Тил – дўстлик элчиси!

Сайдували Темирбаев

“Жануб жарчилари” газетасининг жорий йил 12 январдаги 2-сонида эълон қилинган Сайрам даҳасидаги Ю. Сарёмий номли 107-сонли лицей мактаби директори Б. Нуралиев билан уюштирилган “Она тилини билмаган бола бошқа тилни ҳам мукаммал ўзлаштиролмайди” мавзусидаги суҳбатдан сўнг, газетхонлар таҳририятга мурожаат қилишиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда. Қуйида ана шу мақолада кўтарилган масалаларга алоқадор яна бир мусоҳабани эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

Сайрам тумани маданият ва тилларни ривожлантириш бўлими раҳбари, “Мәдениет қайреткері“ унвони соҳиби, Сайрам туманининг фахрий фуқароси Сейдуали ТЕМИРБАЕВ билан уюштирилган мазкур суҳбат Қозоғистон Республикаси “Тиллар тўғрисида”ги қонунининг амалда қўлланилишига бағишланди.
– Сейдуали оға, авваламбор, сизни “Жануб жарчилари” республика газетаси таҳририяти номидан қутлуғ 60 ёшингиз билан табриклаймиз! Маданият соҳасида 40 йилдан ортиқ самарали фаолият кўрсатиб келаётган жонкуяр сифатида ҚР “Тиллар тўғрисида”ги Қонунининг амалда қўлланилиши ҳақида нима дейсиз?
– Табрик учун раҳмат! 20 йил мобайнида ўзим туғилган Қазиғурт туманида маданият ва санъат жабҳасида ишладим. Сўнгра, 1996 йилда “Вилоят халқ ижодиёти маркази” директори этиб тайинландим. Бирмунча муддат вилоят маданият бошқармаси раҳбарининг ўринбосари вазифасида ҳам меҳнат қилганман. Орадан бироз вақт ўтгач, Сайрам тумани маданият ва тилларни ривожлантириш бўлими раҳбари лавозимига таклиф этишди. Мана, қарийб ўн йилдан буён мазкур вазифада баҳолиқудрат хизмат этиб келмоқдаман.
Саволингизга келадиган бўлсак, Асосий Қонунимизнинг 20-моддаси 2-бандида: “Ҳар ким она тили ва маданиятидан фойдаланиш, алоқа тили, тарбия, ўқиш ва ижод қилишни эркин танлаш ҳуқуқига эга” – дейилган. Шунга мувофиқ, туманда яшовчи турли миллатларнинг вакиллари учун ўз она тилларида билим олиш имкониятлари яратилган.
Миллий этномаданият марказлари, ўзларининг она тиллари, маданиятлари, урф-одатлари ва қадриятларини ривожлантириш борасида режа асосида турли тадбирларни ўтказиб, ушбу ишга сезиларли ҳисса қўшиб келишяпти. Айниқса Сайрам тумани ўзбек этномаданият маркази фаоллари айни борада пешқадамдирлар.
– Тилнинг ривожланишида таълим масканларидаги бадиий жиҳозлар, пештоқлардаги ёзувлар, кўргазмали ахборотларнинг аҳамияти катта. Айтинг-чи, таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларда улар қайси тилда ёзилади?
– Саволингиз  ўринли. Қозоғистон Республикаси “Тиллар тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддасига биноан, мактабларнинг ҳудудларидаги, жумладан, пештоқлардаги ёзувлар, шиорлар давлат тилида ва ўзбек тилида ёзилади. Мактабларнинг паспортлари давлат тилида ва расмий тилда ёзилади.
Бундай ҳолларда давлат тилидаги ёзувлар чап томонда ёки устки тарафда, ўзбек тилидаги ёзувлар эса, ўнг томонда ёхуд пастки тарафда жойлаштирилади. Масалан, мактабга кираверишдаги “Қош келдіңіздер!” чорлови чап томонга, “Хуш келибсиз!” чорлови эса, ўнг тарафга ўрнатилади. Заллардаги стендлар қозоқ ва ўзбек тилларида жиҳозланади.
– Қозоғистон Республикаси-нинг Таълим ва фан вазирлиги ҳузуридаги мактабгача тарбия ҳамда ўрта таълим департаменти директори Ж. Жантаева имзолаган хатда: “Ўзбек тилида ўқитиладиган мактабларда барча ахборотлар давлат тилида ва ўзбек тилида ёзилади, фан кабинетларидаги кўргазмали қуроллар ва бошқа воситалар қозоқ ва ўзбек тилларида ёзилади. Шунингдек, ўқув фанига алоқадор стендлар ўқувчиларнинг ўқиш тилида – ўзбек тилида ёзилади” – дейилган. Ушбу хусусда нима дейсиз?
– Тўғри, мен ҳам, айнан шундай фикрдаман. Яна шуни алоҳида таъкидламоқчиман-ки, туман миқёсида ёки қишлоқ ҳокимияти даражасида ўтказиладиган тадбирлар қозоқ, ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. Синф тарбия соатлари эса, ўқув тилида олиб борилиши мумкин. Масалан: қозоқ, рус, ўзбек, инглиз ва ҳоказо тилларда…
– Мазкур масалага ойдинлик киритиб, самимий мулоқотда бўлганингиз учун раҳмат! Сизга ва оилангизга мустаҳкам соғлик-омонлик, дастурхонингизга қут-барака тилайман!

Мусоҳиб: Суннатулла АКРОМОВ,
“Халқ сўзи” жамоат бирлашмасининг раиси.

Изоҳнинг ҳожати йўқ