
Қозоғистонда тилларни ривожлантириш масаласи 2006 йилда ўтган Қозоғистон халқи Ассамблеясининг 12-сессиясида кўрилган эди. Элбошимиз Нурсултан Назарбаев «Янги оламдаги янги Қозоғистон» Мактубида уч тилни ривожлантиришни босқичма-босқич амалга оширишни таклиф қилди.
Шундай экан, таълим соҳасида кўптиллиликни жорий этиш, бу – давр талаби.
Республикамизда “2020 йилгача тилларни ривожлантириш давлат дастури” қабулланган. Мактабларда кўптилли ва билингвал ўқитиш дастурлари амалга оширилмоқда. Қозоғистоннинг тил сиёсатида рус тилига алоҳида эътибор берилган. Сабаби, рус тили ҳозирги замонда кенг тарқалган жаҳон тилларидан бири ҳисобланади. Учинчи тил, бу – инглиз тили. Инглиз тили қозоғистонликлар учун жаҳон майдонига кенг йўл очмоқда. Уни ўрганиш Қозоғистон жамияти учун эзгу қадам ва касбий ўсишга қўшимча йўл очадиган муҳим соҳа ҳисобланади. Шу сабабли, Қозоғистон Республикаси таълим тизимининг барча босқичларида табиий-математик йўналишдаги фанлар инглиз тилида ўқитилмоқда. Кўптилли таълимнинг асосий мақсади – бир неча тилни ўзлаштирган, ижтимоий ва касбий йўналишга қобилиятли, юксак маданиятли шахсни шакллантиришдир. Жорий йилнинг сентябрь ойида Шимкент шаҳрида ҚР Таълим ва фан вазирлиги, «Өрлеу» малака ошириш миллий маркази” ҲЖнинг Жанубий Қозоғистон вилоят педагог ходимлар малакасини ошириш институти ҳамда ЕХҲТнинг оз сонли миллатлар иши бўйича Олий комиссари ҳамкорлигида «Кўптилли таълим шароитида ўқувчиларнинг функционал саводхонлигини шакллантиришда ўқитувчининг касбий ваколати» мавзусида илмий-амалий конференция ўтди.
Конференция педагогик илм билан тажрибани бирга қўллаш орқали кўптилли таълимни юксалтириш ва республикамизда таълим оз сонли миллатлар тилида олиб бориладиган мактабларда кўп тилда билим беришни тарғиб қилиш орқали мактаб ўқувчиларининг функционал саводхонлигини ривожлантириш бўйича қабул қилинган 2012-2016 йилларга мўлжалланган миллий иш-ҳаракат режаси ҳамда 2013-2015 йиллар учун қабул қилинган йўл харитасини амалга ошириш мақсадида ўтказилди.
Конференцияда «Мала-ка ошириш тизими: янги талаб, янги маъно, янги келажак» мавзусида педагогик кўргазма ташкил қилинди. Шундан сўнг, пленар мажлисда кўптиллилик муаммолари ва ютуқлари бўйича маърузалар ўқилди. Давра суҳбатида халқаро даражадаги таҳлилчилар, малака ошириш марказларининг ва-киллари, туман, шаҳар таълим бўлими ва услубият кабинетлари мудирлари ва мактаб директорлари кўтарган мавзулар қизғин баҳс- мунозарага сабаб бўлди. Кўптиллилик ва билингвал таълим масалалари бўйича ташкил этилган секцияларда фан ўқитувчиларининг маърузалари тингланди. Кўптилли ўқитиш бўйича амалий дарслар 110-сонли З.Ҳу-санов номли умумий ўрта мактабда ўтказилди.
Ушбу мактабнинг янги биноси 2010 йили фойдаланишга топширилган. Мактабда 123 нафар муаллим ёш авлодга таълим бермоқда.Уларнинг барчаси олий маълумотга эга. 38 устоз олий тоифали бўлса, 35 ўқитувчи биринчи тоифа эгаси. Мактаб директори Хол-мурод Йўлдошев 2015 йили босқичли ўқитиш дастурининг мактаб раҳбарлари учун мўлжалланган курсини тамомлаб келди. 4 нафар устоз шу дастурнинг 1-босқичли дастурини, 8 нафари эса 3-босқичини тамомлади. Мактаб 2004 йилдан бошлаб ЕХҲТнинг билингвал таълим дастури асосида иш юритиб келмоқда. Жанубий Қозоғистон вилоят таълим бошқармасининг 2007 йил 24 декабрдаги 108-сонли буйруғи асосида «Билингвал таълим» тизими бўйича таянч мактаби, 2010 йилги 29 ноябрдаги 1134-сонли буйруқ асосида эса пилот мактаб сифатида тасдиқланди.
2010 йили мактабда «Кўптилли ва ҳар томонлама ривожланган шахсни шакллантиришнинг вазифалари ва уни амалга ошириш йўллари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда иштирок этган ЕХҲТнинг билингвал таълим бўйича эксперт-маслаҳатчиси Анастасия Стоянова семинарда ўтилган очиқ дарсларга юқори баҳо берди.
30 сентябрда эса таълим масканига кўптиллилик ва билингвал ўқитиш масалаларини ўрганиш бўйича Тожикистон Республикаси Таълим ва фан вазирлиги вакили Жамила Ҳакимова, Тожикистон Таълим академиясидан Ирина Каримова, Қирғизистон Республика-си Таълим ва фан вазирлигидан Лариса Марченко, “CLIL” ўқитиш услуби таҳлилчиси Нодира Жусупбеко-ва, Қирғизистондаги нодавлат ташкилоти вакили Д. Маманазарова, шунингдек, таълим бўлими услубиятчилари, «Өрлеу» малака ошириш миллий маркази устозлари ташриф буюришди.
Биология фанидан Шоҳида Аҳмадалиева, тарих фанидан Зиёвиддин Йўлдошев, математикадан Феруза Йўлдошева, дунётанишдан Юлдуз Мирхол-дорова ва Гулноза Убайдуллаева, қозоқ тили ва адабиётидан Қалдар Абдирова, физикадан Дилором Шамшиметовалар ўтган дарслар семинар иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди. Инглиз тили ўқитувчиси Дилноза Холметова ва рус тили ўқитувчиси Хуршид Абдуллаевнинг, қозоқ тили ва адабиёти ўқитувчиси Гулчеҳра Салметованинг иккинчи тилни ўргатишга доир дарсдан ташқари ишлари ҳам кўпчиликнинг эътиборига сазовор бўлди.
Семинар дарслар иккинчи тилни ўрганишда мантиқий ва танқидий фикрлаш қобилиятини шакллантиришга бағишланди. Анжуман сўнггида ўтилган ҳар бир очиқ дарс ва синфдан ташқари тадбирга якун чиқарилиб, баҳо берилди. Дарсларда ўқувчилар уч тилда, яъни қозоқ, рус, инглиз тилларида ўз малака ва кўникмаларини, бу ишга ижодкорлик билан ёндашганликларини намойиш этишди. Семинар иштирокчилари мактаб маъмурияти ва жамоасига ташаккур билдиришди.
Севара ЙЎЛДОШЕВА,
110-сонли З.Ҳусанов номидаги
умумий ўрта мактаб ўқитувчиси.




