кимсан, ким керак сенга?
– Ие, хато терибман-у…
– Кўрмисан?.. ва ҳоказо сўкинишлардан суҳбатдошлар асабийлашишди, кайфиятлари бузилиб, жазавага тушдилар. Кўриб турибдими, дея истаганча гапириш беодоблик, албатта.
Дили хуш инсоннинг – тили хуш сўзлар. “Ассалому алайкум!” сўзларининг яхши хосияти шунда-ки, дастлаб яхши тилак айтиляпти, мулоқотдаги салом сўзининг ўзи тинчлик элчисидир.
Муҳаббат НИЁЗБЕКОВА.

