
“Инсон одоби билан” – дейди доно халқимиз. Ҳар бир шахс, миллат, қолаверса, халқнинг қиёфаси, унинг ўз маънавий мероси, миллий қадриятларига муносабати билан белгиланади. Одоб, ахлоқ, тарбия – ҳар қайси халқининг илдизлари – ана шу уч муҳим мезондан таркиб топган.
Бир замонлар бир киши улуғ олимдан: “Бола тарбиясини қачон бошлаш керак?” – дея сўраганида, олим қизиқибди: “Бола туғилганига қанча бўлди?” Сўраган киши: «Туғилган кунига фалон кун бўлди” – деса, олим унга: “Тарбияни бошлашга кечикибсиз” – деган экан. Бу билан олим боланинг тарбиясини у онанинг қорнида пайдо бўлганиданоқ бошлаш керак, демоқчи. Она ҳомиладор пайтида овқатланишда ҳам, юриш-туришда ҳам барча ҳаромлардан сақланиши даркор. Оила азолари ҳомиладор аёлга соғлом бола туғилиши учун керакли шарт-шароитларни яратишлари зарур.
Бола соғлом ва тетик туғилгач, мўмин-мусулмонлар боланинг қулоғига азон ва такбир айтишлари шарт. Яна ота-онанинг фарзанд олдидаги ҳақларидан бири – унга яхши исм қўйиш. Янги туғилган боланинг танглайини кўтариш ҳам ота-онанинг бурчи ва болаларнинг ҳаққидир. Шариат таълимотларига кўра, таваллудининг еттинчи куни боланинг сочини олиб, ўша соч оғирлигида кумуш садақа этмоқ тавсия қилинади. Соч бошдан ажратиб олинганлиги учун, ушбу маросим “ақиқа” дейилади. “Ақиқа” еттинчи, ўн тўртинчи ва йигирма биринчи кунлари ўтказилади ва унда ўғил болага иккита бир-бирига ўхшаш, қиз болага битта қўй сўйиб, гўштлари фақир ва мискинларга, қўни-қўшниларга берилади. Гўшт пишириб, одамларни чорлаб, зиёфат берилса ҳам бўлади.
Агар юқорида таъкидланган кунлари “ақиқа” қилишнинг имкони бўлмаса, имкони топилганда қилинаверади. Янги туғилган фарзандга “ақиқа” қилиш отанинг фарзанд олдидаги бурчидир. Шунингдек, фарзандни эмизиш ота-онанинг бурчи, боланинг ҳаққи. Эмизиш онасининг вазифаси. Онага эмизишга шароит яратиш отасига юкланади. Эмизиш муддатини Оллоҳ таоло Қуръони Каримнинг “Бақара” сурасида шундай дея марҳамат қилади: “Оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизурлар”.
Шариатимиз қонунларига асосланиб, ўғил болаларни хатна қилдириш, яъни суннатга ётқизиш, отанинг бурчи ва боланинг ҳаққидир. Хатна муносабати билан жонлиқ сўйиб, зиёфат уюштириш ёки бизларча суннат тўйи қилиш – шариат қоидаларига хилоф иш эмас!
Пайғамбаримиз (с. а. в.) туғиладиган ҳар бир бола соф табиат билан, Оллоҳ таолонинг динини қабул қилиш қобилияти билан туғилиши ҳақида хабар беради. Оллоҳ таоло ҳеч кимни, аввалдан сен яҳудий, насроний ё мажусий бўласан, дея мажбур қилмайди. Одамларни ота-онасигина яҳудий, насроний, мажусий қилади.
Қуръони Каримнинг “Ал-Исро” сураси 24-оятида ота-оналик ҳуқуқини қозониш учун болалар туғиш ва туғдиришнинг ўзи кифоя қилмай, балки уларга таълим-тарбия бериш муҳим шартлардан эканлиги уқтирилган. Аввало таълим-тарбия ва одоб масаласида ота-оналарнинг ўзлари болаларга яхши намуна бўлишлари лозим.
Таълим-тарбия, одоб, дейилганида мен: эрталаб тургандан сўнг, болалар билан ўтириб, наҳорлик қилиш, уларнинг эси кириб, ўнг қўл, чап қўлни фарқлай билиши билан калима, намоз ўқиш қоидаларини эринмай, қунт билан ўргата бошлашларини тушунаман. Тарбия жараёнида болаларни жеркимаслик, ҳар нарсага аччиқланавермаслик, уларга ширин сўзли муомалада бўлиш керак.
Фарзандлар 14-15 ёшга тўлганларида улар билан, ниҳоятда эҳтиёткор тарзда муносабатда бўлмоқ даркор. Болалар мактаб ёшига етгач, ҳар куни уларни мактабга насиҳат бериб жўнатишни одат этмоғимиз, дарсларни ўзлаштиришларини мунтазам кузатиб боришимиз зарур. Устозларга гап қайтарма, деб ўргатиш керак. Бу билан мен болага, фақат мактаб таълим ва тарбия беради, демоқчи эмасман. Тарбияни, асосан ота-оналар, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар ва жамият беради. Шу ўринда ҳозирги ёшлар тарбияни кимдан ўрганишди, деган савол туғилади.
Эрталаб масжиддан қайтаётганимизда мактабга кетаётган қизларнинг кийим-бошларини кўриб, ҳайратга тушасан, киши. Бирлари ерга судралган кўйлакда, бирлари тор юбка ёки шимда, айримлари тиззадан юқори лозимда. Гўёки саҳнада балет рақсига тушадиганлар каби. Баъзи муаллималарнинг кийимларини кўриб эса, улар мода кўрсатишга кетишаётибдими, дея ўйлаб қоласан…
Фарзандларимизнинг замонавий кийинишлари-ю кўчалардаги хулқ-атворларини кўриб, уларнинг ота-оналарининг ўзлари таълим-тарбияга муҳтожмиканлар, дея ўйлайсан, киши. Булар жуда муҳим ва масъулиятли масалалардир.
Бундай муаммоларнинг пайдо бўлишига: уй қураман, машина оламан, данғиллатиб қиз чиқараман, ўғил уйлайман, дея фарзандлар уйқудан кўз очмай ишга кетиб, ухлаганда келиб, хотинни бозор-ўчарга югуртириб, фарзандларнинг катта бўлиб қолганликларини сезмай, лоқайдлик қилаётганимиз сабабмикан?
Болаларнинг катталарига уйдаги ишларни бўлиб бериб, кечқурун натижасини суриштирсак, яхши бўларди. Шўролар даврида ўқувчилар учун алоҳида мактаб формалари, муҳандис ва зиёлиларнинг ўзига хос кийимлари бўларди. Ҳозир ҳам шунга риоя қилиш тўғримикан?
Эндиликда, нафақат шаҳар кўчаларида, балки қишлоқларимизда ҳам миллатимизга ёт ҳолатларни кўрмоқдамиз. Кап-катта опа-сингилларимиз калта, кесик юбкалар, шаффоф кўйлаклар-у шимларда қоматларини кўз-кўз қилиб юришмоқда. Бу ҳолатлар учун улар на тортинишади, на ийманишади? Ўзларини замонавий билишиб, ҳатто мағрурланишмоқда. Аслида замонавий, дегани нима ўзи?
Замон – Оллоҳники, у ўзгариб, бошқача бўлиб қолгани йўқ, лекин инсонлар ўзгаришди.
Агар замонавийлик янгилик маъносида англашилаётган бўлса, унда шайтоннинг йўлидан юришлар, ўзгаларга тақлид қилиб, жаҳолат ботқоғига ботишлар эскирмадимикан? Ҳар қандай янгилик асирлари ҳақиқий янгиликка – Оллоҳнинг динига, тоатига қизиқиб кўрмайдиларми? Янгича фикр юритиб, Оллоҳ уларни нега яратгани, ақл-идрокни нечун бергани, яшашдан мақсад не эканини янгичасига ўйлаб кўрсалар мақсадга мувофиқ бўлмасмикан?
Ҳурматли опа-сингилларим, гўзал қизларим! Ушбу сатрларни ўқиб, муаллиф аёллардан нафратланиб юрган экан-да, дея ўйлаб қолманг! Мутлақо ундай эмас! Мен ёшига мос, қоматига ярашган, шариатимизга тўғри келадиган ҳолатда кийинган аёлларни ҳурматлайман, эъзозлайман, қадрлайман!
Яна фарзандларимизни ички ва ташқи мувозанатда ушлаб туриш учун уларни китоб ўқиш, театрларга бориш, газета-журналлар билан дўст бўлишга одатлантириш лозим. Уларнинг дўстлари, синфдошлари, суҳбатдошлари ким эканини кузатиб, дўст танлашда адашмасликларини тайинлашимиз даркор.
Ота-оналар фарзандлари билан очиқ суҳбатлар ўтказиб туришса, фойдадан холи бўлмайди. Кимдир келин танлашда унинг чиройини ўлчов қилиб олади, бошқаси бўлажак келиннинг мол-ҳолига, учинчиси насл-насабига қизиқади. Шунингдек, куёв танлашда ҳам кимдир мансабига, гоҳи бойлигига, баъзилар куч-қувватига ва чиройига қизиқадилар. Шунинг учун ёшлар ўзларидан катта кишиларнинг ҳаёт тажрибаларига асосланиб, йўл тутсалар, фарзандларимиз бахтли бўлсалар ажаб эмас. Қуйида мавзумизга дахлдор ҳикоятни айтиб ўтмоқчиман.
Эрон шоҳининг қизи Шаҳрбонуни араблар асир олиб, Арабистонга олиб кетишганида уни куёвга бермоқчи бўлишади. Шунда Шаҳрбону: “То куёвни кўрмагунимча унга хотин бўлмасман” – дейди. Унга Ҳазрати Умарни кўрсатганларида: “Бу бағоят улуғ ва муҳташам кишидур, аммо қаридир” – дейди. Ҳазрати Алини кўрсатишганида эса: “Бу бағоят улуғ ва муҳташамдур, менга муносибдур, лекин мен эрта қиёматда Фотима-ю Заҳродан шарм қилурман, бу жиҳатдан уни қабул қилмасман” – деди. Ундан сўнг ҳазрати Имом Ҳасанни кўриб, деди: “Бу менга лойиқдур. Аммо кўп хотин олибдур. Бу сабабдан уни ҳам қабул қилмасман”. Охири, Имом Ҳусайнни кўриб, Шаҳрбону деди: “Бу киши менга муносибдур. Мен шу вақтга қадар эрга текканим йўқ. У ҳам шу вақтга қадар уйланмаган экан”.
Фарзандларимиз юқоридаги ҳикматнинг мағзини чақсалар, ақл юритсалар, ундаги ибратларга амин бўлишади.
Барчани муносиб турмуш ўртоғини танлашда Оллоҳ тўғри йўлдан адаштирмасин!
Эркин АБДУНАҚИБОВ,
“Жануб жарчилари” газетаси жамоат кенгашининг раиси.

