Алоқа | Обуна

Меҳр қайда қолди, Муҳаббат қайда?

Меҳр қайда қолди, Муҳаббат қайда

У мен учун дунёда бор яхшиликларни илинса-да, жонини фидо қилса-да, боридан кечиб, фақат ва фақат мен учун яшаётган бўлса-да, меҳр улашолмадим. Фарзанд учун суянган тоғ, ишонган боғ бўлгувчи отам бевафолик қилиб, ташлаб кетган бўлса ҳам-ки,унинг  ўрнини билдирмади. Мен учун соғлигини йўқотди, лек хасталигини сездирмади. Мен-чи, унга ҳеч нарса беролмадим…

Исмим Хумора. Ёшим анча ўтиб қолган. Турмуш қурмаганман. Боиси, вужудимда оғир дард билан узоқ йиллардан бери курашиб келяпман. Бундан хабар топган ошиқларим мендан юз ўгиришган. Ҳатто, ичадиган, қўлида ҳунари йўқ йигит ҳам мен билан оила қургиси келмаслигини очиқ айтган. Ҳусни- жамолим, бир қарашда инсон эътиборини ўзига тортадиган чиройим, мени бахтга эриштирмади. Тўй, байрамларда мендан кўзини узолмай турган бир неча йигитлардан умидвор бўламан: бири бўлмаса, бири хасталигимни писанда қилмай, қўлимни сўрайдигандек. Аммо мен кутган натижа рўй беравермайди.
Оилада тўрт фарзандмиз. Худди китобдагидек: 2  ўғил ва 2  қиз. Опам ва акаларим оилали. Келинойимлар билан менинг бир жойда бўлишимни истамаган онам ҳар иккала акамни бўлак жойлади. Уларнинг ҳаммаси фарзандли. Маълум бўлишича, болалигимизда отамиз биздан юз ўгириб, бошқасига уйланиб олган. Ўшанда индамайгина мағлуб бўлган онамга ачинаман. Нега ўз бахти, биз — фарзандлар учун курашиб, дадамизни ортга қайтармади экан? Балки онамнинг ўзи ажрашишни истагандир?! Ёки бирор айби бормикин?
Китобларда ўқишимча, ота-онанинг қилган қилмишлари ёинки бировга етказган озори учун боласи жавоб беради. Мен хасталигим боисини онамдан излайман. Нега энди ёш бўла туриб, мен шундай давоси йўқ касалликка чалиндим? Қариган чоғида неваралар бағрида ўтириш бахти онамга не сабаб буюрмади? Соғлиги тўғри келмаса-да, буни сездирмай ишлаяпти, бирон гап айтиб аччиқлансанг, индамайгина кўз ёш қилади. Мана шундай саволлар кун сайин кўпайиб кетяпти. Жавоб тополмаяпман.
Елкаси қисиқ. Одамлар онамга “келинлари билан чиқиша олмай, уйдан ҳайдаб чиқибди”, “Келинлари қайнонасининг минғир-минғирига чидай олмай, хизматидан қочибди” каби кесатиғли гаплар ҳам айтишди. Онамда тил йўқ, индамай қўяқолади. Эрталабдан кечгача арзимаган буюмларни сумкага солганича бозор айланиб, сотиб келади. Уйга келаётиб, барча озиқ-овқатларни харид қилади, мен учун, албатта,  ширинликлар, салқин ичимликлар, егуликлар олади. Қийналибгина уйга келади-ю ўзини ўрнига отади. Бироз ётиб,  дам олгач, овқат тайёрлайди, чой дамлайди.
Уй тозалаш, овқат қилиш ишларига ярасам-да, буни асло бажаргим келмайди. Телевизор кўриб, туғилган кунимда онам совға қилган қимматбаҳо телефонда интернетга кириб,  ўйинлар ўйнайман. Жуда зериксам, маҳалла айланиб, кўнглимни кўтараман. Яна кўнглим хушлаб қолган барча нарсани қиламан: кинога тушиш, шаҳар айланиш, дўконлардан асл кийимлар харид қилиш, буюртма асосида фирмалардан атир-упалар танлаш. Хуллас, ўзим хоҳлагандек яшайман.
Қиш тушди, онам ҳали калиш олганича йўқ. Буни ўйлаб турган мен йўқ. Фикримча, унга бунинг кераги ҳам йўқдек.
Вужудимдаги дард жуда оғир бўлганлиги учун тез-тез касалхонада даволаниб тураман. Ўшанда ҳам онам бечора бир кун қолдирмасдан ҳолимдан хабар олиб, кўнглим тусаган барча нарсаларни муҳайё қилди, яна қўлимга жарақ-жарақ пул тутқазди. Совуқ кунларда соғлиги кўтармаса ҳам икки қўлида мева-чева солинган сумкани кўтарганича касалхона эшигидан аста мўралаб, “Хумора!” дея чақиради. Бир пасгина гаплашиб, яна йўлга тушади.
Касалхонадан чиқадиган куним уйларни тозалаб, сомсалар пишириб, патир ёпди, ош дамлади. Дастурхон тузаб, хушчақчақ ҳолда кутиб олди. Уй тўла меҳмон, гўё мен Ҳаж сафарига бориб келгандек, тўрга ўтқазиб қўйишди-да, суҳбатдан олишди. Чарчоқдан кўзлари юмилиб кетаётган муштипар онамга раҳмим келди шу пайтда. Нега мен унга муносиб жавоб қайтара олмаяпман, унинг қадрига етмаяпман, бахт улашолмаяпман? Нега ўз бахтсизлигим, давосиз дардимда уни айблаб ўтяпман, нафратим нега бунчалар кучли? Ўз-ўзимни бошқара олмаяпман.
Эрталабдан то кечгача уйда фақат  иккимиз. Бирон суҳбат бошлаб, яхшигина гаплашиб ўтириб, онамга ҳайқириб кетавераман, бир айтган гапимни эшитмай,  такрорлашимни сўраса, жаҳлим чиқади. “Кармисиз ойи, хаёлингиз қаёқда? Фикрингизни бир жойга тўплаб, мени эшитсангиз-чи? Ахир мен деворга гапиряпманми?”. Онам юзимга бир муддат жимгина тикилиб, “Хўп, она қизим!” деёлади, холос.
Шу кунларда бир йигит билан танишиб, гаплашяпман. У мени қанча сўкса ҳам, урушса ҳам, хафа бўлмайман. Назаримда у мен учун қиммат “қандил”. Ундан ранжисам, шу заҳоти мендан юз ўгирадигандек. Нима деса, кўнаман. Эшитмай қолса, икки, уч, баъзан тўрт марта бир гапни такрорлашга тайёрман. Кузатаётган бўлсангиз, қилаётган ишим юз фоиз хато. Буни ўзим ҳам биламан. Билсам-да, ўзимга кучим етмайди,онам билан тез- тез уришиб, ҳайқириб, ўтмишини юзига тамға қиламан: “Яхши бўлсангиз, отамиз сизни ташлаб кетмаган бўларди”, “Кимгадир озор етказганингиз учун мен жавоб беряпман, танамдаги дардга фақат сиз айбдорсиз”. Икки кўзи ёшга тўлган онам юм-юм йиғлайди, лекин менга бирон нарса демайди. Нега? Буни билолмаяпман. Ёки мен ҳақиқатни айтяпманми?
Нима қилай, ўзимдан ёш қизлар турмуш қуриб, бахтли яшашяпти. Она бўлишяпти. Яна менга ҳазилона “Опа, бўлди шунча юрганингиз етар. Бу йилдан қолмай, турмуш қуринг. Ёшингиз ўтиб қолса, йигитлар қарамай қўяди. Танлаб- танлаб,  тозга учраманг тағин”, дейишади. Бу гаплардан кейин ўзимни тутиб туролмайман. Уйга келаман-у тирноқ остидан кир қидирган инсондек онамдан бир камчилик топиб, уришиб оламан, стол устида турган барча нарсани ерга отиб, йиғлайман, яна камситишлар, онамни айблашлар давом этади. Ростимни айтсам, бундай яшашдан чарчаб ҳам кетдим.
Шу кунларда жанжалларимиз янада кўпайди. Бир куни қўшнимизнинг қизи ҳам бунинг гувоҳи бўлди. Нимадир сўраш учун кирган Ойниса ҳаракатларимдан чўчиб тушди чоғи, шоша-пиша чиқиб кетди. Орадан икки кун ўтиб, у яна кирди. Уйда ёлғиз эдим. Чой дамладим-да, унга узатдим. У менга шундай гапирди-ки, кимдир устимдан совуқ сув ағдаргандек бўлди. Зудлик билан онамни кўргим, уни бағримга босиб, узр сўраб, розилигини олгим келди. Мендан ёши анча кичик бўлган синглим унутилмас сабоқ берди.
— Ёшлигимизда онамиз вафот этганлар, буни ўзингиз ҳам биласиз. Дадам иккинчи аёлга уйланган. Ҳозир ўша онамиз нима деса, муҳайё. Биз фарзанд бўла туриб, унга на эркалана оламиз, на керак нарсамизни сўраймиз. Аксинча, у нимани истаса, шу шароитни яратиб беришимиз керак. Ҳатто, ҳали ёш бўлсак-да. Яқинда опамнинг боласи оғриб, касалхонага тушди. Нақ ўн кун давомида даволанди. На дадам, на иккинчи онам унга иккита нон кўтариб боришди. Телефонда ҳол-аҳвол  сўрашмади ҳам. Ҳамманинг ўз онаси бўлсин экан-да. Сизнинг онангиз эса, умуман бўлакча. Касалхонада ётганингизда ёмғир, совуқ бўлишига қарамай, икки қўли тўла сумка билан ҳузурингизга шошади.
Билишимча, сиз аввал суюқ, ортидан қуюқ овқат тановул қиларкансиз. Ўн кунда ўша икки турдаги овқатни турли кўринишда тайёрлади. Ҳавасим келди. Ишончим комил-ки, ёнингиздагилар ҳам ҳавас қилишган. Сиз учун шунча уринган онангизни нега қадрламайсиз? Бу дунёга ҳеч ким устун бўлолмаган, бугун бўлмаса, эртага у мўътабар инсонингиздан айриласиз. Шунда қанча дод солманг, фойдасиз. Нега ҳозирдан розилигини олиб, уни бахтли қилишга интилмаяпсиз? Танангиздаги дардда онангизнинг не айби бор? Шундай камтарин, маҳаллада ҳаммага ўрнак бўлгулик онангиз кимгадир озор етказишига ишонасизми? Онангиз сиз айтганчалик ёмон экан, отангиздан ажралгач, ҳаёт қийинчиликлари жонга теккан бир пайтда Шаҳодат хола нега бирон эркак билан етаклашиб кетмади, сизларни етимхонага ташламади? Нега? Хафа бўлманг-у сиз ўз бахтингизни баҳолай олмаган ожизсиз, — деди Ойниса қаҳр билан.
Ичида чойи тугаган пиёлани дастурхон устига қўйди-да, фотиҳа тортиб, ўрнидан туриб чиқиб кетди.
Унинг ортидан термулганча узоқ ўйга толдим. Тўғри, касалхонада менга ҳамма ҳавас билан қарашган. Бир ойлаб даволанаётган айрим беморлар онаси ёки отаси бирон марта келмаса-да, телефонда гаплашишганига розилар. Улар ота- оналарининг тириклигидан бахтли. Мен-чи? Бир умр онамга озор бериб, уни қийнаб, тақдирини юзига тамға қилиб келдим. Мен ҳам фарзандманми? Қиз бола бўла туриб, бирор марта қўлидан иш олмадим, чой узатиб, ош дамламадим. Таҳорат учун сув тайёрламадим, ширин гапирмадим, хасталигимда уни айбладим.
Лекин энди ҳаётимнинг қолган қисмини онамга бағишласам, деган умиддаман. Унинг розилигини олсам, юзига табассум улашсам, кўнглини чоғласам, дейман. Мендек қалби нотавон, хом сут эмган бандалар бу хатоликни такрорлашмаса экан. Оналарини қадрлаб, эъзозлашса экан. Зеро, ўтаётган ҳар бир дақиқа ғаниматдир!

ХУМОРАнинг дардларини оққа кўчирган Султоной НИШОНБОЙ қизи.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ