Маориф соҳасида тер тўкиб, хизмат қилиб келишаётган инсонлар очиқ дарсларнинг мазмун ва моҳиятини жуда яхши билишади. Устозлик касбини ўзига ром этган ҳар бир мутахассис йиллар давомида касбини ардоқлаши, касбий маҳоратини чархлаб бориши, илғор тажрибалардан унумли фойдаланиб бориши, ўзи устида тинимсиз ишлаши ва изланиши даркор. Шундагина у давр билан ҳамнафас бўлаолади ва шогирдларига ўзининг асл мақсадини, билим ва тажрибасини етказа олади. Бу – айни ҳақиқат…

Устозларимизнинг касбий билимини, тажрибасини оширишда тажрибали устоз-муаллимлар ва устоз-мураббийлар томонидан уюштирилган очиқ дарслар, сабоқларнинг роли бошқача. Бу соҳада Шимкент шаҳрининг Сайрам даҳасидаги 12-сонли спорт мактаби раҳбарияти ҳам устоз-мураббийларнинг касб маҳоратларини ошириш учун йиллар давомида очиқ дарслар хизматидан кенг фойдаланиб келмоқда.
Янги йилнинг дастлабки ойида таниқли устоз, ўз касбининг фидойиси Шуҳрат Эрметовнинг иккинчи йил волейбол спорти билан шуғулланиб келишаётган ёш спортчилар билан ўтказган очиқ дарси мактаб маъмурияти ва устоз-мураббийларда ўзининг замонавийлиги, давр талаблари билан суғорилганлиги, ўқувчиларнинг ёшига мос этиб танланган турли машқларнинг мавжудлиги, у ёки бу машқни устоз ва тарбияланувчилар астойдил ҳавас ва қизиқиш билан бажараётганлиги, дарс давомида ўқувчиларнинг фаоллиги, тўп билан ва тўпсиз машқларни уддабуронлик билан алмашиниб бажарилиши, қўйинг-ки, машғулот давомида устознинг ҳар бир ўқувчига алоҳида, индивидуал ёндашиши, ўқувчиларнинг кўзларидаги ғалабага бўлган ишонч ва шижоат ижобий таассурот қолдирди.
Очиқ дарс юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирган мактабнинг илмий мудири Ўктам Мирасланов, услубиётчи Олимбой Сотиболдиев, устоз-мураббийлардан Сайиддин Турсиметов, Собиржон Ҳайдаров ва бошқалар мазкур сабоққа юқори баҳо беришди ва бу каби очиқ дарслар, нафақат устоз-мураббийлар учун, балки тарбияланувчилар учун ҳам маҳорат мактабини ўташлигини алоҳида қайд этишди.
И. ТОЖИБОЕВ,
Сайрам даҳаси.
Шимкент шаҳри.

