Алоқа | Обуна

Астана – илм ва фан маскани!

Astana

Илм ва фан инсоният учун асосий ривожланиш воситаси бўлиб ҳисобланади. Вақт ва замоннинг ўзгариши билан тараққиёт омиллари ўзгариб туриши мумкин, лекин илм ва фан – буюк ва асосий куч.
Қозоғистон Республикасининг жадал тараққий этиши уларнинг ҳамнафас ривожланишини талаб этади. Ёшларга теран билим ва тарбия бериш, уларнинг онгини ўстириш, замонга мослаш, мустақил фикр юритишга ўргатиш – таълим соҳасидаги асосий вазифалардир.
Республикамизнинг деярли барча мактабларида ёшларнинг замонавий ва янги технологиялар асосида билим олишига шарт-шароитлар яратилган. Лекин ҳозирги кунда, яъни замон, фан ва техника кундан-кунга ривожланаётган паллада, ёшларнинг қўшимча мустақил билим олиши муҳим аҳамият касб этади. Бу – келажак авлоднинг рақобатбардош ва кучли мутахассис бўлиб етишишида асосий омиллардан бири.
Ёшларга қўшимча ва чуқур билим бериш учун турли ўқув марказлари фаолият юритмоқда. “NiK” ўқув маркази – ана шундай масканлардан саналади.
У ўз фаолияти давомида улкан натижаларга эришди. Жумладан, ёшларни ЯМТга тайёрлаш, хориж тилларини ўргатиш, чет давлатларнинг олий ўқув юртларига йўлланма бериш ва бошқалар. Ушбу ўқув даргоҳининг таъсисчиси Бадриддин Нишонқулов ёшларнинг пухта билим олиши ва келажагига улкан ҳисса қўшиб келмоқда.
“Куч – бирликда”, деганларидек, Бадриддин Нишонқулов вилоят миқёсида ўқув марказлари ҳамжамиятини қуриш таклифини киритганди. Ушбу таклифни Сайрам туманидаги “НиК”, “Лидер” ва Шимкент шаҳридаги “Эрудит” ва “Global Eduaction” ўқув марказлари қўллаб-қувватлашди. Ҳамжа-миятнинг асосий мақсад ва йўналишлари – ёшларга билим беришда ўзаро тажриба алмашиш, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, ўқувчилар учун турли шаҳарларга саёҳатлар ташкил этишдан иборат.
Жорий йил ноябрь ойида таъкидланган ўқув марказларидан жамланган ўқувчилар пойтахтга саёҳатга боришди. 50 ўқувчидан иборат  жамоа Астана шаҳри бўйлаб 4 кунлик саёҳат давомида унинг диққатга сазовор жойларида бўлди, олий ўқув юртлари билан яқиндан танишди ва мириқиб ҳордиқ чиқарди.
Ўқувчилар “Назарбаев университети”, Л. Гумилев номидаги Евроосиё миллий университетларида бўлишиб, уларнинг ҳаёти билан тўлиқ танишишди. Ушбу олийгоҳларда билим олаётган Сайрам туманининг ёшлари саёҳатни уюштиришда улкан ёрдам беришди.
Шунингдек, улар Қозоғистон Республикасининг Миллий музейида бўлишиб, давлатимизнинг ривожланиши, тарихий ёдгорликлари ва замонавий Қозоғистон акс эттирилган лавҳалар билан танишишди.
Саёҳат давомида олинган таассуротлар ўқувчилар онгида катта из қолдирди ва уларда келажакка катта ишонч уйғотди. Бу эса уларнинг ўз мақсадларига етишида,  албатта, наф беради.

Хайрулла
ИСМОИЛОВ.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ