Алоқа | Обуна

“Иммунитетни оширинг, бола соғлом бўлади”

Гулбаҳор ИСОҚОВА

Маълумотларга кўра, боғча ёшидаги болакайлар йил давомида ўртача 12 марта шамоллар экан. Айниқса, томоқ оғриғи, бурун битиши ва гайморит каби касалликлар тез-тез учраб туради. Куз ва қиш фаслида улар жуда авж олади.
Касалликнинг узоқ давом этиши ва тез-тез қайталаниши қандай жиддий асоратларга олиб келади? Боланинг қайта-қайта шамоллаши унинг иммунитети билан боғлиқми? Бунинг олдини олиш мумкинми?
Шу каби саволлар билан Сайрам туман “Қорабулоқ”  поликлиникасининг педиатр-шифокори Гулбаҳор ИСОҚОВАга мурожаат қилдик.

– Инфекция ва бактерияларга қарши танамизда ўзига хос иммунитет тизими курашади, – дейди шифокор. – У ҳар бир аъзода шаклланган бўлиб, бир ёшгача бўлган чақалоқларга онадан сут орқали ўтади ва натижада болада табиий иммунитет ҳосил бўлади. Бу эса уни турли касалликлардан ҳимоя қилади. Туғилгандан сўнг болада сунъий иммунитет ҳосил бўлиши учун у профилактик тарзда эмланади ва шу тарзда турли юқумли касалликлардан ҳимояланади.
Бир ёшгача бўлган болалар орасида тез-тез шамоллашларнинг кузатилиши, онанинг ҳомиладорлик вақтида шамоллаш, анемия каби касалликларга беэътибор бўлгани билан ҳам боғлиқ. Ҳомиладорлик пайтида тўғри овқатланмаслик ҳам бунинг асосий омилларидан саналади.
– Иммунитет пастлигини қандай аниқлаш мумкин?
– Агар бола йил давомида ОРВИ, грипп, бронхит каби касалликларга беш маротаба, баъзан ундан ҳам кўп чалинса;
— болада камқонлик аниқланган бўлса (қонда гемоглобин миқдорининг камайиб кетиши иммунитет тизими фаолиятини сусайтиради);
— хасталикнинг тез-тез қайталаниши ҳамда тузалиш жараёнининг чўзилиши;
— болада кўз атрофи кўкариши, ҳолсизланиш, камқувватлик кузатилса;
— жигарнинг катталашиши сезилса;
— тез-тез аллергик касалликларга чалинса;
— дисбактериозга мойиллик бўлса,  иммунитет пастлиги кузатилади.
Юқоридаги ҳолатлардан бири  мавжуд бўлса, дарҳол ши-фокорга мурожаат қилиш зарур. Ўз вақтида даволаш  боланинг саломатлигини тезда тиклашга ёрдам беради.
Мутахассис маслаҳати
Биринчи навбатда болани мунтазам равишда шифокор-педиатр кўригидан ўтказиш керак. Унинг умумий аҳволига қараб, махсус тиббий анализлар (қон таҳлили ва бошқалар)ни топшириш талаб этилади. Бу билан бола ички органида юз бераётган ўзгаришларни вақтида аниқлаш мумкин. Болалар орасида кўп учраб турадиган гижжа ва унинг бошқа турлари иммун тизимига салбий таъсир кўрсатади.
Шунингдек, бола саломатлигини мустаҳкамлаш учун унинг кундалик таомномасига тўйимли ва калорияга бой маҳсулотларни қўшиш мақсадга мувофиқдир. Булар:
♦ гўшт ва сабзавотлар;
♦ мевалар;
♦ денгиз маҳсулотлари;
♦ тухум;
♦ дармондориларга бой табиий шарбатлар;
♦ сут маҳсулотлари.
Шамоллаш бошланган пайт-да болани зудлик билан шифокорга кўрсатиш,  зарур муолажаларни олиш унинг тезда соғайиб кетишини таъминлайди.

Дилноза ҲАСАНОВА
ёзиб олди.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ