Қурултой ғавғосиз ҳамда можаросиз ўтди

Яхшиямки, “Жануб жарчилари” газетасида Раҳматжон Абдусатторовнинг “Қурултой қачон ўтади ёхуд марказ раислари қачонга муҳрни босиб ўтиришади?” мавзусидаги танқидий мақоласи чоп этилди. Шу баҳона “Дўстлик” ҳамжамиятининг раиси Ғофур Қосимов “қимирлай” бошлади.
26 ноябрь, яъни қор майдалаб ёғиб турган ажойиб кунда вилоят ўзбек драма театри биносида кўпчилик интиқлик билан кутган ҳисобот-сайлов қурултойи бошланиб кетди. Қурултойда Қозоғистоннинг турли ҳудудларидан келган меҳмонлар иштирок этишди.
Айни катта йиғилишни ҳурматга сазовор инсон, ҚР Парламент Мажлисининг собиқ депутати Рўзақул ака Холмуродов олиб борди. У кишининг ҳурмати юқори бўлганлиги сабабданми, хуллас, қурултой тўполонсиз, тинч ўтди. Ҳаммамиз мана шунисига қувондик. Йиғилиш бошида “Дўстлик” ҳамжамияти қошидаги кенгашга, тафтиш ва саноқ комиссияларига аъзолар сайланди.
Аёллар бор жойда файз-барака бўлади, улар босган ерлар гуллайди! Хўш, унда нега аёлларга эътибор кам?

hp3a8842

Делегатлар орасидаям аёлларнинг саноқли эканлиги, бошқа фаол аёлларимиз қаторида Сайрам тумани молия бўлими директорининг ўринбосари Тамара Ҳакимованинг-да эътиборидан четда қолмади.
– Маданият ишларига аёлларни, ёшларни жалб қилиш керак, дея ўйлайман ва “Жануб жарчилари” медиахолдинги директори Гулираъно Расуловани ҳам кенгашгами, ҳайъатгами аъзо қилишларингизни сўрайман, – дея Р. Холмуродовга таклиф берди у.
Тамара Ҳакимованинг таклифини эътиборидан четда қолдирмаган Рўзақул Холмуродов Гулираъно Расулованинг тафтиш комиссияси аъзоси этиб сайланишини делегатларга таклиф этди. Ҳеч қандай қаршилик бўлмаганидан сўнг, тафтиш комиссиясининг аъзолари этиб, Тамара Ҳакимова, Гулираъно Расулова ҳамда Абдуқаҳҳор Файзаҳмедовни делегатлар бир овоздан сайлашди.
183 нафар делегатлардан 178 нафари мазкур қурултойда иштирок этишди. Уч дона бюллютень яроқсиз, дея ҳисобланди. Ниҳоят, барчамиз интиқлик билан кутган сониялар етиб келди. Ҳисобот-сайлов комиссиясининг раиси Бегмат Турдиқулов саҳнага натижани эшиттириш учун чиққанида залдаги меҳмонларнинг ҳаммаси жимликни сақлашди.
Сабаби, қайси бир номзоднинг ғолиб бўлиши ҳаммага қизиқ эди-да. Шундай қилиб, Акмал Исоқов 17 овоз, Фахриддин Исломов 22 овоз, Бадриддин Нишонқулов 65 овоз тўплашди. Икромжон Ҳошимжонов 72 овоз билан рақиблари устидан ғалаба қозониб, “Дўстлик” ҳамжамияти раиси бўлиб сайланди. Табриклаймиз!

*****

Ўзининг суҳбатида: “Ўзбеклигимдан фахрланаман” – дея мағрурланган таразлик Тўлқин ака Қурбонов янги раис ким бўлишидан қатъий назар, Қозоғистонда истиқомат қилаётган ўзбек миллатининг мавқеини оширадиган инсон бўлсин, дея гап бошлади.

Тўлқин ҚУРБОНОВ, фирма раҳбари:
– Икромжон Ҳошимжоновдан кўп эзгу ишларни кутиб қоламан. “Дўстлик” ҳамжамиятини шундай бошқарсин-ки, ушбу давр ҳамманинг ёдида қоладиган бўлсин. Қозоғистонда истиқомат қилаётган биз – ўзбекларнинг иқтисодий-ижтимоий аҳволимиз анча яхши, Оллоҳга шукур қилишимиз керак. Тилагим: янги раҳбар мана шу фаровонликни мустаҳкам ушлаб турсин. Барчамизнинг ишларимизда омадлар ёр бўлсин!
Абдураҳим ПРАТОВ, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, “Ижодкор” адабий бирлашмасининг раиси:
– Янги раис холисона тарзда, раисликка ўта олмаган миллатдошларимиз билан биргаликда, маслаҳатлашган ҳолда иш олиб боради, деган ниятдамиз. Бирлашган ўзар, дея бекорга айтилмаган-ку, ҳар ҳолда…
Ҳа, кўпчилик ҳам Абдураҳим ака каби фикрлайди. Кўпдан қуён қочиб қутулмас, деганларидек, “Дўстлик” ҳамжамиятининг янги раиси Икромжон Ҳошимжонов кўпчилик билан ишлашнинг тарафдори бўлса, ҳали замон Оллоҳ насиб қилса, биз – ўзбеклар Ойга нарвон қўйиб чиқамиз. Янги раис ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашнинг қай даражада уддасидан чиқади, буни вақт кўрсатади.

Қурултой охирида собиқ раис Ғофур Қосимов барча меҳмонларни Сайрам даҳасидаги “Қозоғистон” тўйхонасига ошга таклиф қилди.
Ҳа, дарвоқе, 26 ноябрь қўшалоқ байрам куни бўлди. Жамбил вилояти ўзбек этномаданият марказининг раиси Баҳром Мўминов ҳам, айнан 26 ноябрь куни туғилган кунини нишонлади. Ғофур Қосимов у кишини таваллуд айёми билан қутлар экан, Жамбил вилояти ўзбек этномаданият маркази томонидан олиб борилаётган ишларга юқори баҳо бериб, келгусида ишларида зафарлар тилади. Биз “Жануб жарчилари” газетаси таҳририяти жамоаси номидан Баҳром Мўминовни туғилган куни билан қутлаймиз. У кишига узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаймиз.
Ғофур Қосимов ҳам ёмон ишламади. Унинг олти ярим йил давомида бажарган ишлари билан қурултой куни танишдик. “Дўстлик” ҳамжамиятига раис бўлиб фаолият кўрсатгани учун миннатдорчилик тариқасида янги раис Икромжон Акром ўғли унинг елкасига миллий тўн ёпиб, оиласига тинчлик, осойишталик тилаб, биргаликда ишлашда давом этамиз, дея ният билдирди. Албатта “Бирлиги ярашган” Қозоғистонда биргаликда ишлаш керак! Ана шундагина ишларимиз янада самарали бўлади!

Эътибор САЙФИДДИН қизи.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ