
Ассалому алайкум, севимли газетамиз ижодкорлари ва муштарийлари! Миллий қадриятларни ёш авлодга тўла-тўкис етказиб бериш, улар қалбида урф-одатларимизга нисбатан бўлган қизиқиш, ҳурматни янада ошириш мақсадида ушбу ҳафтанома томонидан “Шарқона тарбия – бебаҳо хазина!” рукни фаолиятини бошлади. Бугун мен ҳам газетанинг бундан аввалги сонларида чоп этилган мақолаларга қўшимча тарзида ушбу мактубимни йўлладим.
Миллий қадриятларимиз бахтиёрлик, гўзаллик, меҳр-оқибатлилик тимсолларидир. Уларни асраб-авайламоқ ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади. Инсон умрининг ортга қайтмас бебаҳо лаҳзаларидан унумли фойдаланиб қолайлик.
Ўзбек халқимиз, азалдан миллий қадриятларимизга бой бўлган, ўтмишда боболаримиз, момоларимиз ўзимизнинг табиий сурма, хинолардан фойдаланишган. Ўзбек қизлари, аёллари адрас-у атласлардан тикилган либосларни кийишганида уларнинг ял-ял товланишини бир кўринг-а… Мазкур матолардан тикилган либосларнинг шундай сеҳрловчи жозибаси бор-ки, қараганни ҳам қарамаганни ҳам ўзига жалб этади, айниқса келинчаклар уларни кийганларида бирам очилиб кетадилар-ки — буларни таърифлашга тиллар ожиз.
Лобар-латофатли қизларимиз ўзга хонадонларга узатилиб кетаётганларида дилларни ларзага солувчи ёр-ёр қўшиқлари айтилади, сурнайнинг юракни доғ қилувчи наволари ёр-ёр қўшиқларига жўр ва ҳамоҳанг бўлади.
Пайғамбарнинг қизини Али олган, ёр-ёр,
Ёр-ёр айтиб, қиз узатиш шундан қолган, ёр-ёр.
Йиғлама қиз, йиғлама, тўй сеники, ёр-ёр,
Остонаси тиллодан уй сеники, ёр-ёр.
Қат-қатлама, қатлама, қатламадур, ёр-ёр,
Қизни олиб, янгалари отланадур, ёр-ёр,
Оқ сут берган онаси рози бўлсин, ёр-ёр,
Игнам учи синганда сўккан онам, ёр-ёр.
Энди кимни сўкасиз, жоним онам, ёр-ёр
Бир ташвишдан қутулдим, дерсиз онам, ёр-ёр
Пайғамбарнинг қизидай бахтли бўлсин, ёр-ёр
Қайнюртнинг қадрини баланд тутгил, ёр-ёр
Шунда сенинг иқболинг баланд бўлгай, ёр-ёр
Ота-онанг номига раҳмат келгай, ёр-ёр
Дўппи кийган йигитнинг бахти бўлсин, ёр-ёр!
Шу кундан бошлаб, келин аталаётган қизнинг кўз ёшлари сел бўлиб оқади, бу қизлик уйидан кетаётган қизнинг сўнгги кўз ёшлари. Оллоҳим, қизларимиз бахтли бўлишсин!
Карнай, сурнайларнинг жарангдор овозлари ила ўзга хонадонга келин тушганида катта-ю кичик оиланинг янги аъзосини қаршилашга пешвоз чиқади. Айниқса болаларнинг қувончларининг чеки йўқ.
Бўй етган қизларимиз келинчакка ҳавас ила қарашади, она-момоларимиз келинчак устидан тангалар, ширинликлар сочишади, орзиқиб кутилган дамлар келиб, аммалар келинга исириқ тутатиб, келин салом бошланади.
Тоғ-у тошни гул қилган,
Икки ёшни бир қилган.
Келин салом берадур,
Ҳаё билан эгиладур.
Салом-салом, келин салом,
Аввало, Худога салом!
Аввал эслаб, Оллоҳни ёд этайлик ёронлар,
Ўтганларнинг руҳини шод этайлик ёронлар.
Келин салом берадур, ҳаё билан эгиладур,
Салом-салом, келин салом, ушбу хонадоннинг,
Ўтиб кетган авлод-аждодоларига салом!
Дарвозасин кенг очган, мол-у дунёсин сочган,
Келин салом берадур ҳаё билан эгиладур,
Салом-салом, келин салом, қайнотасига салом!
Оппоқ рўмол бошида, жойнамози қўлида,
Юрса йўлга ярашган, ўтирса тўрга ярашган,
Келин салом берадур, ҳаё билан эгиладур,
Салом-салом, келин салом, опа-момоларига салом!
Меҳмон келса хуш деган, меҳмонхона бўш деган,
Келин салом берадур, ҳаё билан эгиладур,
Салом-салом, келин салом,
тоға-амакиларига салом!
Амма хурсанд, ҳамма хурсанд,
амма келди ҳамма келди,
Келин салом берадур, ибо билан эгиладур,
Салом-салом, келин салом, аммаларига салом!
Отга селган иликдай, қош-у кўзи пиликдай,
Келин салом берадур, ҳаё билан эгиладур,
Салом-салом, келин салом, холаларига салом!
Аълоларнинг аълоси, доноларнинг доноси
Оналарнинг аълоси – куёв йигитнинг онаси,
Атлас кўрпа тахлаган, келинимга, деб сақлаган,
Келин салом берадур, ибо билан эгиладур,
Салом-салом, келин салом, қайнонасига салом!
Сочини қиё тараган, қизлар ўтса — қараган,
Келин салом берадур, ҳаё билан эгиладур,
Салом-салом, келин салом, қайниларига салом!
Токчадаги атирдай, иси ширин патирдай,
Келин салом берадур, ҳаё билан эгиладур,
Салом-салом, келин салом,
қайнсингилларига салом!
Йигитларнинг сардори, келин боланинг хумори,
Келин салом берадур, ҳаё билан эгиладур,
Салом-салом, келин салом, куёвтўрага салом!
Паст девордан қараган, тўй қачон, деб сўраган,
Келин салом берадур, ҳаё билан эгиладур,
Салом-салом, келин салом, қўшниларига салом!
Эгнидаги миллий либослари товланиб, юзини ҳарир-ла ўраб олган латофатли келинчак минг бор таъзим айлаб, қайнюртига бир умрлик садоқатли, вафоли келин бўлишини таъкидлайди…
Илоҳим, келинларимизнинг қалбларидан, юзларидан ҳаё пардалари кетмасин! Раҳмат оладиган келинлардан бўлишсин, қўшгани билан қўша қаришсин!
Бу онажонларимизнинг пурмаъно гапларида олам-олам маъно мужассам, илло, авлодимизни давом эттирувчилар келинларимиздир.
Ҳар қайси аёл зоти бордир-ки, тилларида алла қўшиғи янграсин! Оллоҳим ҳеч бир аёл зотини ушбу қўшиқдан бебаҳра қилмасин!
Алла айтай, жоним болам,
Ухлаб қолгин, алла.
Алла айтай мен сенга,
Ором олгин, алла.
Тол ичиндан танлаб олган,
Толигавкарим, алла.
Гул ичиндан ҳидлаб олган,
Гулисафсарим, алла.
Сув ичиндан танлаб олган,
Тоза гавҳарим, алла.
Кўзимнинг нури бўлган,
Белимнинг қуввати бўлган,
Жоним болам, аллаё,
Ухлаб ором олгин болам, алла.
Хонлар билан хонланган,
Хонзода болам, алла.
Ухла, болам, алла-ё,
Жоним болам, алла!
Алла қўшиғининг ёқимлилигини, сеҳрлилигини таърифлашга тил ожиз. Алла тинглаб ўсган фарзандларимиз меҳр-муҳаббатли, диёнатли бўлиб улғайишади.
Бир нечта ёш келинчаклардан: “Алла айтишни биласизми?” – дея сўрасам: “Йўқ” – дея жавоб беришди-я. Очиғи, мен уялдим уларнинг бундай сўзларига.
Биз – катталар ушбу қадриятларимизни ёшларимизга ўргатиб боришимиз керак. Мен бу ёзганларимнинг барчасини ёшлигимда ўрганганман.
Дунёга келган ҳар бир гўдак алла тинглаб улғайсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлиб алла айтиш биз – аёлларни тарк этмасин, иншооллоҳ!
Гулбаҳор ПАРПИЕВА,
жамоатчи мухбир.

