Бу йил 14 февралда неча-неча қалбларда армон қолдирган даҳшатли афғон даласидан совет қўшинларининг олиб чиқиб кетилганига 28 йил тўлди.

Ана шу урушда Оқсувкент қишлоғининг мард ўғлони, номи бир умр дилларимизда сақланувчи Баҳодир Наметов ҳам иштирок этиб, душман ҳужуми оқибатида мардларча ҳалок бўлди. Ушбу инсоннинг номини хотирлаш мақсадида Сайрам туманининг маркази — Оқсувкент қишлоғидаги Баҳодир Наметов номли 82-сонли мактаб жамоасининг ташаббуси билан футбол бўйича турнир ўтказилди.
Ўзаро баҳсларга тўла ўтган футбол ўйинларида Б. Наметов номидаги 82-сонли, Абилайхон номидаги 93-сонли, Титов номидаги 97-сонли, 94-сонли ва Қорабулоқ қишлоғидаги 104-сонли мактабларнинг устозлари куч синашишди.
Ўйин натижасига кўра, биринчи ўринни 104-сонли мактаб ўқитувчилари, иккинчи ўринни Б. Наметов номидаги 82-сонли мактаб ва учинчи ўринни Абилайхон номидаги 93-сонли мактаб устозлари эгаллашди.
Мусобақа ғолибларига, жумладан: 1-ўринга 10 000 тенге, 2-ўринга 7 000 тенге ва 3-ўринга 6 000 тенге миқдорида пулли совғалар ва фахрий ёрлиқлар тақдим этилди.
Ушбу турнирни ташкил этишда жонбозлик кўрсатган Б. Наметов номидаги 82-сонли мактаб директорининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари Шуҳрат ака Қодирқулов Баҳодир Наметовдек инсонни ёдга олиш, унинг қаҳрамонликларини келажак авлодга ўрнак қилиб кўрсатиш лозимлигини тилга олди.
Б. Наметов номи билан аталадиган ушбу билим даргоҳининг илмий ишлар бўйича мудири, афғон урушининг иштирокчиси Ҳабибулла ака Жуманов ҳамда Баҳодир ака Ибрагимов ушбу турнирнинг очилиш маросимида сўзга чиқишиб, бундай осуда турмушимиз учун шукроналар келтиришимиз ва афғон урушида ҳалок бўлган ҳамюртларимиз хотирасига таъзимда бўлмоғимиз кераклигини таъкидлаб ўтишди.
Маъмуржон ЖЎРАБОЕВ, жисмоний тарбия фани ўқитувчиси:
– Футбол ўйинлари жудаям қизиқарли бўлди. Таклиф этганимизда рад қилмасдан, турнирда иштирок этган жамоаларга катта раҳмат, айтамиз.
* * *
Президентимиз Нурсултан Назарбаев ўз Мактубларида соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида кўп насиҳатлар қилмоқда, вазифаларни юкламоқда. Ушбу турнир ҳам ана шу юкланаётган вазифаларга жавоблардан бири бўлса — ажабмас.
ЭЪТИБОР

