Алоқа | Обуна

Кичкина, деманг бизни!

Спорт оламида: спорт билан шуғулланиш учун ёш танланмайди, деган ибора кенг тарқалган. Ҳамма ёшда ҳам инсон ўзининг севган спорт тури ёки соғлом турмуш тарзи билан бўш вақтларини банд қила олиши мумкин.
Сайрам даҳасидаги 12-сонли спорт мактабида стол тенниси билан шуғулланган ёшлар орасидан кўплаб ажойиб спортчилар етишиб чиққанлиги аввалдан маълум. Кейинги йилларда мактабда стол тенниси бўйича саккиз нафар ўғил-қизларимиз “Спорт устаси” унвонига сазовор бўлишди, қанчалари турли даражадаги мусобақаларда вилоятимиз, республикамиз спорт шарафини муваффақиятли ҳимоя қилиб келишмоқда.
Бунда мактабнинг стол теннисидан олий тоифали устоз-мураббийси, халқаро даражадаги ҳакам Мирёқуб ака Мирослановнинг хизматлари таҳсинга лойиқ. Бу борада мактабимизнинг иқтидорли ўқувчиларининг бир қанчалари Алмати шаҳридаги иқтидорли болалар учун очилган спорт интернатида таълим олишиб, ўзларининг спорт маҳоратларини ошириб, дунё бўйлаб юртимизнинг номини достон қилиб юрганлари ҳам кам эмас.
Ана ўшалардан бири, ёшгина қизалоқ, Шимкент шаҳрининг Бозорқопқа даҳасидаги Е. Юсупов номли мактабнинг ўқувчиси, шу кунларда Алмати шаҳридаги спорт интернатида таълим олаётган, стол теннисидан спорт усталигига номзод 12 ёшли Сарвиноз Мирқодирова ҳақида фахр билан гапиришимиз мумкин.
Сарвиноз ўтган давр мобайнида тенгдошлари орасида ўтказилган кўплаб мусобақаларда ғолиблар ва совриндорлар орасидан жой олиб келмоқда. Бу йилги ёзги таътил кунлари қозоғистонлик бир гуруҳ теннисчи спортчилар сафида Хитойнинг Тайбей, Шанхай шаҳарларида ва Люксембургда ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинларида тўлиғи билан қатнашиб, дунёга таниқли устоз-мураббийлардан сабоқ олди, у ерлардан олам-олам таассуротлар билан она юрти Сайрамда кичик дам олиш учун қайтди.
Янги ўқув йили олдидан умидли теннисчи билан суҳбатда бўлиб, унинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқишга тўғри келди. Қизалоқ, қарийб олти йилдан бери устозлари — Мирёқуб Мирослонов, Мирҳамид Мирқодиров, Рустам Миросланов ҳамда Евгений Тимченко қўлида таълим олиб келмоқда.
Ёш теннисчимиз ўзининг асл мақсади келажакда катта, йирик мусобақаларда Қозоғистонимизнинг спорт шарафини ҳимоя қилиш, устозлари ва ота-онасининг ишончларини оқлаш эканлигини яширмайди. “Бўш вақтларимда расм чизишни ёқтираман, келажакда эса, спорт соҳасининг мутахассиси бўламан” – дейди у.
Шунингдек, айниқса Люксембург шаҳридан олган тарихий таассуротларидан жуда мамнун эканлигини зўр қизиқиш билан маълум қилади.
Орзуга айб йўқ, дейди халқимиз, келажаги порлоқ спортчи қизчамизнинг ширин-ширин орзулари рўёбга чиқишига биз ҳам шерик бўлайлик, умид билдирайлик. Янги ўқув йили Сарвиноз ва у каби ёшларимизга қувонч ва шодлик, ўқишда ва спорт соҳасида кўплаб ютуқлар олиб келсин.

И. ТОЖИБОЕВ.
Сайрам даҳаси.
Шимкент шаҳри.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ