Калхат

КАЛХАТ

Истироҳат боғидан топиб олган дафтардан қуйидаги ҳикояни ўқидим:
“Каримжон деган йигит билан биринчи учрашганимдаёқ уни ёқтириб қолган эдим. Ўзи хушчақчақ ва дилкаш, бўйи — басти келишган. Йигитмисан йигит, кейинчалик уйгача кузатиб қўядиган бўлди.
– Раҳимахон, — деди у бир куни, — сизга жиддий гапим бор эди. Агар…
– Ҳа, нима дейсиз, Карим ака?
Жавоб бериш ўрнига у қўлимни маҳкам ушлаб олди. Энтикиб, бағрига боса бошлади…
– Сиз билан мураккаб масалада гаплашмоқчи эдим.
– Нима дейсиз? Қўлимни қўйсангизчи! — Кийимидан ёқимли атир ҳиди анқиб, дилимни қитиқларди.
Ер тагидан юзига зўрға қарай олдим. Бутун вужуди кўзга айланган ҳолда менга тикилиб турарди. Шу пайт муюлишдан чиқиб қолган машина боис, қўлларим бўшади, ошиқона менга яқинлашган лаблари қуруқ қолди.
– Хайр! – дедим-у уйга кириб кетдим.
Шу кеча уйқумда ҳаловат бўлмади. Кўзимни юмдим, дегунча ўша қўзлари кулиб турувчи шўх, истараси иссиқ йигит…
Наҳотки, севиб қолган бўлсам? Йўқса … Севсанг севгудек. Бироқ нима деб бўлади? Севгининг кўзи кўрмиш. Эҳтиёт бўлганим дуруст. Катталар қурилажак оилага ота — она аралашсин, дейди.
Кейинги куни одамлардан иймандими, бир варақ букланган қоғозни ташлаб чиқиб кетди. Шоша — пиша ўқидим: “Бугун бирга сайлга чиқсак. Машина ҳам бор…”
Энди нима қилсам экан? Зарифа нима дейди? Ёки унинг олдига бошқа куни борайми? Бечора хафа бўлади-да! Ахир шу дам олиш куни келаман, девдим-ку!
Бу фикрим Карим акага ёқмади.
– Бошқа куни борарсиз, — деди у мағрурона. – Бугун, биласизми, жуда ажойиб… Яна бир сўзим бор. Квартирада ҳам ҳеч ким…
– Бемор кишининг кўнгли яримта бўлади, — дедим унга қатъий оҳангда.
Дугонамнинг касал эканлигини такрор айтдим. Мени барибир тушунмади.
– Ўлиб қолмас, Худонинг куни кўп.
Карим ака бир нарсадан маҳрум бўлаётган кишидек талвасага тушиб, лабини тишлар, кўзлари қисилиб кетарди. Билиб турибман, аччиқланяпти. Унинг сўнгги сўзи танамдан ўтиб кетди. Кишига назар — писанд шунчалик бўладими? “Ўлиб қолмас!”. Бошқа сўзлари қулоғимга кирмади. Шаҳарга борадиган автобусга минганимда ҳам бу сўз қулоғимдан нари кетмади. Дилим сиёҳ
Зарифа билан қучоқлашиб сўрашдик. Қўлларининг аввалги қуввати йўқ. Юзларидаги анордай қизиллиг-у кўзларидаги шўхликлар бутунлай йўқолибди.
– Раҳмат, анча тузукман, — деди Зарифа маъюсланиб. – Унча соғайиб кетмаяпман. Ҳаётда шунақаси ҳам учраб турар экан-да.
Унинг ҳорғин сўзлари, маъюс кўзлари, кичрайган жасадида аллақандай тушкунлик, ваҳима сезилиб турарди. Аввалги Зарифа эмас, росаям ичи пишиб қолган экан, бечоранинг. Анча гаплашдик, кулишдик, йиғлашдик.
Техникумни бирга битириб, у ўз шаҳрида, мен қишлоқ кутубхонасида ишлардим. Шаҳар унча олис бўлмаганлигидан, бориб — келиб турардик.
– Бу қандай китоб?
Зарифа қўлимдаги китобни олиб, бироз варақлади, мунгли овоз билан ўқий бошлади:
– Бир тутам гул тутиб, боқдинг кўзимга,
Дедингким: “Эсдалик бўлсин буни ол!”.
Ўзимни йўқотдим, не дединг менга,
Тутганим гулмиди ва ёки хаёл?
”Хаёл… Хаёл…” — деди-ю китобни беркитди.
Зарифанинг сўнгги сўзлари яна йиғи билан аралашиб кетди.
У куйганиданми, жуда зерикканиданми, севги достонини бирма — бир сўзлаб берди.
– Номи қурсин, у муттаҳамнинг. Қиш кунлари эди. Бир куни кутубхонага келиб турадиган ўша йигит мени гапга сола бошлади.
У мени анчадан бери танишлигини айтди. Кўзларим унга жуда ёқармиш. Биласанми, бизларни биров мақтаса, айниқса, кўзимизни таърифласа, эриймиз, қоламиз!
Кейинги кунлари у яна ишхонамга келди. Қўйчи, бор санъатини ишга солди-ю мени ўз тузоғига илинтирди. Ниҳоят, бирга юрдик, бирга турдик. Унинг илиқ сўзлари, келишган қоматининг мубталоси бўлибман, дугонажон. Ёшлик, ҳирс…
Илоннинг тили юмшоқ бўлгани билан заҳар экан. Она бўлишлигим аён бўлиб қолгач, у мени кутмай қўйди. Номусхўр ғойиб бўлган эди. Ишхонасидагилар ҳисоб — китоб қилиб, кетиб қолганлигини айтишди…
Ана ўшанда кўча — кўйнинг таънасига тоқат қилолмадим. Синган ойнани чегалай олмайсан. Юрагим ҳам чил — парчин бўлган. Ўзимни қурбон қила олмадим. Поезд изларини мўлжалладим, шипга арқон боғладим, қўлимга пичоқ олдим… Бироқ…
Э, қўйгинчи, мана, туғруқхонада ярим ой ётиб чиқдим. Бола ҳам нобуд бўлди. Ўзим ҳам адои тамомман.
Зарифа сўзлар, йиғлар, қора терга ботиб кетарди.
– Қўй, ўртоқжон, — дедим ниҳоят, Зарифани овутиш учун.
– Ҳаётимиз, бахтимиз олдинда. Бети қурсин номарднинг! Кел, мана бу альбомни кўриб, ширин ёшлигимизни эслайлик!
Мен стол устидаги чанг босиб ётган альбомни артдим. Икковимиз уни варақлай бошладик. Мана Зарифанинг ёшлиги: оппоққина қизча. Мана бу суратга биринчи курсда тушса керак. Устида оқ крепдешин, икки ўрим сочи эндигина кўтарилиб қолган кўкрагига осилган. Бу — группаси билан. Мана бу суратда Зарифа турникда жавлон урмоқда. Мана бу — раҳматли отаси.
– Мана бу ким? Бу Кар…
Зарифанинг нимжон қўллари навбатдаги саҳифага ёпиштирилган суратга чанг солди. Бир зумда, йўқ, яшин тезлигида уни парча — парча қилиб ташлади. Бор кучини шу бир дақиқага сарфладими, лаблари титрар, кўзи юмуқ эди. Бутун танаси қалтирарди.
– Мана шу! — у худди биров билан курашгандай ҳарсиллаб гапирарди. — Мени хазон қилган шу номард, шу кўр бўлгур!
Кўз ўнгим қоронғилашиб кетди. Ё, Астағфируллоҳ!
Танамга электр токи теккандай титрардим. Оз бўлмаса, бугун мен ҳам қурбон бўларканман-да! Зарифани маҳкам қучоқлаб олдим. Кўзларидан, шўр юзларидан ўпардим.
– Раҳмат, ўртоқжон! Раҳмат, ўша калхатдан мени асрадинг, ўргилайин сендан, дугонажоним!
Оёқ остида парчаланиб ётган сурат ўша Каримнинг ўзи эди. У менга тикиларди. Сесканиб кетдим. Негадир унинг иржайган тишлари ҳайвонот боғидаги йиртқични эслатса, афти ангори чанг солмоқчи бўлган калхатнинг ўзгинаси эди…”

Мираҳмад Мирхолдор ўғли.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ