
6-чақириқ Парламент Мажлиси депутатларининг жорий йил март ойидан фаолият кўрсатишаётгани кўпчиликка маълум. “Нур Отан” партияси рўйхати асосида қонун чиқарувчи орган сафига ўтган, шу кунларда эса, қисқа ёзги таътилда она юртига ташриф буюрган ҚР Парламент Мажлиси депутати Фахриддин ҚОРАТОЕВ билан учрашиб, у кишига бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.
– Фахриддин Абдунаби ўғли! Сиз турли давлат органларида, жамоат ташкилотларида самарали фаолият кўрсатгансиз. Айтинг-чи, Парламент Мажлиси депутатининг ваколати нимаси билан ўзгача?
– Авваламбор, Парламент Мажлисига депутат бўлиб сайланиш ҳар бир инсон зиммасига катта масъулият юклайди, дея ҳисоблайман. Бу мандатга сазовор бўлган шахс халқ ишончини оқлашга, элга, юртга хизмат қилишга бурчлидир. Мен нима иш қилсам ҳам, элга кўпроқ наф келтиришни ўйладим. Бу ишда кўпчиликка фойдам тегса, ниятимга етган бўламан.
Қаерда ва қайси соҳада фаолият олиб борсам ҳам, элга сидқидил хизмат этишга ҳаракат қилиб келаман.
Ўтган аср 90-йилларининг иккинчи ярмида Қорабулоқ қишлоқ округининг ҳокими бўлиб ишлаганимда ҳашар йўли билан кўп ишлар амалга оширилганди. Ҳозир эса, шароит бошқа, қурилиш, таъмирлаш, йўл солиш, ободончилик, тадбиркорликни ривожлантириш ишлари давлат бюджети ҳисобидан бажарилаётир.
Ўзим 2007 йилдан 2013 йилгача “Нур Отан” партиясининг Сайрам тумани филиали раҳбарининг биринчи ўринбосари бўлиб ишладим. Сайловолди штабларига раҳбарлик қилиб, туман, вилоят маслаҳатлари, Парламент депутатларини сайлашда қатнашдим. Эл-юрт хизматини қиладиган йигитлар билан яқин алоқада ишладик. Депутат бўлиш, бу – мансаб эмас, халққа фидойилик билан хизмат қилиш, ҳақиқий фаоллик кўрсатиш зарур.
Парламентда ижтимоий масалалар қўмитасининг аъзосиман. Қўмита тасарруфига таълим, соғликни сақлаш, тарих, маданият, спорт каби масалалар қарайди. Ана шу соҳаларга керакли қонунларни қабул қилиш – бош вазифамиз. Масалан, ҳозир таълим соҳасида 12 йиллик ўқитиш тизимига ўтиш, тиббиётда суғурта полисларини жорий қилиш каби долзарб масалалар қараб чиқилмоқда.
Сир эмас-ки, учрашувларда, худди шу масалалар бўйича сайловчилар кўп саволлар билан мурожаат қилишди. Пленар мажлисда она билан болани ҳимоялаш масаласини кўтариб чиқдик. Маълумки, вилоятимизда туғилиш кўп ва шунинг учун ҳам, бу борада ечимини кутаётган масалалар етарли. Ушбу муаммо хусусида ҚР соғликни сақлаш ва ижтимоий ҳимоялаш вазири Т. Дуйсеновага депутатлик саволи билан мурожаат қилдик. Унда она билан болага биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва ҳомиладор аёлларни перинатал марказларга қабул қилишдаги нуқсонлар ҳақида очиқ-ойдин баён этилди. Мазкур сўров борасида вазирликнинг расмий жавоблари ҳам олинган.
Жанубий Қозоғистон, Жамбил вилоятларидаги, Сайрам туманидаги касалхоналарни кўздан кечирдик. Қандай нуқсонлар ва камчиликлар борлигини ўргандик.
Сайрам тумани турғунларининг мактуби асосида Шимкент-Оқсувкент орасидаги Ули Жибек жўли кўчасини таъмирлаш бўйича юритилаётган ишлар билан яқиндан танишдик. Маълум бўлишича, мазкур қурилишни якунлаш 2017 йилгача мўлжалланган экан.
Тегишли ишларнинг юритилиши натижасида кўчани асфальтлашни жорий йил сентябргача битириш режаланди. Айни иш вилоят бюджети ҳисобидан бажарилади.
“Нурли йўл” давлат дастури асосида бўлинган маблағ орқали амалга оширилаётган қурилишлар сирасига Сайрам туманида 101-сонли, М. Музрапов ва Мирзо Улуғбек номли мактабларни киритиш мумкин. Мазкур қурилиш майдонларида ишларнинг кўнгилдагидек бораётгани гувоҳи бўлдик. Оқсувкент қишлоғидаги 94-сонли мактабни тўла таъмирлаш ишлари ҳам республика бюджети ҳисобидан олиб бориляпти.
Айрим пайсалга солинаётган масалалар шу жойнинг ўзида ечимини топди. Маълум бўлишича, 1976 йили қурилган бинонинг шиферлари ўрнига полини алмаштириш кўзланган экан ва бунга 84 миллион тенге маблағ ажратилибди. Мактаб раҳбари шиферларни алмаштириш долзарблигини айтган. Буюртмачи, ушбу ўринда Сайрам тумани ҳокимлигига бу масалани ижобий ҳал этиш тўғрисида таклиф билдирилди.
Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги нишонланадиган жорий йилда Кентов шаҳридаги трансформатор заводида ҳам бўлдик. Президент қабул қилган завод самарали ишлаётганига ишонч ҳосил қилдик. Завод жуда яхши ишлаб турибди.
Қорачиқ қишлоғи турғунлари билан ўтган учрашувда эса, уларни бир неча йиллардан бери безовта қилаётган ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви билан таъминлаш каби масалалар кўтарилди. Баъзи масалаларда халққа тушунтириш ишларининг етарли олиб борилмаганлиги пайқалди. Мафкуравий ишларни кенг кўламда юритиб, турғунларга қилинаётган ишлар тўғрисида тезкор ахборот бериб туриш керак экан.
Эски Иқон қишлоғида ҳам режаланган учрашув бир жойда эмас, аҳоли таклифи билан уч жойда уюштирилди: қишлоқ ҳокимлигида – турғунлар билан, “Иқон” мактабида – зиёлилар иштирокида, “Иқон” кичик насия ташкилоти биносида – тадбиркорлар билан самарали мулоқотлар ўтди. Бу учрашувларда дренаж ишларини юритиш, ерларнинг шўрланиб кетиши, қишлоқ хўжалиги учун давлат субсидияларини бўлиш каби масалалар кўтарилди. Шаҳар ҳокимлигининг масъул хизматчилари томонидан қўйилган барча саволларга жавоблар берилди ва атрофлича тушунтирилди. Дарҳақиқат, бу хусусда ҚР Бош вазири ўринбосари – қишлоқ хўжалиги вазири А. Мирзахметов номига ҳам депутатлик сўровномаси юборилган.
Хуллас, учрашувларда турғунлар томонидан айтилган масалаларни ҳал қилиш бўйича маҳаллий ижро органлари ва вилоятдаги тегишли ташкилотларга таклифлар берилди. Жумладан, ҳозир аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш масаласи 70-90 фоиз бажарилган, деб айтиляпти. Бироқ ҳаққоний вазият ундай эмас. Турғунларнинг шикояти сабаблари ҳам шундан.
Жамбил вилоятининг Жували туманидаги касалхонанинг юрак, буйракни жарроҳи қилиш учун керакли тиббиёт жиҳозлари билан таъминланганини кўриб, хурсанд бўлдик. Бу туман марказларининг ҳам замонавий тиббиёт ускуналари, малакали шифокорлар билан тўлиқ таъминланаётганига далилдир. Тараз шаҳрида “Нурли йўл” дастури бўйича олиб борилаётган 290 ўринли болалар боғчасининг қурилиши билан ҳам танишдик.
“Нур Отан” партиясининг Жамбил вилояти филиалида ҳам жамоат қабули ўтказилиб, унда ватандошларимиз ўзларини безовта қилган муаммолар, мавжуд камчиликлар ҳақида очиқ-ойдин айтишди. Халқ билан ўтказиладиган учрашувларда қабул қилинган қонунларнинг қандай натижа бераётганини кўрамиз ва таҳлил қилиб, келажакда улар бўйича керакли ишларни юритамиз.
Ўтган сафарги учрашувларда Қизилўрда ва Жанубий Қозоғистон вилоятларини боғлаб турувчи “Ғарбий Европа — Ғарбий Хитой” автомагистралидаги муаммолар ҳам қўзғалди. Масалан, йўлнинг айрим қисмларида ҳаракат тезлигини оширмасликни кўрсатувчи “20 км”, “30 км”, “40 км” белгилари ҳанузгача олиб ташланмаган ва бу ҳайдовчиларнинг ҳақли норозилигини уйғотмоқда экан. Ушбу масала ҳақида бир гуруҳ депутатлар номидан ҚР ички ишлар вазири Қ. Қасимовга депутатлик сўровномаси билан мурожаат қилдик.
Шубҳа йўқ, Буюк Ипак йўлини қайта жонлантирган ушбу йўл мамлакатимиз иқтисодиёти учун хизмат қилади. Жумладан, манзил яқинлашади, йўл бўйида хизмат кўрсатиш — техникани созлаш, кемпинг шохобчалари ишга туширилади.
– Депутатлик фаолиятингизда кимларга ўхшашга интиляпсиз? Бошқа депутатлардан кимларнинг тажрибаси қўл келди?
– Туманимиздан, вилоятимиздан ўтган чақириқларда сайланган депутатларнинг ҳар бири самарали иш юритди. Назаримда, фалончига ўхшаб ишлайман, дейишим ноўрин. Улардан ўрганадиганимиз кўп. Ҳар ким ўз билими ва онги билан иш тутса, фойдаси кўпроқ бўлади. Олдинги раҳбарлар бўлсин, депутатлар бўлсин – ҳаммаси кейингилар учун устоз сифатида қабул қилинади. Муҳими, депутатликка сайланган шахс зиммасидаги улкан маъулиятни чуқур ҳис қилиши, юракдан сезиши керак…
– Ўзбек тилидаги мактабларнинг келажаги қандай бўлади? Айрим мактабларда дарсликлар етишмаслиги масаласини қандай ечиш мумкин? Уч тилда таълим беришга ўтишга мактабларимиз тайёрми? Баъзилар ҳамон хавотирда юришибди.
– ҚР таълим ва фан вазири Е. Сағадиевга бир неча депутатлар номидан мурожаат қилиниб, республикадаги таълим муассасаларининг кўзланган ислоҳотларни амалга оширишга тайёргарлиги ҳақида сўралди. Вазирдан тегишли жавоб олинди.
Шубҳа йўқ-ки, уч тилли ўқитиш келажак учун катта йўл очади. Бу дастур билан чуқур шуғулланишимиз керак. Аммо ота-оналарнинг ўзлари тушунмай туриб, уларни амалга ошириш қийин. Мазкур дастур жаҳон таълим майдонида, албатта ўз мевасини беради.
Ўқитувчилардаги хавотирлик масаласи бўйича эса, Таълим ва фан вазирлиги масъул ходимлари жойлардаги таълим департаментлари, туман таълим бўлимларида ушбу масала ечимини топган, дея ишонтиришмоқда. Янги ўқув йили ҳам яқинлашиб қолди. Бу ёғини, энди вақт кўрсатади…
Келажакда ўзбек мактаблари тўрт тилли бўлади. Бир неча йил олдин мана шундай тизимни амалда қўллашга киришган Сайрамдаги Юсуф Сарёмий номли лицей мактабининг иш тажрибаси, энди асқатади.
– ҚР ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамияти келгусидаги фаолиятида қандай масалаларга эътибор қаратиши керак, дея ўйлайсиз?
– Парламент Мажлисига “Нур Отан” партиясининг вакили бўлиб сайланганман. Маълумки, ҚХАдан 9 депутат сайланган. Шу билан бирга, 31 нафар Парламент Мажлиси депутатидан тузилган Қозоғистон Халқи ассамблеясининг корпуси ҳам бор. Камина ҳам унинг аъзоси сифатида ассамблея фаолиятида қатнашиб келман. Чунки бирлик, жамият барқарорлиги, миллатлараро тотувлик – энг долзарб масала. Бу вазифалар “Мангу Эл” ғояси билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
ҚР ўзбекларининг “Дўстлик” ҳамжамияти фаолиятига келсак, кўп жойда ушбу масала кўтариляпти. Айни жамоат ташкилоти қанча армон, орзу-умидлар билан тузилганди, афсуски кейинги йилларда унинг иши сусайиб бормоқда. Буни йўлга қўядиган, ишни жонлантирадиган мазкур ҳамжамиятнинг фаолларидир, қолаверса, мазкур ташкилотнинг кенгаши, унинг аъзолари бор. Энг кераги, халқ билан чамбарчас иш юритиши керак.
– Астана сизда қандай таассурот қолдирди?
– Жорий йилда Ватанимиз тарихида унутилмас саналардан бири – Мустақилликнинг 25 йиллиги нишонланади. Мустақиллигимиз тарихи эса, Астана шаҳри номи билан чамбарчас боғлиқдир. Астана – Қозоғистоннинг бугунги қиёфаси, унинг келажаги
тимсоли. Пойтахт жадал суръатларда ривож топмоқда ва бундан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Пойтахтда осмонўпар савдо марказлари, турғун уйлар, маданият, тиббиёт ва спорт иншоотлари, дам олиш масканлари қад ростламоқда.
Элбошимиз Н. Назарбаевнинг сиёсати туфайли Қозоғистон жаҳоннинг ривожланган 30 давлати қаторига кириш учун дадил қадамлар билан ҳаракат қилмоқда. Мана шу улуғвор мақсадлар йўлида фидокорона ишлаб, сидқидил хизмат этишга бурчлимиз.
Зеро, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси “Мангу эл” ғоясини юрак-юрагидан ўтказиши, мана шу мақсадни ҳаётга татбиқ этиш учун ҳормай-толмай, эл равнақи учун хизмат этиши лозим!
– Самимий суҳбат учун ташаккур! Депутатлик фаолиятингизда омад ва зафарлар тилаймиз!
З. АҲМАДЖОНОВ суҳбатлашди.

