Камина Жанубий Қозоғистон вилояти маслаҳатининг депутати Бадриддин Икромжон ўғли Нишонқуловни таниб-билганимга кўп ҳам бўлмади. Лекин инсонни уқиб олишда унинг биргина ҳаракати етарли, дейилади психологияда. Айни боис ҳам, мен у ҳақида шундай фикрга келдим: “Бадриддин ишлайман, деган ҳақиқий ўзбек йигити!”

Унинг қайтмас ҳаракатлари, аниқ ва пухта режалари, келажакни ўйлаб тутган йўли менинг унга бўлган ҳурматимни оширди, қизиқишимни орттирди, ҳавасимни келтирди. Қани, энди ҳар бир туманда, вилоятда мана шундай ғайрат-шижоат эгалари бўлса эди — яшашимиз, ҳаётга бўлган кўзқарашимиз, ҳозиргига нисбатан анча илгарилаб кетган бўлармиди?
Менинг Бадриддинга бундай таъриф беришимга у билан бирга бир қанча тадбирларда иштирок этишим сабаб бўлди. ҚР Халқи ассамблеясидаги ўтиришлар, турли тадбирлар, шулар жумласидан, ҚР “Дўстлик” ҳамжамияти раисининг ўтказган биринчи йиғилиши ҳамдир. Ўша йиғилиш давомида шунга амин бўлдим-ки, ушбу йигит ўзгалар сингари, шунчаки, бўй кўрсатиб, иштирокчи сифатида қатнашиб кетишни кўзламаган, аксинча, раис томонидан айтилаётган ҳар бир фикр ва таклифга аниқлик киритиб, “Ким? Қандай? Нимага?” саволларига жавоб олишни мақсад қилган.
Фаол тарзда савол бериб, унга қониқарли жавоб олишда бу йигитга тенг келадигани топилмади. Мен унга қойил қолдим. Ўз ўзини ҳурмат қилиб, ўтган ҳар бир дақиқасини қадрлайдиган инсон мана шундай бўлиши керак. Йиғилишга келдими, демак, у шу ердан ўзига тегишли бир маълумотга эга бўлиши ва ўз талабларига жавоб ола билиши керак.
Умрим бино бўлиб, бундай: халқим, деб яшайдиган, миллатим, деб жон куйдирадиган фидокор йигитни, очиғи, учратмаганман. Бундайлар минг-мингдан битта! Шундай экан, мен ушбу йигитни, нафақат вилоят ўзбек этномаданият маркази раислигига танлаган бўлардим, балки бундан-да юқори лавозимларга лойиқ санардим. Чунки унинг “ишлайман” деб турган нигоҳлари, тинимсиз ҳаракатлари, эришган ютуқлари, пухта тузилган режалари, саралаб олган ишбилармонлик касб-корлари буни исботлаб турибди.
Қай жиҳатдан қараманг: Бадриддин Икромжон ўғли ўз ишининг устаси. Унга қандай вазифа юкламанг, қайси лавозимга сайламанг — сиз кутган натижа икки баробар самара бериши аниқ. Унга, фақат халқининг ва миллатдошларининг шаксиз ишончлари, қўлловлари керак, холос!
Абдураҳмон ЗАЙНУДДИНОВ,
Тараз шаҳри.

