
Маълумот: Тоҳир Дўсметов 1982 йилда таваллуд топган. 5 — синфгача Тўлебий туманидаги М. Ҳ. Дўлатий номли мактабда ўқиб, сўнгра, Қорамурт қишлоғидаги Гагарин номли мактабни тугаллаган. 1999 йили М. Авезов номли ЖҚДУга ўқишга кириб, “Жисмоний тарбия фани ўқитувчиси” ихтисослигини эгаллаган. Меҳнат фаолиятини қишлоқдаги 1 — сонли гимназияда ўқитувчиликдан бошлаб, 2008 йилдан тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган.
Тоҳир Дўсметов жорий йилнинг май ойидан мазкур гимназия директори этиб тайинланди. Янги раҳбарнинг янги ўқув йилидаги иш режалари ҳақида сўраганимизда, у қуйидагича жавоб берди:
— Тоҳиржон Ҳасан ўғли, мазкур лавозимга тайинланишингиз билан табриклаймиз! Ишни нимадан бошладингиз?
— Гимназиямиз 1990 йилда қурилган. Лекин шу вақтгача тўла таъмирдан ўтказилмаган экан. Жорий йил туман бюджетидан ажратилган 43 миллион тенгега тўла таъмирдан ўтказилди. Мазкур даргоҳни турли йилларда ҳар хил раҳбарлар бошқаришган. Аввало, уларнинг тажрибасини ўрганишни мақсад тутдим. Қолаверса, мендан олдин шу лавозимда ишлаган Абдураим ака Маннонов билан маслаҳатлашиб тураман, у киши йўл — йўриқ кўрсатиб, ёрдамини аямайди.
Ҳозирги кунда гимназиямиздаги 416 ўқувчига 68 нафар устоз таълим беради. Шулардан 12 нафари – олий тоифали, 12 нафари – биринчи ва 28 нафари – иккинчи тоифали муаллимлардир. Улар ўқувчиларга замон талаблари асосида таълим ва тарбия бериш йўлида изланишмоқда.
— Малака ошириб келибсиз. Қандай янгиликлар кўрдингиз?
— Жамоамизда тажрибали устозлар кўп. Улар замон талаблари асосида, янги технологиялар асосида дарс беришади. Ўқувчиларга юқори сифатли билим бериш учун шарт — шароитлар яратилган. Гимназияда мультимедиа, лингафон ва лаборатория кабинетлари мавжуд. Жумладан, кўп йиллардан бери фаолият кўрсатиб келаётган пешқадам мураббийларимиз жамоамизнинг фахрларидир.
Чимкент шаҳридаги педагогик маҳорат марказида малака ошириб келдим. Ўрганган янгиликлар ва тажрибаларимизни, албатта ҳаётга татбиқ этамиз.
— Битирувчиларнинг ЯМТ ва МТга қатнашиш натижалари қандай бўлди?
— Жорий йил якунига кўра, гимназияни тамомлаган 21 нафар битирувчи ЯМТ ва МТ топширишди. Ўртача кўрсаткич 75,5 баллни ташкил этди. 8 нафар ўқувчи грант соҳиби бўлди. Учта битирувчимиз “Үздік аттестат” олди. Бу – Сайрам туманидаги мактаблар орасида яхши натижадир.
Гимназиямиз ўқувчилари турли фан олимпиадалари ва танловларда юқори натижаларни кўрсатишмоқда. Жумладан, ўқувчилардан Гулчеҳра Тошпўлатова инглиз тилидан, Оқила Муҳиддинова рус тилидан, Наргиза Ниғматжонова эса, “Абай ўқувлари”да туман миқёсида 2 — ўринни олишга мушарраф бўлишди. Муаллимамиз Жайна Жумақулова “Қозоқ тилини ўқитишнинг илғор услубияти” номинациясида туман миқёсида 2 — ўринни эгаллади.
Тумандаги таълим муассасаларининг устозлари иштирокида уюштирилган “Өнерлі ұстаз” танловида ҳамкасбларимиз Собитдин Ҳожиев ва Дилноза Юнусова қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритишди.
Шунингдек, туман миқёсида ўтган фан олимпиадасида 10 — синф ўқувчилари Рўзимат Аҳмедов метематикадан 1 — ўрин, 11 — синф ўқувчилари Доно Тоҳирова химиядан, Нилуфар Маҳбубекова ўзбек тилидан 2 — ўрин, Нурзод Абдураҳмонов эса, географиядан 3 — ўринни эгаллашди.
37 нафар ўқувчимиз “Ақбота” ва 2 нафар ўқувчимиз “Русский медвежонок” сертификатларини олишга муваффақ бўлишди. Янги ўқув йилида ҳам бундан-да юқори натижаларга эришамиз, деб ўйлайман.
— Суҳбат учун ташаккур! Ушбу ўқув йилида жамоангизга муваффақият ва омад тилаймиз!
З. АҲМАДЖОНОВ суҳбатлашди.

