
Юнонлар тилида Месопатамия, дея аталувчи – Дажла ва Фрот дарёлари оралиғида, ҳозирги Ироқ ҳудудида эрамиздан аввалги 5 мингинчи йилларда юзага келган илк давлатлардан бири, дунё цивилизацияси ва маданиятининг бешиги, илк бор тил қонуниятларига асосланган ёзув кашф этилган, идора қилиш ва давлат бошқаруви, фуқароларнинг бурчлари ҳамда ҳуқуқлари ёзма асосда бошқарилган, суғориш, экиш, меъморчилик, кемачилик соҳаларида бугунгидан кам фарқ қиладиган усуллар кашф қилинган ва илк санъат асарлари яратилган Шумер давлати ҳақида баҳс-мунозаралар, мана, бир ярим аср-ки, давом этиб келаяпти.
Шумер ва Аккаднинг юксак цивилизациясидан дарак берувчи илк археологик ёдгорликлар топилганидан буён 150 йил ўтган бўлса-да, жаҳон илм аҳли ҳануз Шумер ва Аккад давлатини барпо қилганларнинг қайси халққа мансублиги ҳақида бир тўхтамга келишгани йўқ. Турли қарашдаги олимлар – фақат бир масалада – Шумер давлатини барпо қилган халқ туб аҳоли бўлмаган, деган фикрда якдил эдилар. Бироқ ана ўша одамлар қайси халққа мансублиги тўғрисида турли қарашларни баён қилдилар-ки, бу қарашларга кўра, Аккад давлати пойдеворини қуриб берган шумерликлар Шарқдан ёки Шимолдан келишган ҳамда ўзлари билан ёзувни, темирчиликни, суғориш усулларини, давлатчиликни олиб келишган.
Бу шундан дарак беради-ки, Шумер ва Аккаддан ҳам илгари Шимол ёки Шарқда (Шимол, дейилганда Кавказ, Волгабўйи, Ғарбий Сибирь; Шарқ, дейилганда Марказий Осиё, Ҳиндистон, Мўғулистон, Олтой, Хитой назарда тутилади) цивилизация мавжуд тараққий этган давлат бўлган, деган эҳтимоллар ўртага ташланади.
Шумер ёки сумер сўзи этимологиясини биронта ғарб олими илмий асослаб беролмади, маълум маънода, бу сўзларни шарҳлаган Ўлжас Сулейменов шумер ёки сумер сўзи сув ва йер (ер) сўзларидан келиб чиққан, деган фаразни баён қилади. Қадим туркийлар Олтой ва Ўрал оралиғини сувли ер, сув-йер, деб атардилар. Шумерликлар (сумерликлар) ҳам икки дарё оралиғига жойлашишар экан, бу ерларнинг, аввало, сувли ер эканлигига эътибор берган бўлишлари мумкин. Сибирь ерлари каби бу ерлар ҳам дастлаб ботқоқликдан иборат эди. Улар ана шу ботқоқликка ишлов бериб, ҳосилдор ерга айлантирдилар.
Қадим шумер мих хатида тоғ, қир, ер “Х” шаклида ёзилган. Қадим турк ёзувида ҳам ер “У” шаклида ёзилган. Булар ер ва тоғни англатувчи иероглифлар. Шумер, Сумер, Субйер, Сибирь, йер суб сўзлари бир-бирларига товуш жиҳатидан ўхшаш ва, бизнингча, Шумер, Сумернинг Сувер бўлиши ҳақиқатга яқинроқдир, чунки Шумер асотирлари ичида оп-су (чучуксув) ҳақида афсона бор-ки, ушбу асотирга кўра, Оп-су дунёни ва инсонни яратган тангридир. Худди шу тангри олтой ва ёқут мифларида ҳам учрайди.
Агар тадқиқотда шу фаразга суянсак, масаланинг бошқа жиҳатларини кўриш, тил ва мих хатни қиёслаш, Шумер ва Аккад давлатининг асосчилари бўлмиш халқ туркий қавм, деган фикр ҳақиқатга яқинроқ эканлигини асослаш осонроқ кечади. Бу вазифани биронта ғарб олими қилолмади, чунки, агар шумерликлар туркий қавм бўлиб чиқса, унда Бобил, Исроил, Юнонистон, Римдаги буюк уйғонишларга туртки бўлган, уларнинг шаклланиши ва тараққиётига улкан таъсир ўтказган Шумер маданияти ва цивилизацияси туркий халқларга тегишли бўларди-ки, бу қанчалик ҳалол ва холис бўлмасин, европалик олимларнинг ғашини келтирарди.
Бироқ биз янги-янги далилларга дуч келаяпмиз-ки, европалик олимларнинг ички ғаразлари тобора хиралашмоқда ва бу фараз кўпроқ илм тусини олмоқда. Шумерликларнинг бош «худо»си ҳақидаги тасаввурлар Ўлжас Сулейменов фаразини ҳақиқатга яқинлаштиради. Бош худо – Энлил «худолар худоси», «осмон ва ер подшоси», «бутун мамлакатлар яратувчиси»дир.
Шумерликларнинг «Ёз ва қиш» асотирида (сопол битик) Энлил қишни худоларнинг миришкори, «ҳосилдорлик худоси» сифатида тайин этади. Бу афсонага кўра, қиш барча экин-тикин, ҳосил, тириклик, яшиллик, сув, ёмғир, қорнинг яратувчиси, эгаси, ҳосил мўл бўлиши унга боғлиқ.
Агар Фрот дарёлари жойлашган жўғрофий муҳитни ҳисобга олсак, у ер табиий вазиятига кўра, қишни худо даражасида биладиган мамлакат эмас, аксинча, бу ерда жазирама қуёш ҳукмрон. Фақат Сибирь ерларидагина қиш ўзининг узоқ муддат туриши, совуқ келиши, барча нарсаларни, қайта ҳаёт учун курашни ҳам ўзига боғлиқ қилиб қўйиши билан худо сифатида тасаввур этилиши мумкин. Ёқут, Тува афсоналарида ҳам қиш тангри сифатида тасаввур қилинган.
Кейинги йилларда қилинаётган қатор тадқиқотларда ушбу масалага янада ойдинлик киритишга ҳаракат қилинмоқда. Чунки Олтой, Марказий Осиёдаги туркий халқлар афсоналари уйғур ва Урхун-Енисей битиклари, кейинги пайтларда топилаётган топилмалар бунга асос бўлмоқда.
Эрамиздан олдинги III асрга тегишли Хитой қўлёзмаларида қанғлилар хитой ёзувига тескари тарзда (маълумки, хитой иероглифи вертикал ёзилади) ёнламасига ёзувлар ёзишгани ҳақида маълумотлар учрайди. Бу маълумот туркшуносларга анчадан бери маълум. Шунга кўра, айтиш мумкин-ки, турк ёзуви эрамиздан олдинги III асргача Хитойга маълум бўлган экан, у шу давргача бир неча босқичларни, яъни ёнламасига, тартиб ва қатор билан ёзилиш даражасигача етган босқичларни босиб ўтган.
Бу шундан гувоҳлик беради-ки, турк ёзуви тарихи эрамиздан олдинги III асрдан қадимийроқдир. Биз, эҳтимол, ушбу қадимийлик илдизини шумер мих хатлари билан тенгласак ажаб эмас, негаки, Урхун-Енисей ва бошқа битиклардаги ёзувлар шакли кўп жиҳатдан шумер ёзувларига ўхшаб кетади. Бу ўхшашлик тил ўхшашлиги билан қўшилиб кетади-ки, фаразлар фанга яқинлашганини ҳис қиласиз.
Дунёнинг яралиши, табиатга бўлган муносабатида жуда кўп ўхшашликларни топиш мумкин. Биз туркий халқлар ва шумерликларнинг олам ҳақидаги тушунчасида тасаввурлари, уларнинг мифологик асослари ҳақида алоҳида тадқиқот мавзуи бўлганлиги учун мифлардаги умумий ўхшашликлар билан чегараланамиз, зеро, кўриб чиққан материалларимиз шумерликларнинг туркий қавмлар бўлганликлари тўғрисидаги фаразни исботлайди.
Ёрмуҳаммад МАДАЛИЕВ,
М. Авезов номидаги ЖҚДУ доценти.

