
Шу мавзуни қўзғар эканмиз, яна ва яна ўтмишга бориб тақаламиз. Негаки, сўнгги пайтларда ёшларнинг айби билан кўпгина болдай тотли-ю фариштадек бегуноҳ болалар ота-она меҳрига зор бўлиб қолмоқдалар. Олдинлари эса, бундай ҳолатлар сони кам эди. Чунки ўша даврдаги қариялар, бувиларимиз-у буваларимиз вақтида ёшларнинг ақлини киргизиб, уларга тўғри йўл кўрсатиб, панд-насиҳат бера олардилар.
Энг асосийси шунда-ки, ёшлар ота-оналарини эшитар ва улар чизган чизиқдан чиқишни ўзлари учун уят билардилар. Эндиликда эса, бари — аксинча, фарзандлар ўз ота-оналарига хоҳлаганларича чизиқ чизмоқдалар.
Сўлиган гулнинг гўнги яхшимас, деганларидек, вайрон бўлаётган оилаларнинг ҳам таги номустаҳкамдир. Сабаби: у ерда на ишонч, на меҳр, на вафо бор.
Янги оила даргоҳига оёқ босар экан, ҳар бир инсон чуқур ўйланиши керак. У, авваламбор, шу оила ва рўзғор ишларини ўз бўйнига олишга руҳан ва жисман тайёр бўлмоғи лозим. Икки ёш шундайин бўлиши керак-ки, барча оила шов-шувларини қалб қабрига кўма олиб, юраги ёмон нарсадан яхши нарсани ишлаб чиқармоғи керак. Ана ўшанда оила девори мустаҳкам бўлади, ана ўшанда бахт қуши хонадон меҳмони бўлади, ана ўшанда фарзандлар меҳрга зор бўлмай, кўкси тиниқ ўсади.
Даданинг оилада тутган ўрнини инсоннинг кўзларига, қўлларига таққослайман. Худо ҳар бир инсонга икки кўздан, икки қўлдан, икки оёқдан берган. Шунга ўхшаб, ҳар бир инсонни ҳам ўз жуфти билан яратган. Ҳатто-ки, барча жониворлар-у ҳашаротлар ҳам ўз жуфтларига эга. Жуфтсиз киши бахтсиз киши, десак ҳам адашмаймиз.
Инсоннинг якка ўзи ҳеч нарсага эришолмайди, чунки уни табиат шундай яратган. Бир кўзингиз кўрмай қолса, дарров дунё сизга қоронғилашади, иккинчиси кўриб турса-да, барибир, ён-атрофингизнинг ярмини кўрасиз-у ярмидан йироқ бўласиз. Қўлингизнинг бири ишлаб, иккинчиси ишламаса ҳам шундай аҳвол, ҳар қанча уринманг, бир ишнинг уддасидан ёлғиз ўзингиз чиқолмайсиз, ишларингиз тўкин бўлмайди, барибир, қандайдир кемтиклик сезилиб туради.
Энди айтинг-чи, оилада ҳам шундай ҳолат юз берса, отанинг ўрни бўшаб қолса, она ёлғиз ўзи қандоқ қилиб, рўзғор юритади, оила боқади ва, умуман, қандоқ қилиб, фарзандларини ота меҳрисиз вояга етказади? Бу жуда мушкул иш.
Жамиятимизда икки жуфт ажрашиб, она билан бола ёлғиз қолган оилалар жудаям кўп. Улар орасида ўз меҳнати ва кучи билан ҳаётда ўз ўрнини топиб кетганлар ҳам оз эмас. Лекин юрагининг бир ҳовучида совуб қолган ота ўрни ҳали-ҳанузгача исимаган, она қанча меҳр-муҳаббатини аямаса-да, ота меҳрини қўмсаб ўтганлар-у ўтаётганлар қанчадан қанча.
“Меҳрга муштоқ кўнгиллар” ҳикоясини ўқир эканман, жамиятимизда юз бериб турувчи муаммоларни кўз ўнгимга келтирдим. У ерда, нафақат битта балким ундан кўп муаммолар бор. Энг бош муаммо ота меҳрига зор бўлган жажжи қизалоқ бўлса, кейингиси эса, куёвнинг калтафаҳмлиги, ота-онасини ўйламаслиги, ароққа берилганлиги, икки жуфт орасидаги ишончсизлик ва қизнинг ўз хоҳишисиз турмушга чиққанлигидир.
Мени охирги пайтларда қаттиқ ўйлантириб қўйгувчи яна битта ммуаммони қўзғамоқчиман, бу ҳам бўлса, ана шу ҳикоямиз сатрларида акс эттирилган. Бу – катталарнинг узоққа бормайлик, дея ўз қариндошларидан яқинларига куёв ёки келин топишларидир.
Албатта ота-оналарнинг бу ишларига сабаб бор, яъни бегона кимсадан қиз олиб ё ўғлини топиб, адашиб қолмайлик, яхшиси, таниган-билган инсонларимиз билан қуда бўлайлик, деган ўйда шу ишга боришади ва қизларни ҳам бехоҳиш турмушга беришлари ҳам шу сабаблидир. Агарда қизнинг севгани бўлиб, ўша йигитнинг оиласини ўзларига хуш кўришмаса ҳам, дарров қиз барча алоқаларини узишига тўғри келади.
Бундай ҳолатларда мен ота-отаналаримиз бу ҳаракатлари билан бизларни яхши кўрмасликларини билдиришаяпти, дея айтолмайман, чунки ота-она фарзандига ҳеч қачон ёмонлик тилай олмайди ва тиламайди ҳам. Шунчаки, ёшлар ҳали ҳаёт қисматларини кўрмаганлари учун, уларни тўғри йўлга солиб қўйгилари келади, холос.
Лекин шуни ҳам ёзишга мажбурман, ана шу қариндошлар орасидаги қудачиликка келсак, ҳикоямиздаги ажрашган жувоннинг келинойиси ўз акасини, дея қайнсинглиси билан анча сўзга келиб қолади. Албатта келинойиси ўз акасининг айбини тан ололмайди, чунки у унинг жигарбанди, яқини. Албатта ҳаммамиз қандайин можаро юз бермасин, яқинимизга ёндашиб турамиз.
Шундай экан, бундай ҳолатда бир эркакнинг айби, дея бирқанча инсонларнинг ораларига совуқчилик тушиб турибди. Кимлардир икки ўт орасида, ўз жигари-ю ва ўз рафиқаси ўртасида. Агарда ёшларни, дея икки қуда довлашса, бу катта кулфатдир. Негаки, эртанги кун улар қариндошчиликни ҳам, қудачиликни ҳам батамом унутиб қўйишади. Бир-бирларидан совуб, ўз фарзандларини ҳам узоқлаштиришади ва бу ҳодиса асрлар бўйи давом этиб кетса, қариндошчилиг-у қондошчилик ипи узилди, деган гап.
Айтишингиз мумкин: ҳамма оилаларда ҳам бундай ҳодиса рўй беравермайди-ку — деб, тўғри, ҳамма жойдамас, лекин уриш-жанжалсиз оила йўқ, ҳамма жойда ҳам қандайдир шов-шувлар бўлиб туради, шундай пайтларда ўз яқинингизга бирон аччиқ гап айтсангиз, бу жудаям қаттиқ тегади ва илгариги илиқ муносабатларингиз бузилиши мумкин.
Фақат шуни билиш керак-ки, ўзга бир хонадонга кўз қўйишдан олдин, унинг таг-тугини суриштириб, тарбияли оила эканлигига кўз етказа олсангиз, фарзандларингиз ҳаётида адашмайсиз, дея ўйлайман.
Ота меҳрига келсак, йигит ота бўлишидан аввал оталикнинг масъулиятини сезиши ва болага бўлган меҳр-муҳаббат ширасини қалбидан ажратиши керак. Ҳар бир йигит оила пойига қадам босаркан, фарзанд кўришга ҳам ўзини тайёрлаши керак. Чунки фарзандли бўлиш — оддий ўйинчоқни сотиб олиш эмас. Бу жудаям катта куч талаб этувчи, янги ҳаётнинг дастлабки пиллапоясидир.
Шундай экан, йигит киши оилада энг катта роль ўйнайди. Оилада йигит боғбон ролини ўйнаса, аёл шу боғнинг гули ва фарзандлар эса, меваларидир. Энг яхши ва хушбўй гуллар ҳам, мевалар ҳам уларни ўстираётган боғбонга боғлиқ.
Агарда йигит киши ўзи ишламаса, зиёнли ичимликларга берилса, аёлини рашк қилиб, унга қўл кўтарса, албатта ҳеч бир аёл бунга чидай олмайди. Бу ҳодисаларга гувоҳ бўлаётган фарзандларнинг эса, руҳий аҳволи шикастланади, улар, албатта меҳрга муштоқ бўлиб ўсишади, негаки, эркак ва аёлнинг ҳар доим уриш-жанжалдан бошлари чиқмаса, яхши кайфиятда бўлишмаса, албатта уларнинг қалбида қоронғилик ва хасталикдан меҳрга жой қолмайди.
Ҳаёт қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, унда ёруғлик ва янги имкониятларга йўллар очиқ. Биз нима айтсак ҳам, қилсак ҳам — барчаси Худонинг изм-у ихтиёрида. Бугун бахтини топмаган инсон, келажакда бахтини топиши мумкин.
Ҳаёт – бумеранг, деганларидек — ҳар бир инсонга ўз қилган қилмишлари айланиб, қайтиб келади. Кимдир ундан сабоқ олади, кимдир эса — таёқ.
Барча жажжи ширинтойларга тиларим эса: уларни Тангрим ўз ота-оналаридан айирмагай! Барчаси меҳр-у муҳаббатга тўйиб ўсгай! Имонли, инсофли дадалар сони кўпайгай!
Индира ҚАЮМОВА,
Шимкент шаҳри.

