Келажаги умидли ёш шифокор

Ғуломжон Нарметов

Тасодифан танишиб қолганим ғайратли ҳамда шижоатли врач Ғуломжон Нарметов шифокорларнинг ёш авлодига мансуб экан. У Шимкент шаҳридаги «Premium Dialysis Shymkent» – дея номланувчи гемодиализ марказида ўтган йилдан бошлаб меҳнат қилаётган бўлса-да, қисқа фурсат оралиғида ходимлар ҳамда беморлар ўртасида ҳурмат-эътибор қозониб улгурибди. Ғуломжондан ўзи ҳақида мухтасар сўзлаб беришини илтимос қилдим.

– Мен 1985 йил 24 майда Туркистон шаҳрида туғилганман. 2002 йилда мазкур шаҳардаги Назир Тўрақулов (Никитин) номли ўрта мактабни битирдим. Кейин Шимкент шаҳридаги Жанубий Қозоғистон давлат тиббиёт академиясига ўқишга кириб, унинг даволаш факультетини 2008 йили тамомладим. Ўзимнинг меҳнат фаолиятимни 2009 йилда вилоят клиник шифохонасида анестезиолог-реаниматолог врач сифатида бошлагандим. 2010 йилдан сунъий буйрак бўлимига ишга ўтдим. Ўтган давр мобайнида малакамни ошириш мақсадида Алмати шаҳрида анестезиология-реанимация (2009 йил), нефрология (2010 йил), томирлар жарроҳлиги (2014 йил) соҳаларида ўқидим. 2015 йилда эса, мени Шимкент гемодиализ марказига врач сифатида таклиф қилишди. Ҳозир мана шу ерда фаолиятимни давом эттираяпман, – дейди у.

Дарвоқе, «Premium Dialysis Shymkent» хусусида: Шимкент шаҳрининг Аймаутов кўчасидаги 135-уйда жойлашган мазкур йирик гемодиализ маркази давлат ҳамда хусусий ҳамкорлик дастури доирасида ва қамровида 2015 йилда фойдаланиш учун топширилгандир. У буйрак касаллигига чалинган инсонларга замонавий стандартлар бўйича самарали тиббий хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган бўлиб, ушбу муассасада ҳар куни 160 нафар беморга хизмат кўрсатиш қуввати мавжуд экан. Айни марказ Германияда ишлаб чиқарилган энг янги «Fresenius» маркали сунъий буйрак аппаратлари билан жиҳозланган.

Фаолияти «Бепул тиббий хизмат кўрсатишнинг кафолатли миқдори» давлат дастури доирасида молиялаштириладиган «Premium Dialysis Shymkent» марказида буйрак хасталигига йўлиққан кишилар юксак малакали ҳамда юқори сифатли тиббий хизматни мутлақо бепул тарзда оладилар. Бу ерда беморлар учун иссиқ овқатлар таъминоти йўлга қўйилганлиги ҳамда уларни уй-уйларига етказиб қўйиш хизмати ташкил этилганлигиям катта қулайлик ҳамда енгилликдир…

Ғуломжон Нарметов юқоридаги тафсилотлар ҳақида гапирар экан, эндиликда 25 кишидан иборат аҳил жамоа аъзолари меҳнат қилаётган «Premium Dialysis Shymkent» гемодиализ марказининг директори Константин Сергеевич Трусов, мазкур муассасанинг мудири Мадияр Умралиевич Қистаубаев, шунингдек, Азиза, Ақмарал, Сандуғаш, Жансая, Жулдуз, Ғазиза сингари фидойи ҳамширалар тўғрисидаям яхши фикрларни айтди.

Ғуломжоннинг оиласи билан ҳам қизиқдим. Унинг отаси Маъруфжон Нарметов Туркистондаги институтда муҳандис-ўқитувчилик қилган экан. Касби провизорлик бўлган онаси Шаҳзода Нарметова шаҳардаги дорихоналардан бирида хизмат қилади. Умр йўлдоши Бернора Нарметова халқаро қозоқ-турк университети (ХҚТУ)ни давлат бошқаруви менежери мутахассислиги бўйича тугатиб, ҳозирча фарзандлари тарбияси билан машғул. Уларнинг Шоҳруҳ, Сардор исмли ўқувчи ўғиллари ҳамда Мафтуна исмли қизлари бор.

Ҳали ёш ҳамда келажаги умидли, фидойи шифокор Ғуломжон Нарметовга доимо инсонларнинг эъзоз-эҳтиромларига сазовор бўлиб юришини тилаб қоламиз.

Б. ЖУМАЕВ.

Изоҳнинг ҳожати йўқ