Онамдайин меҳрибон устозим

Rano Ubaidullaeva 2

Ёшинг улғайган сари ортда қолган беғубор болалигинг тинмай этагингга ёпишиб, ортингдан соядек эргашиб, сени ҳар сонияда  ўз қучоғига олар, ширин хотираларга кўмиб ташлар, дунё ташвишларидан зада бўлган қалбингга  ором бағишлаб, ҳаёт ишқи билан масрур бўлишга даъват этаркан. Айниқса, сенга таълим-тарбия берган ота-онанг, устозларинг сиймоси  рангли кино тасмадаги каби кўз олдингдан ўтавераркан. Ана шунда беихтиёр  уларни излай бошлайсан, уларнинг  болалик чоғингда сингдирган ўгитларини қўмсаб, улар қошига ошиқасан. Устозларингни падари бузрукворинг ва волиданг каби бағринга босиб, ортда қолган болалик уммонига шўнғийсан.

Айниқса барча ўқувчиларнинг меҳрини қозонган математика  ўқитувчимиз Раъно Убайдуллаевани кўп эслайман. У синфхонанинг эшиги очилиши билан болаларга илиқ табассум ила салом бериб кирар, тахтага бугунги кун ва ҳафта номини чиройли ҳуснихат билан ёзиб, сўнг уй вазифасини сўрашга киришар эди. Мураккаб мисол ва масалаларни ҳам жудда содда, оддий тилда тушунтириб берарди.  Жилмайиб гапирганида яноғидаги кулгичлари ўйнаб, биз, болаларни дарров ўзига жалб қилиб оларди. У дарс ўтаётганда энг тўполончи, шўх бола ҳам юввош тортиб қоларди. Ёзма ишлар чоғида парталарни айланиб, жавобларни кўрганда,  опанинг елкамизга қоқиб,  мулойимлик билан: “Бўлади, фақат диққат билан ўзинг еч, бировдан кўчирма”, деганлари ҳануз қулоғим остида жаранглаб туради.
Раъно опада баъзи устозларда учрайдиган болаларни кесатиб ёки нафсониятига тегиб гапириш одати умуман йўқ эди. У ўқувчилар билан тез тил топишиб олар, уларнинг интилишлари ва ҳаракатларини инобатга олган ҳолда баҳо қўяр эди.
Раъно Убайдуллаева 1939 йили 24 мартда Убайдулла  ота ва Тўхтажон опа оиласида иккинчи фарзанд бўлиб дунёга келди.
1946 йили Манкент қишлоғидаги Ленин номли ўрта мактабнинг 1-синфига қабул қилинади. Ваҳоланки  у  мактабга бормаёқ ўқишни, ёзишни Зикрилла акасидан ўрганиб олган эди. Ўқитувчиси Қўчқор ота  бу кулча юзли, жамалак сочли қизнинг билимга иштиёқини сезгач, унга алоҳида меҳр қўяди.
– Урушдан кейинги давр, халқ оч, кечаю-кундуз далада, бироқ ҳеч ким чарчадим демайди, – дейди болалик чоғларини эслаб Раъно опа. – Биз,  болалар ўқишдан келамизда, онамиз тайёрлаб кетган биронта иссиқни ичиб, улар ортидан далага югурамиз. Муштумдек бошимиз билан эгатга минг бор эгилиб, совуқда дийдираб, катталар қаторида пахта терамиз. Кўсакдан ёрилган бармоқларимизни “куф-куфлаб” иситган бўламизу яна ишга шўнғиймиз. Ота-оналаримизга билдирмай, баъзан  кўз-ёши ҳам қилиб оламиз. Қош қорайганда катталар билан бир қаторда уйга кириб борамиз. Ҳозир ўйлаб қарасам, ўша пайтларда кичкинагина вужудимизда метиндай ирода шаклланган экан. Ойимиз тайёрлаган, гўжами, атала-умочними ичиб, керосин лампа ёруғида дарс тайёрлашга ўтирамиз.
Узун  қиш кечалари отам менга “Кунтуғмиш”, ”Алпомиш”, “Гўрўғли” каби достонларни ўқиб беришимни илтимос қиларди. Бу пайтда қўни-қўшнилар ҳам кириб, достон тинглашарди. Мен эса эртак қаҳрамонлари билан хаёлан суҳбатлашаман. Алламаҳал бўлганда қўшни кампирлар елкамга қоқиб, ширали овозим борлигини отамга қайта-қайта айтиб, елкамга қоқиб, чиқиб кетардилар. Бизнинг болалигимиз ана шундай синовли йилларга тўғри келган. Аммо  катталар билан тенгма-тенг меҳнат қилсакда, мактабни бесабаб бир кун ҳам қолдирмаганмиз.
Раъно қизлардан каттаси бўлганлиги сабабли уй ишларини ўзи бажарар, кичкина бўлишига қарамай сингил ва укаларини парвариш қилиш ҳам унинг зиммасида эди. У болалигиданоқ ҳар бир ишни пухта бажаришга интилар, уй-ҳовлини ёғ томса ялагудек қилиб қўярди. Ота-онасига ёрдам беришдан ҳеч  бўйин товламасди.
Убайдулла ота  ниҳоятда талабчан, ҳақпарвар инсон бўлиб, фарзандларининг билим олиши ва камол топиши учун  куч-ғайратини аямасди. Ўша пайтда энди нашр этилаётган “Қизил Ўзбекистон” газетасини қизи Раънога ўқиттириб, барча янгиликлардан бохабар бўлиб турарди. Қўни-қўшниларининг хат-саводини чиқаришда ҳам Убайдулла ака жонбозлик кўрсатган экан.
Раъно Убайдуллаева юқори синфларда ҳам барча фанларни аъло баҳога ўзлаштиради. Аммо адабиёт олами уни ўзгача ром қилар, асардаги қаҳрамонлар ҳаёти уни бефарқ қолдирмас, уларнинг ички кечинмалари, воқеа тафсилотлари Раънони келажакда ўзбек тили ва адабиёти фани муаллимаси бўлишга ундарди. У 1956 йили мактабни “кумуш медаль”га тамомлайди. Бироқ отаси  қизини Тошкентга юбормайди. Ноилож  Шимкент педагогика олийгоҳинининг рус тили ва адабиёти факультетига ҳужжат топширади.
Бир куни семестрни тугатиб, дугонасиникига кетаётган Раънони собиқ ўқитувчиси Абдужалил ака йўлда учратиб қолади. Салом-аликдан сўнг қизга зимдан разм солган устози унинг нима иш билан шуғулланаётганини синчиклаб сўрайди. Устозининг саволларига  ийманиброқ жавоб берган қиз педагогика институтида ўқиётганини айтиб, хайрлашади. Тошкент шаҳридаги Низомий номли педагогика олийгоҳини имтиёзли диплом билан тамомлаган ўғли Насриддинни уйлантириш орзусида юрган Абдужалил ака  уни келин қилиш ҳаракатига тушади. Вақтни бой бермасдан шу вақтнинг ўзидаёқ қизнинг отаси билан учрашиб, ишни пишитади.
Энди биринчи семестрни тамомлаган қизини  онаизор кўзда ёш билан кутиб олади.  Раъно ҳеч нарсага тушунмай онасига савол назари билан қарайди.
– Даданг сени турмушга бермоқчи, қизим,—дейди Тўхтажон опа ҳиқиллаб.
Ўқишни тугатмай турмуш қуришни  хаёлига ҳам келтирмаган  Раъно буни ҳеч нарсага ўхшатмайди. Лекин эртаси куни қудалар маълум ошини олиб келганда ўзининг иложсиз эканини, отасининг райини қайтаролмаслигини сезади. Шундай қилиб у Оқсувдаги бообрў, зиёли оилага келин бўлади.  Қайнотаси Абдужалил ака чўрткесар, дангалчи киши эди. У келинини, албатта, ўқитишини, олий маълумотли қилишини Убайдулло акага ваъда қилади. Аммо оилавий шароитлар туфайли олийгоҳдаги ўқиши ниҳоясига етмай, чала қолиб кетади. Бу орада  акаси Тошкентдаги қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаб, турли ташкилотларда фаолият юритаётган эди. Ўша  пайтда Зикрилла Убайдуллаевни Туркистон  туман комсомол қўмитасининг раҳбари этиб тайинлашади. Акасини кўргани борган Раъно Туркистон  педагогика билим юртига сиртдан ўқиш учун ҳужжатларини топширади. Оила юмушлари билан ўралашиб қолган келинчакнинг бирдан-бир орзуси устозлик касбини эгаллаш эди.
Билим юртини аъло баҳоларга тамомлаган ёш мутахассис Иброҳим ота номли бошланғич мактабда икки йилча фаолият юритади. Сўнгра Зоя Космодемьянская номли ўрта мактабга бошланғич таълим ўқитувчиси сифатида ишга қабул қилинади. Насриддин ака ҳам ўқитувчи бўлганлиги сабабли  турмуш ўртоғининг интилишларини, иштиёқини юқори баҳолайди. Унинг билимли, мустақил касб эгаси бўлишида маслаҳатларини аямайди.  Ҳужжатларини Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика олийгоҳига топширишида яқиндан ёрдам беради.

Rano Ubaidullaeva
– Раҳматли умр йўлдошим бамаъни, инсофли, диёнатли киши эди. У фарзандларига ҳам, катталарга ҳам товуш кўтариб гапирмасди, – дейди  Раъно опа. – Шу турган уйимизда усталар ишларди, ўзим энди олийгоҳни тамомлаган пайтларим, мактабда ҳам иш етарли. Лекин кундан-кунга ҳолсизланиб, бош оғриғидан азоб чекаётган фарзандларим дадасининг аҳволини кўрганда барчасини унутдим. Ҳамма ишни ташладиму  уни Тошкентга олиб бориб,  тиббиёт марказидаги мутахассисларга кўрсатдим. Улар бош мияда ўсимта борлигини айтишди. Лазер билан даволашди. Лекин менинг ичимга чироқ ёқса ёришмас, шифокорларнинг ташҳисидан юрагим така-пука эди. Йиллар давомида дўхтирларнинг маслаҳати билан даволанишига бутун куч-ғайратимни сафарбар этдим. Ўн йилдан кўпроқ тўшак тортиб ётди. Унинг яримта жонини авайлашга, умрини бир йилга, бир ойга, бир ҳафтага бўлсада  узайтиришга ҳаракат қилдим, – дейди кўз ёшларини жиловлай олмай Раъно опа.
1979 йили Насриддин Абдужалилов фоний дунёни тарк этади.
Турмуш ўртоғидан айрилиб, бешта боласини бағрига босганича, фарёд  чекиб она қолаверди. Энди у бутун ҳаётини фарзандлар тарбиясига бағишлайди. Улар эса оналарига тезроқ қўлқанот бўлишга, оғирини енгил қилишга ошиқишарди. Шу сабабли мактабни аъло баҳоларга тамомлаган тўнғич қизи Гулнора  қандалотчилик касбини эгаллади. Бир йилдан сўнг Раъно опа уни  турмушга беради.
Иккинчи қизи Хонзода Тошкент Давлат дорилфунининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини, ўғли Фахриддин эса Тошкент политехника олийгоҳини тамомлайди. Шоҳида  мактабни тугатиб, дўконда сотувчи бўлиб ишлай бошлайди. Кенжа қизи Умидахон  Тошкент шаҳридаги политехника институтида ўқийди.
Учинчи қизи Шоҳидани турмушга бергач, яккаю ёлғиз ўғлини уйлантириб, келин тушириш орзусида юрган Раъно опа Янгийўлдаги озиқ-овқат билим юртини эндигина тамомлаб, Москва шаҳридаги институтга йўлланма олган Волида исмли қизга совчи қўяди.
Тез кунларда икки томоннинг келишуви билан тўй ҳам бўлиб ўтади. Бу пайтда Фахриддин  ҳали институтни тугатмаган эди. Келин Волида  Раъно опанинг севимли қизига айланади. Шаддод, кўнглида кири  йўк бу келинчак, онаизорга бири-биридан ширин тўққиз нафар набира туҳфа қилади.
Ниятлари амалга ошгач, у яна мактаб ишларига шўнғиб кетди. Бугунги кунда Бобур номи билан аталиб, минглаган шогирдларга таълим-тарбия берган қутлуғ даргоҳда Раъно опа йигирма беш йилдан зиёдроқ меҳнат қилди. У фанлар подшоси математика, алгебра ва геометриядан  дарс берди. Ўқувчиларини келажак ҳаётга тайёрлади. Уларнинг ютуқларидан боши кўкка етиб, омадсизликларидан куюнди.
Бугунги кунда устознинг қатор шогирдлари  турли соҳаларда меҳнат қилмоқдалар. Ўзи каби устозлик касбини танлаб, ёшларга билим бераётган Раъно Ҳусанбоева рус тили ва адабиёти, Насиба Зайниддинова расм ва чизмачиликни танлаган бўлишса, Лола Шомуродова болалар шифокори, Фахриддин Бегметов ички ишлар органи ходими  бўлиб фаолият юритишмоқда.
Раъно опанинг таълим соҳасидаги меҳнатлари муносиб баҳоланиб, мактаб маъмурияти, туман ҳокимлиги ва таълим бўлими томонидан ташаккурномалар, фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Энг муҳими,  устозни шогирдлари ҳурматлайди, уни зиёрат қилиб, берган таълим-тарбияси  учун миннатдорчилик билдиришади.
Бугун Раъно опа фарзандлари, набирлари ардоғидаги нуроний бувижон, аммо ёшлигидаги ўсма изларими ё  ўзи шундайми билмадим, қошлари ҳамон қоп-қора,  доимо кулиб турувчи   кўзларига қараб бу аёлнинг кўнгли нақадар покиза эканлигини, меҳнати ҳалоллигини, ҳаётида учраган қийинчиликларини  дадил ва ўктамлик билан енгиб, қанчадан-қанча шогирдлар тарбиялаб, ҳеч қачон, ҳеч кимнинг олдида  ҳеч нарсани таъма қилмай, борига шукр қилиб яшаганлигини илғаб олиш қийин эмас. Кечаю кундуз дуоларида барчага эзгулик тиловчи, яхшилик илинувчи  бу инсонда қуёш янглиғ бир иссиқликни, меҳрни ҳис этдиму, дунё мана шундай ҳокисор, беназир инсонлар  билан гўзал эканлигига яна бир бор иқрор бўлдим. Қалби дарё устозимга ва яқинларига узоқ умр, тани-соғлик, хонадонларига ризқ-барака тилаб, хайрлашдим.

Саодат МЎМИНБОЙ қизи.
Сайрам тумани, Оқсувкент қишлоғи.
Суратда: Раъно Убайдуллаева шогирдлари билан (1974 йилда олинган сурат).

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ