Алоқа | Обуна

Саёҳат таассуротлари

Халқимизда: “Юрган дарё, ўтирган бўйра” – деган мақол бор. Қанийди, етарли сармоянг ҳамда бемалол вақтинг бўлса-ю эл оралаб, дунёнинг энг диққатга сазовор жойларини яёв кезсанг. Ана шундагина Ватан, унинг бепоён сарҳадлари-ю ҳамюртларнинг қадрини биласан…
Ўтган ойда севимли газетамиз “Жануб жарчилари” таҳририятининг ташаббуси билан вилоятимиз ижодкорлари ва фаоллари дунёнинг 10 та кўҳна шаҳарларининг бири саналмиш Самарқанд шаҳрига яна бир бор саёҳат уюштиришди. Ушбу қадимий тарихий масканни неча бор кўп кўрсанг-да, шунча кам туйилаверади.
Самарқанд сўзининг луғавий маъноси обод шаҳар, демакдир. Дунёнинг етук тарихчилари Самарқандни тамаддун (цивилизация) бешиги, дея бежиз улуғламаганлар. Илло, Зарафшон дарёси воҳасида тош давридан бери одамлар ғорда яшаганлар…
Биз Самарқанд шаҳрига кираверишда, дастлаб Ал-Бухорий мақбарасини зиёрат қилиб, ислом оламида валийлик даражасига эришган, ҳадис илмининг асосчиси, буюк аллома бобомизнинг руҳи покларига Қуръон тиловат қилдик.
Менинг назаримда, ушбу мажмуадаги бетакрор қурилган обидалар шаҳар ичидаги шаҳарчага ўхшар экан.
3 кунлик зиёрат давомида биз Махдуми Аъзам Жалолиддин ўғли (1461-1542), Улуғбек расадхонаси, Шоҳи зинда, Шайх Ҳожи Аҳмад (Амир Темур қурдирган), Ҳусайн ибн Аббос (XI-XII асрлар), Ширинбека (Амир Темурнинг ёлғизгина синглиси, ХIV аср), Амир Темур, Муҳаммад Султон (Амир Темурнинг набираси), Ислом Каримов (2017 йил) ва бошқа кўплаб тарихий обидалар-мақбараларнинг тарихлари билан танишдик.
Самарқандлик гид (туристларга шаҳарнинг хушманзара жойларини кўрсатиб, тушунтириб юрувчи шахс) Шораим ака ҳар бир обиданинг яратилиш тарихини асосли қилиб, тушунтириб борди. Шораим ака, асли ҳуқуқшунос, тарихий китобларни жуда кўп ўқиган инсон экан. У кишининг хушмуомалалиги, нутқининг равонлиги, аксарият тарихий саналарни ёддан билиши бизларни ҳайратлантирди.
Тарихда чалкашликлар кўп, баъзи бир қардошларимиз Самарқанд шаҳрида 15 йил ҳокимлик қилган Амир Баҳодир Ялангтўшнинг миллатини адаштириб ёзаётганликларининг гувоҳимиз. Мазкур борада Шораим аканинг ишончли манбалар асосида бизнинг саволимизга берган жавоби ҳаммани қониқтирди.
У киши Амир Баҳодир Ялангтўш аштархонийлар сулоласининг олчин уруғидан, аслзода ўзбек эканлигини таъкидлади. Аштархонийлар ҳозирги астраханлик ўзбекларнинг бобокалонлари эканликларини далиллади. “Астра” – Ҳожи Тархон. У зот, эндиликдаги Астраханни қурган. Шу билан бирга, у ерда тенги йўқ карвонсарой ҳам тиклаган. У кишини рус давлатида ҳам, Марказий Осиёда ҳам таниқли савдогар сифатида яхши билишган.
Астрахан хонлиги 1556 йилда рус давлатига қўшиб олинган. Айни пайтда ҳам Астраханда аштархонийларнинг авлодлари умргузаронлик қиладилар.
Амир Баҳодир Ялангтўшнинг қабри Махдуми Аъзам мақбарасига қўйилган. Ушбу улуғ ҳаммиллатларимизни зиёрат қилиш пайтида “Дўстлик карвони” саёҳатчилари билан бирга бўлдик. У ерда ҳам Қуръон тиловат қилинди.
Саёҳатимизнинг биринчи куни кечки таом тановули пайтида самарқандлик ишбилармон Умар ака, шаҳарнинг собиқ ҳокими ва бошқа расмий кишилар билан учрашдик. У ерда концерт ва машварат уюштирилди. Бу ердаги икки эл дўстлигини куйловчи кеча жуда файзли давом этди.
Саёҳат мобайнида гуруҳ раҳбаримиз Гулираъно Расулова тотли ва ширин таомлар билан барчамизни меҳмон қилди.
* * *
Яқинда вилоятимизда туристик фирмалар раҳбарларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Мазкур учрашув “Қайнар” меҳмонхонасида уюштирилди. Хитой, Ўзбекистон, Қирғизистон давлатларидан келган туризм соҳаларининг раҳбарлари учрашувининг асосий мақсади мамлакатлараро туризмни янада яхши йўлга қўйишдан иборат эди.
Мана шунга жавобан, “NiK” корпорациясининг раҳбари, вилоят маслаҳатининг депутати, вилоят ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг раиси Бадриддин Нишонқулов вилоятда биринчи бўлиб, “Дўстлик карвони”ни уюштириб, Қозоғистон ва Ўзбекистон давлатлари халқларининг дўстлигини янада мустаҳкамлаш ишига катта ҳисса қўшди.
Миллатдошларимиз орасидан етишиб чиққан қўли ҳамда кўнгли очиқ Бадриддин Нишонқуловдай йигитларимизнинг, Гулираъно Расуловадай қизларимизнинг сонлари бундан-да ортаверади, дея ишонамиз. Уларнинг эзгуликларга тўла ишларига зафарлар тилаб қоламиз.

Суннатулла АКРАМОВ,
вилоят “Халқ сўзи” жамоат бирлашмасининг раиси,
вилоят “Чашма” ижодий уюшмасининг раҳбари.

Изоҳнинг ҳожати йўқ